Ғузорда коронавирусдан вафот этган фуқарони қабул қилган шифокорлар қийин шароитда қолгани айтилмоқда (видео)
Куни кеча, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ. ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берган эди.
Унда қайд этилганидек, 29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган. Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор вафот этган.
Бугун ижтимоий тармоқларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез тиббий ёрдам ва жонлантириш бўлимида ишловчи тиббиёт ходимлари томонидан мурожаатлар тарқалди.
«Nasafnews» хабарига кўра, видеомурожаат йўллаган тиббиёт ходимлари карантинда сақланаётганларга яратилган шароитлар қониқарсиз эканини маълум қилишган. Қайд этилишича, айни пайтда 20 нафарга яқин тиббиёт ходимлари шифохонада карантинда қолишмоқда.
Мазкур бўлим шифокори коронавирус аломатлари бор бемор нега юқумли касалликлар шифохонаси эмас, айнан жонлантириш бўлимига олиб келинганлигидан ҳайронлигини билдирган.
Айни пайтда карантинда сақланаётган шифокорларга шароит етишмаслиги, ҳатто қўл ювишга ҳам шароит йўқлиги айтилмоқда.
— Ҳовуздан сув олишга қўрқиб қолганмиз. Тиббий ниқоб, қўлқоп, бирламчи дори воситалари етишмайди. Ўзимиз вирус ўчоғида турибмиз. Аммо шароит бўлмаса, қандай вирусдан ҳимояланамиз, – деган шифокорлардан бири.
Маълум қилинишича, марҳумнинг акаси ва турмуш ўртоғига ҳам коронавирус юққани эҳтимоли юқори. Ҳозирда улар бўлимдан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter