Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 «Ҳаж»га жўнатишни ваъда қилиб пул ишлаган фирибгарлар қўлга тушди

 «Ҳаж»га жўнатишни ваъда қилиб пул ишлаган фирибгарлар қўлга тушди

ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида пойтахтнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 1966 ва 1968 йилларда туғилган ака-ука фирибгарлик жинояти устиа ушланди.

Улар ўзаро тил бириктириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2 нафар фуқаронинг Саудия Арабистонига «Ҳаж» сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 12 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга Тошкент шаҳридаги сайёҳлик фирмасининг муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун 2 маротаба судланган ижрочи директори ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги сайёҳлик фирмаси ходими мазкур туманда истиқомат қилувчи фуқарони алдов йўли билан ишончига кириб, уни ва онасини жорий ҳаж мавсумида муборак сафарга юбориш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилади. Аммо, у сўралган пул маблағидан 7 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Унинг мазкур ноқонуний ишни сайёҳлик фирмаси раҳбари билан келишган ҳолда амалга оширганлиги аниқланди.

Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи, 34 ёшли шахс ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни 8700 АҚШ доллари эвазига «Ҳаж» зиёратига жўнатишини айтиб, Бувайда туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1959 йилда туғилган онасини ҳожи мақомини олишлари учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 17 400 АҚШ доллари талаб қилади.

Лекин, у сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Марғилон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари эса Қўштепа туманида яшовчи фуқарони ҳаж амалларини бажариши учун Саудия Подшоҳлигига юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг