Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция бундай ваҳшийликка кўз юма олмайди

Франция бундай ваҳшийликка кўз юма олмайди

Хайрихоҳлик рамзи: Эйфель минораси – Украина байроғи рангларида.

 Фото: Reuters

Украина ҳудуди, хусусан, Буча шаҳрида Россия қўшини томонидан содир этилган ваҳшийликларга Франция томошабин бўлиб тура олмайди. Бу ҳақда мамлакат Европа ва ташқи ишлар вазирлиги, ички ишлар ҳамда адлия вазирликлари томонидан тарқатилган, «Жазосизликка қарши кураш» деб аталган қўшма коммюникеда сўз боради.

Қайд этилишича, Франция Украина ҳамда бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ҳарбий жиноят деб баҳолаш мумкин бўлган мудҳиш ҳатти-ҳаракатларни жазосиз қолиб кетмаслиги учун қатъий чоралар кўради.

Аввал хабар берганимиздек, Украина ҳарбийлари Киев вилоятининг Буча шаҳрини қайтариб олгач, жанговар ҳаракатлар давридаги энг мудҳиш манзаралардан бирига дуч келди. Маҳаллий ҳокимият вакилларига кўра, шаҳарнинг кўплаб мавзеларида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган.

Бучадаги мудҳиш ҳолатни халқаро ҳамжамият, жумладан, Европа Иттифоқи қоралади. 

Маълум бўлишича, Франция президентининг топшириғига кўра Украинадаги ҳарбий жиноятларни ўрганишда расмий Киев ва Халқаро жиноий судга (ХЖС) кўмак кўрсатиш учун ваколатли  тузилмалар сафарбар қилинган. Хусусан, Бучадаги қирғин ортидан Украинага Франция ички ишлар вазирлигининг техник гуруҳи юборилган. Суд-тиббиёт эксперти ва криминология бўйича мутахассислардан иборат гуруҳ ҳарбий жиноятларни ҳужжатлаштириш, умуман, тергов-суриштирув жараёнига ёрдам беради. Улар портловчи моддаларни ўрганишдан тортиб ДНК намуналарини тадқиқ этишга қадар – мураккаб йўналишлар бўйича малака ва тажрибага эга мутахассислар саналади. Бундан ташқари, тезкор генетик таҳлил учун  LAB’ADN деб аталган сайёр лаборатория сафарбар этилмоқда.

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Украина сўровига кўра Россия мансабдор шахсларига нисбатан эҳтимолий оғир жиноятлар юзасидан суриштирув-тергов бошлаганидан хабарингиз бор.

Франция бу жараёнга кўмак мақсадида Халқаро жиноий судга икки нафар судья-прокурор тузилмаси вакили ҳамда 10 нафар терговчи юборган. Шунингдек, маҳкама узлуксиз фаолият юритиши учун йиллик бадалга қўшимча равишда 500 минг евро маблағ ажратган.

«Франция Европа Иттифоқи кенгаши раиси сифатида яқин кунларда Брюсселда аъзо давлатлар ва ЕИ тузилмалари, хусусан, Европа полиция хизмати ва Европа адлия агентлигининг Украинадаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларни тергов қилиш ва очиш борасида ҳиссасини мувофиқлаштириш бўйича ўз ташаббусини тақдим этади. Қадриятларига содиқ қолган ҳолда, Франция бу каби ваҳшийликларга асло кўз юммайди», – дейилади қўшма баёнотда.

Аввалроқ Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан ҳам Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари, хусусан, Буча шаҳридаги оммавий бебошликларни кескин қоралаган эди. Франция бош дипломати босқинчилик урушини тўхтатиш учун Россияга иқтисодий ва халқаро босимларни кучайтириш лозимлигини таъкидлаганди.

Расмий Париж уруш олови ичида қолган мамлакатга гуманитар кўмак кўрсатиш борасида ҳам фаоллик қилмоқда. Ҳозирга қадар Украинага Франциядан тонналаб озиқ-овқат ва дори-дармон, тиббий ускуналар, шунингдек, ўнлаб ўт ўчириш, тез ёрдам ва қутқарув машиналари, коммуникация воситалари юборилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг