Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фукуяма Украина уруши собиқ Иттифоқ давлатларига қандай таъсир этишини айтди

Фукуяма Украина уруши собиқ Иттифоқ давлатларига қандай таъсир этишини айтди

Россия томонидан Украинага қарши олиб борилаётган уруш хотимаси нафақат минтақа, балки бутун дунёга таъсир кўрсатади. Бу ҳақда АҚШнинг Стэнфорд университети профессори Фрэнсис Фукуяма анъанавий Ялта Европа стратегияси (YES) учрашувида гапирган.

Таниқли сиёсатшунос босқин, аввало, собиқ СССРнинг Россия билан чегарадош мамлакатларига салбий таъсир этади деб ҳисоблайди.

«Агар Россия урушда ғалаба қозонса ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларини сақлаб қола билса, Грузия, Молдова ва Қозоғистон каби мамлакатларнинг ҳар бири тезкор таъсирни ҳис этади. Зеро, Россия уларнинг суверен ҳудудларига даъво қилмоқда. Умид қиламанки, бу давлатлар эркин демократияни равнақ топтириш йўлида давом этади», – дейди олим.

Босқин хотимаси Жануби-Шарқий Осиёда ҳам кучли акс садо беради.

«Яқингача Хитой Тайванга қарши куч ишлатиши ва ушбу мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ағдариб ташлашини минтақада ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмас эди», – дейди Фукуяма.

Қайд этилишича, рус босқини қандай якун топиши АҚШдаги ички сиёсий жараёнларга ҳам ўз ҳукмини ўтказади. Москванинг қўли баланд келгудек бўлса, юмшоқ авторитар модель ёки «темир қўл» бошқарувини ёқлаётган ўнг сиёсий кучларнинг куни туғади.

Аввалроқ профессор Фукуяма American Purpose нашрида чоп этилган мақоласида Украина уруши юзасидан 12 банддан иборат башорат ва тавсиялари билан ўртоқлашган эди. Олим, хусусан, Россия Украина заминида мағлубиятга учраши, бу эса глобал демократиянинг ўлими ҳақидаги тахминларга йўққа чиқариши ҳақида гапирган эди.

70 ёшли Ёсихиро Фрэнсис Фукуяма  – япон миллатига мансуб Америка файласуфи, сиёсатшунос, сиёсий иқтисодчи ва ёзувчи. Дунё бўйлаб шов-шув уйғотган «Тарихнинг тугаши ва сўнгги одам» бестселлери муаллифи.

Фукуяма уруш бошланган илк кунларда Путин ҳарбий ҳаракат бошлагани сабабини ҳам изоҳлаган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг