Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Гелик» машинаси ва «емаган» пранк: «тимсоҳнинг кўз ёшлари»га ишонманг

«Гелик» машинаси ва «емаган» пранк: «тимсоҳнинг кўз ёшлари»га ишонманг

foto: xabar.uz, chatgpt

«Ёлғончи чўпон» ҳақидаги эртакни кўпчилигимиз ўқиганмиз. Яъни  зериккан чўпон қишлоқ аҳолисига ҳазил қилмоқчи бўлади. Икки марта қўйларимга бўри келди, дея ваҳима қилади. Қишлоқ одамлари таёқ кўтариб бўрини ҳайдашга келади, лекин чўпон уларни алдаганини билиб қолишиб ғазабланишади. Учинчи марта ростдан ҳам қишлоққа бўри оралаб, чўпоннинг қўйларига ҳужум қилади. Лекин бу сафар чўпон яна бизни ахмоқ қилаяпти деб унга ҳеч ким эътибор бермайди...

Бундай эртаклар ёлғон гапиришнинг оқибати оғир бўлишини, одамлар ишончини йўқотмаслик кераклигини ўргатади.

Куни кеча бир блогер қимматбаҳо машинасининг олд ойналари синдириб кетилгани учун йиғлаб видео қилгани ижтимоий тармоқларда айланди.

   

Кўпчилик бу воқеага жуда ачинди, ҳамдардлик билдирди. Айримлар шундай улуғ кунларда хунук иш қилган одамни ичиқораликда айблашди, қарғашди. Машинаинг эгаси ҳам қарғади... топиб олса кўзини ўйиб олмоқчи ва шарманда қилмоқчи бўлди. Бир кун ўтмасдан эса эр-хотин қариндошлар учун машинанинг ойнасини синдириб кетишди дея пранк қилганини аслида машинанинг ойнасини ҳеч ким синдирмаганини, алмаштириш мақсадлари бўлганини айтиб халқдан ва ички ишлар ходимларидан узр сўради.

 

Қизиғи унинг жуда кўп обуначилари, ихлосмандлари, мухлислари бор, неча йиллардан бери соғломлик ҳақида блог юритади. Савол туғилади, «пранкчи» блогер шу пайтгача наҳотки медиа ва аудитория билан ишлаш қонун- қоидаларидан бехабар? Кечагина қўлига телефон ушлаб блог юритаётган ёш бола бўлса ҳам майли экан... Одамларга асабийлашмаслик, соғлиқни қандай асраш ҳақида маслаҳат берадиган блогер шу куни қанча одамнинг асабини бузди экан, қанча қариндошларида ачиниш ҳиссини пайдо қилди экан, қанча масъулларнинг ҳаловатини ўғирлади экан?!

Бир инсонни бир инсон ҳақорат қилса жавобгарликка тортилади, ёлғон ахборот тарқатса ҳам жавобгарлик мавжуд... Сабаби биринчи ҳолатда ҳақоратланган одам маънавий зарар кўради, иккинчи ҳолатда ёлғон ахборот туфайли хаос юзага келади, қанчадан-қанча одамнинг асаби бузилиб улар ҳам маънавий зарар олади. Энди бу блогер ўзининг пранки билан қанча одамни ахмоқ қилмоқчи бўлди, бўлиб ҳам ўзининг аудиториясидаги унга ихлос қилганларни.

Бундай пранклар жамиятда ишончсизликни оширади ва кўпинча ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Айниқса шундай пранклар билан аудиториясини кенгайтирган блогерлар кўпайиб кетмоқда. Авваллари «пранк» сўзи фақат телефон ҳазилларини англатган. 2000 йилларда бу хорижда жуда оммалашди. Ҳозирда «пранкер»лар нафақат телефон орқали, балки ҳаётда ҳам одамларни алдашмоқда. Афсуски кўп давлатларда, жумладан, Россияда ҳам, пранкерлик учун аниқ модда йўқ. Аммо ёлғон қўнғироқлар ҳақидаги хабарлар учун жиддий жазо мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида бу ҳақда яъни, ўз мулкига қасдан зарар етказиб, лекин ёлғон ахборот тарқатган ва буни шунчаки ҳазилга йўйганликка қандай жазо борлигини... энди буни ҳуқуқшунослар билади.

Бу каби пранклар тўхтатиш учун ҳам балки, аниқ ҳужжат ишлаши керакдир, яъни бу ҳолатда битта узр сўраш камлик қилади. Чунки бундай пранклар одамлар орасида ишончсизликни кучайтиради. Кейинчалик ҳақиқий жабрланувчиларга ҳам ишонмай қўйиш мумкин.

 

Бу ерда блогернинг масъулияти катта эканлиги эътибордан четда қолмаслиги керак, ахир унинг минглаб обуначилари бор ва у жамоатчилик олдида маълум бир масъулиятни ҳис қилиши керак. У жамоат фикрига таъсир қилувчи шахс сифатида жавобгарликни тушуниши лозим.

Блогернинг йиғлаб чиққан видеосига бир қанча одам ачинган бўлса, иккинчи видеодан кейин кўпчилик алданганига, ахмоқ бўлганига ғазабини ва нафратини очиқ ойдин сочишди. Аслида бу ҳам нотўғри. Одамлар бундай воқеаларга тайёр эмаслигидан, медиа саводхонлик даражаси баланд эмаслигидан далолат. Чунки бугунги кунда кўпчилик ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга текширмасдан ишонади. Айниқса, эмоционал видео ва фотолар жуда тез тарқалади ва блогерлар одамларнинг ҳис-туйғуларидан фойдаланади: улар шок, ҳамдардлик ёки ачиниш ҳиссини уйғотадиган контент яратади. Бу эса аудиторияни тезроқ жалб қилиш ва кўпроқ кўришлар олишга хизмат қилади. Айнан мана шундай пранклар, махсус «кликбейт» хабарлар ва шов-шувларга уринишлар жамиятда маълум бир ҳолатга нисбатан ишончсизлик пайдо қилиши мумкин. Бу эса жамиятда ахборотни қабул қилиш жараёнини қийинлаштиради.

Ахборотни текшириш маданияти кучли жамиятларда одамлар ҳар қандай шубҳали хабарни бир неча манбадан текшириб кўради. Масалан, Скандинавия мамлакатларида ёки Германияда одамлар расмий манбаларни ўқишга ва текширилган маълумотларга таянишга одатланган.
ОАВ ва журналистика стандартлари ривожланган жамиятларда блогерлар ва медиада ёлғон тарқатганлар жавобгарликка тортилади. АҚШ ва Европада бундай ҳолатларда ҳатто суд ишлари ҳам бўлиши мумкин.
Журналистика ва блогерлик ўртасидаги фарқни тушунган жамиятларда одамлар танқидий фикрлашга ва ахборотни таҳлил қилишга ҳаракат қилади.

Ўзбекистонда эса ҳали медиа саводхонлик тўлиқ ривожланмаган. Кўпчилик ахборот манбаларини текширишга одатланмаган, балки интернетдаги ҳар қандай маълумотга осон ишониб кетади. Блогерлар ва блогерлик фаолияти ривожлангани билан, уларнинг барчаси ҳам ахлоқий меъёрларга риоя қилмайди.    

Паника, шов-шув, хаос келтириб чиқарган пранкларнинг машҳур ҳолатларидан бири 2019 йилда АҚШнинг Огайо штатида содир бўлган. Бир ўсмир YouTube видеоси учун онасини алдашни режалаштирди. Дўстлари уйга ҳужум уюштиргандай қилиб, юзларига ниқоб кийиб келишди ва страйкбол пистолети ишлатишди. Қўрққан аёл қўшнилардан ёрдам сўради, улар эса полиция чақиришди.

Огайо қонунчилигида бу ҳолат «ваҳима тарқатиш» деб баҳоланди, бу эса жамоатчиликка зиён етказган деб ҳисобланади. Ҳуқуқбузарларга 180 кун қамоқ ва жарима берилди.

Огайода яна бир даҳшатли воқеа рўй берди. Икки блогер йўлдаги «Тўхтамай ҳаракатланиш тақиқланган» белгисини шаффоф плёнка билан ёпиб қўйишди. Оқибатда икки автомобиль тўқнашди ва икки кекса аёл ҳалок бўлди. Пранкерлардан бири 4 йил, иккинчиси эса 8 ой қамоқ жазосини олди.

Фақат АҚШ эмас, Европада ҳам пранкерлар жавобгарликка тортилади. 2017 йилда испаниялик блогер Кангуа Рен шов-шувга сабаб бўлган. У бир одамга крем ўрнига тиш пастаси солинган печенье бериб, бундан завқланган видеони YouTubeга жойлади. Бечора одамнинг аҳволи ёмонлашган.

Блогер жабрланувчидан узр сўраб, унинг қизи орқали 300 евро бермоқчи бўлди, лекин иш судга етди. Натижада, блогер 15 ойлик қамоқ ва 20 минг евро жаримага тортилди.

Россияда пранкерлар кўпинча «безорилик» моддаси билан жазоланади. Масалан, Тюмень шаҳрида ҳимоя костюмида одамларни коронавирус юқтирган деб қўрқитган пранкерга маъмурий жазо берилди.

Умуман ҳазил, видео олиш, машина миниш, унинг ойнасини ўзгартириш ўз йўлига, лекин шундай улуғ кунларда «машинамнинг ойнасини кимдир синдириб кетибди», деб бошқаларда бошқаларнинг нафратини кучайтириш, эътибор тортиш ва ҳатто масъул идораларни чалғитишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўша блогер бу билан нимага эришди? Пранк қиламан, деб атрофдагиларнинг ишончини суистеъмол қилди ва ғазабига учради.

Худди уйим ёнди деб алдаган оқибатда ростдан уйи ёниб кетган ёлғончи одам ва қўйларини бўри еб кетган ёлғончи чўпондек эътибордан қолди, эришгани бир дунё ғазаб ва юзи қизариб узр сўраш бўлди.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг