Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германиялик жаз юлдузи Ўзбекистонда концерт берди

Германиялик жаз юлдузи Ўзбекистонда концерт берди

Пэт Эпплтон олмон жаз санъатининг соҳир овозларидан бири деб эътироф этилган.

Германиялик таниқли жаз хонандаси Пэт Эпплтон 13-14 май кунлари Тошкент ва Бухорода концерт берди. Санъат кечалари Германия элчихонаси томонидан, Халқаро жаз фестивали доирасида ташкил этилди.

Пэт (Патриция) Эпплтон аввало муҳташам санъат кошонаси – Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида ижодий дастурини тақдим этди.

«Жазда ягона қоида бор – у ҳам бўлса қоидаларнинг йўқлиги! Пэт Апплетоннинг ҳам шиор шу. Пэт саҳнада эркин, бетакрор ва эҳтирос-ла куйлади. Зеро, у ҳамиша бутун қалби билан куйлашга одатланган. Унинг ижросидаги мусиқа ва сўзларда қалб тўридан келаётган жўшқин ҳиссиётларни пайқаш қийин эмас. Хонанда муҳаббатни тараннум этади. Унинг фикрича, муҳаббат инсонлар орасидаги энг беғубор туйғудир», ؘؘ– дея санъаткорнинг ижодий дастурига баҳо берди элчихона матбуот хизмати.

Олмон жаз санъатининг етук устаси Бухоро ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ҳам концерт дастури тақдим этди. Қолаверса, хонанда ижодий сафар давомида Тошкент ҳамда Бухоро шаҳарларида ёш, иқтидорли санъат муҳибларига маҳорат дарслари ўтди.
Германиялик юлдузга ўзбекистонлик созандалар ؘؘ– Владимир Терегулов (саксофон), Алина Алибекова (фортепиано), Рамиль Исанбаев (басс-гитара) ва Зиёдулло Абдуллаев (зарбли чолғу) жўрнавозлик қилишди.

Пэт Эпплтон ўз фаолияти давомида Jazzkantine, Nighthawks, Bahama Soul Club каби гуруҳлар билан ҳамкорлик қилган. Айни пайтда эса у De-Phazz жамоаси хонандаси сифатида бутун дунёда концертлар бериб келмоқда. Хонанда «замонавий олмон жаз санъатининг соҳир овозларидан бири» дея эътироф этилган.

«Мен бир хил жанрда ижод қилиб ўзимни чекламайман. Турфа хил мусиқий услублар ҳамда турли тилларда ижодий экспериментлар қилишни хуш кўраман. Олмон ва инглиз тилини мукаммал биламан, айни чоқда, португал, испан ва француз тилларида ҳам жону дилим билан куйлайман. Мен ҳамиша мусиқанинг янги ҳудудларини инкишоф этишга тайёрман», ؘ– дея ижодий фаолиятини тавсифлайди хонанданинг ўзи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда халқаро жаз фестивали анъанавий равишда ЮНЕСКО шафелигида ўтказиб келинмоқда. Бу йил мазкур санъат байрами олтинчи бор ташкил қилинди.

ЮНЕСКО 30 апрель санасини Халқаро жаз куни деб эълон қилган. Халқаро ташкилотнинг мазкур санъат турига алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Гап шундаки, жазнинг ривожланиш тарихи демократия, фуқаролик ҳуқуқлари ва инсон қадр-қиммати йўлидаги курашлар тарихи билан боғланиб кетган. ЮНЕСКО жаз санъати дунёда миллатлар ўртасида ўзаро мулоқот ва тушуниш, ирқчиликка қарши курашда кўмак беради деб ҳисоблайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг