Ғиждувондаги қўшнилар «дуэл»и аянчли якун топди
Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида яшовчи 52 ёшли фуқаро асфальт ётқизилган йўлни тўсиб қўйгани учун қўшнисини газ тўппончаси билан отиб қўйди.
Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани судида кўриб чиқилган.
Воқеага кўра, Ғиждувон туманининг Помўза маҳалласида яшовчи Н. В. уйига бориладиган йўлда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги учун йўл қўшнилари Зариф Зиёдов ҳамда Гулшода Каримовалар томонидан шлакаблок билан ёпиб қўйилганига гувоҳ бўлган. Ўз автомашинасини маст ҳолда бошқариб келган Н. бундан жаҳлланган ва қўшниларининг ҳовлисига бақир-чақир қилиб кирган. Қўшнисининг важоҳатини кўрган Зариф ва Гулшодалар уни тинчлантиришга уринишган. Йўл таъмирланаётгани, асфальт янгилиги, шу боис, бир муддатга йўлни тўсиб қўйишганини тушунтиришган. Гулшода ўз хонадонида кўпчилик билан янги асфальт йўлни «ювишаётгани”нини айтиб, улар Нодирни тушликка таклиф қилишган ва спиртли ичимлик тутишган. Ширакайф ҳолатдаги Нодир ароқни рад этмаган.
Орадан кўп ўтмай, Нодир Восиев яна жанжал чиқарган ва кўпчилик олдида Зариф Зиёдовнинг иззат-нафсига тегиб, дастурхон бошидан туриб кетган.
Қоронғу чўка бошлагач, қўни-қўшнилар олдида иззат-нафси топталган Зариф алам устида Нодирга қўнғироқ қилган ва туман марказидаги «Ҳумо» тўйхонаси орқасига «дуэл»га чақирган.
Қўшнилар тўйхона олдида кўришишган ва Зариф ҳали Нодирга нега бундай ҳатти-ҳаракатда ва одамлар олдида ўзини ноқобил тутганини сўрашни бошламасидан, Нодир унга қўл кўтарган. Улар бир-бирлари билан муштлашиб кетишган, дўппослашишган. Шу топда Нодир ёнида бўлган газ тўппонча билан Зарифнинг чап қулоқ қисмидан бир маротаба отган. Тўппончанинг баланд товуши ва Зарифнинг ўкирикли овози атрофдагиларни ўзига жалб этган. Бир пасда одамлар тўпланишган ва кўп ўтмай, ички ишлар органлари ходимлари воқеа жойига етиб келишган.
Жароҳатланган Зариф Зиёдов «Тез ёрдам» машинасида туман марказий касалхонасига олиб кетилган.
Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, Зариф Зиёдовнинг танасида чап қулоқ супрасидаги яраси, бош тепа-ўнг чакка соҳасидаги шилинмаси кўринишдаги жароҳатлар аниқланган. Ушбу жароҳатлар ўқотар қуролдан етказилгани, оғирлик даражасига кўра соғлигини қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати тоифасига кириши қайд этилган. Худди шунингдек, Нодир Васиевнинг танасида чап билак кафт бўғими юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкрак қафаси олд юқори ўнг томонидаги қонталаш ва шилинмаси, ўнг ва чап тирсак бўғими орқа, ўнг ва чап тизза олд юзасидаги шилинмалари кўринишидаги тан жароҳатлари аниқланган.
Суд-тергов ишлари давомида Нодир ишлатган қурол Германия давлатида «Reck International» корхонаси томонидан ишлаб чиқарилгани, «Perfecta FBI 8000» русумли, 8 мм. калибрли, «6496547» рақамли газ тўппончаси экани очиқланган. Нодир бу тўппончани Навоий вилоятидаги Айдаркўлга автомашинасида мижозларини олиб борганида топиб олганини, унинг ўзига тегишли эмаслигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Азамат Норбековнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 2-қисмининг «в» банди қўлланилган. Ушбу модда билан айбдор 2 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазосини олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter