Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Георгий тасмасини таққанлар жазоланади

Георгий тасмасини таққанлар жазоланади

Молдова Республикаси расмийлари 9 май – Ғалаба куни арафасида фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди.

Полиция бош инспекцияси раҳбари Виорел Чернеуцануга кўра, Георгий тасмаси ҳамда Россиянинг Украинага тажовузи рамзига айланган «Z», «V» каби белгиларни таққан фуқаролар жазоланади. Полиция мулозими фуқароларни 9 май тадбирларида қонунчилик талабларига риоя қилишга ундаган.  

2022 йил 20 апрелдан эътиборан Молдовада Георгий тасмаси ҳамда «Z», «V» каби белгиларни тайёрлаш, тарқатиш ва тарғиб этишга чеклов ўрнатилди. Қонунбузарларга жарима ёки мажбурий жамоат ишлари тайинланади.  

2023 йил 9 май байрамида мамлакатда Россия босқинига алоқадор рамз ва тимсолларни намойиш этиш билан боғлиқ 180 та қонунбузарлик қайд этилган. Қоидабузарлар орасида нафақат оддий фуқаролар, парламент депутатлари ҳам учраган.

2022 йили Молдова президенти Майя Санду мазкур белги ва тимсоллар Россиянинг босқинчилик урушини ифодалагани сабаб «тарих чиқиндихонаси»га улоқтирилиши кераклигини айтган.

Кишинёв Кремль мамлакатда давлат тўнтариши ва қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида бонг уриб келади.

АҚШ ҳам Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлаётганидан огоҳлантирган.

Оқ уй фикрича, Кремль Молдовадаги барқарорликни издан чиқариш учун дезинформация, сохта ахборотлардан ҳам фойдаланмоқда.

Ўтган йили Молдова ахборот ва хавфсизлик хизмати Россиянинг 30 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари сайтларига тақиқ қўйди. Ушбу қарор «қора рўйхат»га тушган ОАВ Молдовада конституциявий тузумга қарши ҳаракатлар содир этаётгани, дезинформация воситасида зиддият ва кескинликни келтириб чиқаришга уринаётгани билан изоҳланган.

Москвадан узоқлашув сиёсатини юритаётган Молдова 2024 йил охиригача Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибидан чиқиш жараёнини якунламоқчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг