Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғордаги фирибгарлик: инсоният ишонган энг катта ёлғон

Ғордаги фирибгарлик: инсоният ишонган энг катта ёлғон

фото: интернет, очиқ манба

1971 йилда бутун дунё шов-шувга тўлди. Филиппиннинг Минданао оролидаги борса-келмас чангалзорлари ичида амалдор Мануэль Элизальде тош асрида «музлаб қолган» қабилани кашф этганини эълон қилди.

Тасадайлар гўё идеал «олижаноб ёввойилар» эди. Улар ғорларда яшар, орхидея баргларидан ясалган белбоғлар тақар, тош болталардан фойдаланар, металл нима эканини мутлақо билмас эди. Энг қизиғи, уларнинг тилида «уруш», «душман» ёки «қурол» деган сўзлар умуман йўқ эди. «Олижаноб ёввойилар» ер юзидаги энг тинч халқ ҳисобланар, фақат ўрмонда топган озуқа билан кун кечирар ва бир-бирини самимий севар эди.

Бу айнан Вьетнам уруши авжига чиққан даврда дунё эшитишни истаган ҳикоя эди. National Geographic журнали уларга муқова бағишлади, ҳужжатли фильм суратга олди. Минданаога машҳур шахслар оқиб келди: учувчи Чарльз Линдберг, актриса Жина Лоллобрижида, Фордлар оиласи... Табиат қўйнидаги бу «болалар»ни кўриб, уларнинг ҳеч бири кўз ёшларини тиёлмасди.

Мануэль Элизальде мазкур қабиланинг расмий «ҳимоячиси»га айланиб, ғорлар атрофидаги ҳудудни қўриқхона деб эълон қилди. У антропологларга қатъиян тақиқ қўйди, гўё тасадайларнинг иммунитети бугунги тамаддун билан учрашувга дош беролмас экан. «Олижаноб ёввойилар»га фақат танланган журналистлар, улар ҳам Элизальденинг шахсий назорати остида кириши мумкин эди. Қабилага «ёрдам» бериш учун махсус жамғарма тузилди ва у ерга миллионлаб доллар пуллар оқиб кела бошлади. Аммо...

1986 йилда бу эртак парчаланиб кетди. Филиппин диктатори Фердинанд Маркос (Элизальденинг ҳомийси) ағдарилиб, мамлакатдан қочди. У билан бирга Элизальде ҳам ғойиб бўлди – гап-сўзларга қараганда, қабила фондидаги тахминан 35 миллион долларни ўзи билан олиб кетган.

Шундан сўнг швейцариялик журналист Освальд Иттен рухсатсиз равишда чангалзорларга киришга қарор қилди. У кўрган манзара эса илмий оламни ларзага солди. Ғорлар бўм-бўш эди. У ерда доимий яшашга хос ҳеч қандай из – на чиқинди, на деворларда тутун қолдиғи бор эди. Бир оз юргандан кейин журналист оддий қишлоққа дуч келди. Ўша «тасадайлар» шу ерда яшар, жинси шим ва футболка кийиб юрар, сигарета чекар, шоли етиштириб, бамбук каравотларда ухлар эди.

Маҳаллий аҳоли тан олди: Элизальде уларнинг олдига келиб, пул, сигарета ва бандитлардан ҳимоя ваъда қилган – фақат бир шарт билан: ўйин ўйнаш керак! Қачонки «оқ танли одамлар»ни олиб келган вертолётлар келиб қўнса, улар дарҳол ғорларга югуриб, кийимларини ечиб, барглар тақиб олар, олов чиқариш учун таёқларни ишқалар эди. Меҳмонлар учиб кетиши билан эса яна кийиниб, уйларига қайтар ва сайёҳларни ажабтовур одамлар деб томоша қилишарди.

Ўн беш йиллик фириб чок-чокидан сўкилган эди...

А.Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг