Ғарбга саёҳат – «Орол туризми» доирасида Оролбўйи муаммоларига бир назар
Шу кунларда Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Туризм қўмитаси ташаббуси билан «Орол туризми» ҳафталиги ўтказилмоқда. Мана шу ҳафталик аввалида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Гапнинг очиғи, ўзимга қолганда сувни исроф қиладиган ҳар қандай одамни мана шу конференцияда бошидан охиригача ўтиришга мажбур қилган бўлардим. Кунига икки маҳал тиш тозалаётиб, сувни шариллатиб оқизиб қўядиган, битта эркатой машинасини ювиш учун юзлаб литр сувни исроф қиладиган ва ҳар уч кунда бассейнига тонналаб сув қуядиган ҳар бир одам борки мана шу конференцияда бошидан охиригача ўтириши керак эди. Орол фожеаси ҳақида гапирила бошланганига 40 йилдан ошди, аммо эшитадиган одам жуда кам.
Мана шундай исрофчилар учун бирозгина фактлар келтирсак:
- Орол денгизининг йўқолиши ўтган асрнинг 80-йилларида бошланган бўлса, шундан буён минтақадаги исиш тезлиги икки бараварга ошиб кетди. Яъни, бутун дунёда бошланган глобал исиш жараёни Оролбўйида икки баравар тезроқ кечмоқда. Қўрқинчлими?
- Қуруқ иссиқ давр интенсивлигининг ортиши ўз навбатида текислик ва тоғ олди ҳудудларида буғланишнинг кучайишига олиб келди. Яъни, тоғлардаги булоқлар бежиз қуримаяпти, дегани бу...
Ёғингарчиликли кунлар сони пасайиши билан бирга ёғингарчиликнинг юқори ўзгарувчанлиги рўй бермоқда. Агар қишда қор ёғмасдан, ёз ўртасида бирдан жала қуйиб юбораётган бўлса, у ҳам глобал иқлим ўзгариши натижасидир, дўстим...
- Экстремал ҳодисаларнинг кўпайиши натижасида қурғоқчилик ва сув сатҳининг пасайиши рўй бермоқда.Артезиан қудуқларни тобора чуқурроқ кавлаётганимизнинг сабаби ҳам шунда...
- Глобал исиш натижасида Ўрта Осиё ҳудуди бўйлаб атмосфера намлигини ўтказиш структураси ҳам ўзгаряпти. Натижада Помир ва Тян-Шандаги тоғ музликлари ҳажмининг қисқариши рўй беряпти (йилига 0,2% - 1%). Тоғли дарёлар ҳавзаларида қор захираларининг қисқариш тенденцияси кузатилмоқда, бу эса қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш шароитининг ёмонлашишига олиб келади.
Илмий тадқиқот хулосалари шуни кўрсатадики, 2050 йилга бориб Амударё ҳавзасида дарё оқими ҳажми 10-15 фоизга, Сирдарёда эса 2-5 фоизга камаяди. Минтақада қурғоқчилик йиллари кўпаяди, ёғингарчилик камайиши фонида сувга бўлган талаб кескин ошади. Натижада суғориш меъёрларини 2030 йилгача 5 фоизга, 2050 йилгача 7-10 фоизга ва 2080 йилгача 12-16 фоизга ошириш талаб этилади.
Сувга бўлган эҳтиёжни қондирмаслик ҳосилнинг йўқолишига олиб келиши мумкин, бу эса аҳолининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдиради ва барқарор ривожланишга тўсқинлик қилади.
Унутманг, сувни тежаш деганда шунчаки жўмракни ёпиб юриш тушунилмайди, балки экологияни асраш учун тотал киришиш лозим бўлади. Масалан, қўлингизда еб турганингиз биттагина олмани етиштириш учун 70 литр сув сарф бўлган. Тасаввур қиляпсизми? Уни бир тишлаб, отворадиган бўлсангиз камида шунча сувни исроф қилган бўласиз.
Атрофга бир қаранг, бу яшиллик ғанимат бўлиши мумкин! Экологлар айтмоқчи, бизнинг захирамизда бошқа сайёра йўқ, мана шу Ерни асрашга ҳаммамиз масъулмиз.
Зафар Қосимов
Нукус – Мўйноқ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter