Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Франция ҳарбий атташеси: «Яқин келажакда снайпер соҳасида Ўзбекистон бутунлай мустақил бўлади»

Франция ҳарбий атташеси: «Яқин келажакда снайпер соҳасида Ўзбекистон бутунлай мустақил бўлади»

Ўзбекистон ва Франция снайперлари ҳамкорлигидаги машғулотлар якунида Франция Қуролли Кучлар вазирлигининг Ўзбекистондаги ҳарбий атташеси подполковник Жан-Мари Холтцингер Ўзбекистонда икки йилдан буён ўтказилаётган «Снайпер кундалиги» дастури ва мазкур соҳанинг истиқболи ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда ҳарбий журналист капитан Ғайрат Мадраҳимов хабар берди.

— Дунё харитасига қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарадош. Ушбу давлатнинг шимолига тўғри келадиган айрим ҳудудларда террорчи кучлар ҳаракатлари кузатиляпти. Шунинг учун Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳар доим терроризмга қарши курашишга қобилиятли бўлиши керак. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун муҳим, — дейди ҳарбий атташе подполковник Жан-Мари Холтцингер. — Ўзбекистонда икки йилдан буён «Снайпер кундалиги» дастури бўйича ҳамкорликда машғулотлар олиб борилмоқда. Жами 24 нафар қатнашчидан 8 нафари учинчи босқичга муваффақиятли ўтди. Бу нормал ҳолат. Улар учинчи босқичдан сўнг снайпер тайёрлаш бўйича ўзбек армиясининг илк йўриқчилари бўлади. Яқин келажакда снайпер соҳасида Ўзбекистон бутунлай мустақил бўлади. Мазкур машғулотни ташкил этиш бўйича хориж легионларида, жанговар ҳаракатларда қатнашган илғор мутахассисларни жалб қилганмиз. Биз бошқа мутахассислик бўйича ҳам Мудофаа вазирлиги билан ҳарбий ҳамкорлик қилишни мақсад қилганмиз. Мен яна бир бора хориж легион вакилларига ташаккур билдирмоқчиман.

Ушбу ҳамкорликдаги машғулотларда янгилик сифатида икки кишилик снайпер гуруҳлари ҳаракати (ҳозирга қадар ўзбек армиясида бир снайпер ҳаракатини кузатиш мумкин эди), кўриш учун шароит ёмон бўлган тақдирда автомобил ёки бино ортидан ҳужумга ўтиш, ҳаттоки объектга яқинлашиб, яқин масофадан пистолетдан отиш машқлари бажарилди.

Бундан ташқари, отилган ўққа таъсир этувчи шамол, ҳаво ҳарорати, порох зарядининг зижлиги ва нишонгача бўлган масофани аниқлаш каби (омиллар) масалалар янги формулалар асосида(одатда бизда эскича формулалар мавжуд, янгичаси зарар қилмайди) ҳисобланган.

Шундай қилиб, Марказий ҳарбий округдаги «Фориш» тоғ полигонида Франция Қуролли Кучларини элита(махсус вазифаларни бажарувчи) 13 ярим бригадасининг ҳарбий хизматчилари капитан Жан-Гама Тоер, катта сержант Лаша Сулакаури ҳамда Миксил Кокашвили томонидан ўзбек снайперларига 2019 йил ҳисобидан иккинчи босқич тайёргарлик синовлари ўз якунига етди.

«Снайпер кундалиги»дан:

— Снайпер кўзлари билан ўйлайди.
— Кўз мерганни асосий иш органи. Уни асраб-авайлаш лозим.
— Ҳар қандай оптика (кузатув мосламаси) кўзни чарчатади. У тез-тез кўзлари билан дам олиши лозим.
— Снайпернинг ҳиссиётларга берилишга ҳаққи йўқ.
— Жанг майдонида тўрт нафар аскардан фақат биттаси рақибни тўғри нишонга олади. Қолганлар эса «шовқин эффекти»ни ҳосил қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг