Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Ғиждувонлик аёл ҳокимлик биносида калтакландими ёки «навбатдаги томоша»?

Ғиждувонлик аёл ҳокимлик биносида калтакландими ёки «навбатдаги томоша»?

Ижтимоий тармоқларда «Ғиждувонда хотин-қизлар бўйича ҳоким ўринбосари фуқарони калтаклагани айтилмоқда» сарлавҳаси остида тарқалган видеотасвир муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унга кўра, аёл туман ҳокими ўринбосари томонидан калтакланганини иддао қилади ва вилоят раҳбарига мурожаат сифатида мансабдор аёлнинг унга тиканзордан уй-жой қилиб бераётганидан нолиб, шикоят қилади.

«Xabar.uz» мухбири мазкур ҳолатни ўрганди.

Маълум бўлишича, 1997 йилда туғилган фуқаро У.Р.нинг турмуш ўртоғи вафот этгач, қайнона-келин ўртасида келишмовчилик чиқаверган. Қайнонаси уни ёш фарзанди билан бошқа турмушга узатган. Бироқ, У.Р. иккинчи турмуши билан ҳам келиша олмай, ҳар кун жанжал кўтараверган. Шундан сўнг иккинчи турмуш ўртоғи У.Р.ни марҳум эрининг уйига қайтариб юборган. Ўзаро келишмовчиликда яшашда давом этган келинни қайнона яна бошқа турмушга узатган.

«Г.Р.нинг учинчи турмуш ўртоғи фуқаро Ҳ.Ж. бўлиб, у узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаб келган шахс. Улар бирмунча вақт Учқудуқда яшаб келишган. Бироқ, Ҳ.Ж. автоҳалокатга учраган ва оёғи қаттиқ жароҳатланиб, қўлтиқтаёқда қолган. Ўрталарида 3 нафар фарзандлари бор. Эрининг оғир аҳволдалигини инобатга олиб, шахсан ўзим бош-қош бўлиб, туман марказидаги Ижтимоий ётоқхонага жойлаштирдим. Ҳолидан тез-тез хабар олиб турилган, моддий кўмаклар берилган, озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган. Вояга етмаган фарзандлари борлигини ва уларнинг эртанги кунини ўйлаб, туман марказидан бироз узоқроқда жойлашган манзилдан уй-жой тиклаши учун бўш ер майдони ҳам ажратиб берилди», - деди туман ҳокими ўринбосари Истат Камолова.

Ўринбосарнинг айтишича, У.Р. ўзларига уй-жой учун ажратилган 2 сотихли бўш ер майдонининг тиканлар ва бегона ўтлар босганидан норози бўлиб, вилоят раҳбарига тегишли телеграм гуруҳи орқали турли важлар билан видео-мурожаатлар жўнатиб турган.

«Шундай вазиятда ҳам туман ҳокими билан маслаҳатлашган ҳолда бу оилага кўмак беришдан тўхтамадик. Ҳ.Ж.нинг акаси ва яқин қариндошлари ўртасида бу оилага ҳашар йўли билан уй-жойини тиклашга кўмаклашиш бўйича ҳам муносабатлар билдирдик. Ер майдони бўш бўлгач, тикан ёки бегона ўтлар ўсади-да. Қариндошларини кўмак беришга кўндирдик. Шундай кунларнинг бирида  уй-жой масаласида келган У.Р.нинг турмуш ўртоғи Ҳ.Ж. хизмат хонамга шикоят билан кириб, хотинини тергаб қўйишимни илтимос қилди. Унинг айтишича, У.Р. вояга етмаган болаларига ҳам, эрига ҳам жисмоний тазйиқ ўтказиб келган», - дейди Камолова.

Шундан сўнг Истат Камолова Ҳ.Ж. билан хизмат хонасидан чиққан ва У.Р. билан юзлашган. У.Р. ўринбосарни кўрибоқ: «Ўша тиканзорга ўзингиз бориб яшайсизми? Менга кўп қаватли тайёр уйлардан беринг!» - дея ҳокимлик ходимини қарғашни бошлаган. Ва бир қўли билан ўринбосарнинг биқинига туртиб юборган. Шунда ўринбосар У.Р.ни тартибга чақириш мақсадида, унга нега ўзинеи туртгани, қолаверса, эри ва болаларига жисмоний зўрлик ишлатиб келгани учун ҳам жавобгар бўлиши мумкинлигини айтади. Бу аснода «ҳозир ўзингни ҳам бир шапалоқ урсам, жонинг оғрийдими?!» дейди.

«Шу топда У.Р. туман ҳокимлиги ҳовлисига югуриб чиқди-да, ҳар доимгидай телефонини видео тасвирга қўйиб, вилоят раҳбарига мурожаат жўнатди. Асабийлашган пайтда нима дедим, нима қўйдим, билмайман. «Нимага урасиз мани?», деганида, «ураман керак бўлса!» деганман. Аслида, бармоғимнинг учини ҳам теккизганим йўқ. Бу ерда унга тегишли уй-жой масаласи бўйича ишларни ҳал қилаётганимиз бир паллада яна вилоят раҳбарига югургилаши асабларни таранглаштирганди.  Буни атрофдагилар ҳам кузатиб туришганди», - сўзида давом этади Истат Камолова.

Маълум бўлишича, У.Р.нинг мақсади тайёр кўп қаватли уйлардан ўзига бошпана олишга эришиш бўлган. У.Р. журналист билан телефон орқали мулоқотда ҳам буни очиқ баён этган. Журналистдан тайёр уйлардан хонадон олиб беришга кўмаклашишларини сўраган.

  • Бу тегишли идора-ташкилотларнинг ўзаро муҳокамасида ечиладиган масала. Давлат томонидан уй-жой ажратиш жараёнлари аниқ тартиб ва навбат асосида амалга оширилади. Бизни ўйлантираётган савол: ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётгандек мансабдор аёл ҳуқуқларингизга қарши сизни калтакладими? - сўрайди журналист.
  • ...
  • Мансабдор аёл сизни уриб, калтакладими?!
  • ...
  • Алло!
  • Э, опа, айтсам, уйим битмайди. Кейин қаёққа бораман?Уй-жойимнинг қурилиши чўзиляпти...Уй-жой масаласи битавермагач, вилоят ҳокимига мурожаат билан чиқдим. Эртаси куни туман ҳокимлигига чақиришди. Уй-жой учунчўл ҳудуддан ер майдони беришганди. Туман марказига узоқроқ. Шунда хўжайиним мендан олдин ўринбосар қабулига кириб, «Болаларни аёвсиз калтаклайди, уради», деб мени ёмонлаган. Шундан сўнг ўринбосар жаҳл устида ёнимга келиб, нега юқорига чиққанимни пешлади.
  • Аслида, у урмаган, шундайми?
  • Қўлининг орқаси билан юзимдан урди. Аммо, исботлай олмайман. Ўша пайтнинг ўзида Ботир Зариповга видео қилиб жўнатаётгандим, опа эса:«Юборсанг, кўрасан!»- дея пўписа қилди.
  • Нега хўжайинингиз сиздан норозилик билдирган?

Суҳбатга Ҳ.Ж. аралашди.

  • Ёш болаларга қараш хотинимга анча қийинчилик туғдирдими, билмадим. Ўринбосарга мен қамалиб чиққанман, ўзингиз бир насиҳат қилинг, гапириб қўйинг, дедим. Унга мен илтимос қилиб чиққаним учун хотинимга қаттиқ гапирган, ўз фарзандларини силтаб, урмаслиги учун, - деди Ҳ.Ж. ва сўзининг охирида.

Туман ҳокимлиги томонидан автоҳалокатга учраган Ҳ.Ж.нинг соғлиги тиклангунига қадар берилган ижтимоий ётоқхонада яшаб келаётган аёллар билан суҳбатлашар эканмиз, улар аслида, У.Р. қўшни бўлиб келгач, «дом»нинг тинчлиги йўқолганини билдирди.

«2021 йилдан буёншу ерда яшаймиз. Бу аёлни эса бизга яқинда қўшни қилиб, келтириб қўйишди. Аёлнинг ҳомиладорлиги учун унга қарашиб юрдик.Орадан кўп ўтмай, уйларига ичкиликбозлик, бегона эркакларнинг қатнови бошланди. Эри бўла туриб, бегона эркакларни яқин қариндошларим, деб ўз уйига олиб кела бошлади. Кунларнинг бирида у синглиси ҳамда унинг турмуш ўртоғи, дея бир ёш йигитни ҳам олиб келиб, биз билан танишитирди. Қарангки, йигит ҳали мактабни битирмаган ўқувчи экан. Буни қачонки, ўсмир йигитнинг ота-онаси ички ишлар органлари орқали қидириб топгандан кейин билдик. Уйини фоҳишахонага айлантириб, синглисини бегона эркаклар билан ишқий муносабатга киришиб юришига шароит яратиб келган», - дейди 64 ёшли Фотима Сатторова.

Суҳбатга кўра, У.Р. носоғлом муҳитдаги оилада улғайган.

Ўзини таништиришни истамаган яна бир маҳалла фаоли биз билан боғланди.

«Бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, турмуш ўртоғидан ажрашган ёки фарзандлари билан ёлғиз қолган аёлларнинг давлат ёрдамига муҳтожлиги ҳақиқат. Аммо, афсуски, баъзи ҳолларда айрим аёллар ҳокимлик ёки маҳаллий орган вакилларини, ўрни келганда, журналист ва блогерларни шантаж қилиш йўли билан уй-жой масаласини ҳал этишга уринмоқда. Гоҳида ўзини зўравонлик қурбони сифатида кўрсатиб, амалдорларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар, ижтимоий тармоқлардаги фош этувчи маълумотлар ёки асоссиз даъволар билан таҳдид қилган ҳолда уй-жой талаб қилади. Бундай ҳолатлар эса ҳуқуқ-тартибот органларининг аралашуви билан жиловланиши керак», - дейди у.

Узун ҳикоянинг қисқа хулосаси шуки, мансабдор аёл томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлнинг калтаклангани ҳақиқатми ёхуд бир аёлнинг навбатдаги томошасими бу – энди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан изчил ўрганилади ҳамда қонун устиворлиги таъминланади, деб ўйлаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг