Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳиндистон элчиси: «Ўзбекистон «айти» йўналишида улкан муваффақиятларга эришишга қодир»(видео)

Ҳиндистон элчиси: «Ўзбекистон «айти» йўналишида улкан муваффақиятларга эришишга қодир»(видео)

Фото: Xabar.uz

– Ассалом алайкум! Xabar.uz таҳририяти хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик вакиллари билан махсус интервюларини давом эттиради. Бугунги меҳмонимиз Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Маниш Прабҳат!

Хайрли кун, жаноб элчи! Сизни Xabar.uz’да кўрганимиздан хурсандмиз. Жаноб элчи, интервьюни бир қизиқ савол билан бошламоқчиман. Ҳиндистон деганда кўз олдимга муҳаббат ўлкаси келади. Ҳиндистон ҳақиқатдан ҳам муҳаббат мамлакатими?

– Аввало, Xabar.uz ўқувчиларига саломатлик тиламоқчиман. Бу сайтингиз ва ўқувчиларингиз билан суҳбатлашиш учун менга ажойиб имконият бўлди. Муҳаббат ва Ҳиндистон ҳақида жуда яхши савол бердингиз. Ҳинд фильмларини кўрсангиз, севги ёки ҳинд тилида «Муҳаббат» деб атайдиган туйғу кўп тараннум этилади. Муҳаббат инсоннинг ҳаёт йўлини белгилаши керак, назаримда. Биласизми, бу икки инсоннинг ўзаро муносабати бўлиши мумкин ёки оиламизга, жамиятимизга ва дунёмизга муҳаббат бўлиши мумкин. Севги бу сайёрадаги ҳамма нарсага бўлган яхши ҳис-туйғуларимиздир. Санскритчада «Vasudhaiva Kutumbakam», яъни «дунё битта оила» деймиз. Шунинг учун муҳаббат она ва бола, икки севишган ва бошқалар ҳақида турли тушунчаларга келишингиз мумкин. Муҳаббат бизнинг ҳаётимиз ва мавжудлигимизни белгилайди. Мен ҳам бунга барча ҳиндлар каби ишонаман.

– Асосий саволларга ўтсам. Ҳиндистон кўп миллатли давлатдир. Ўзбекистонда ҳам худди шундай. Жаноб элчи, мамлакатларимиз ўртасидаги ўхшашлик ва фарқлар ҳақида нима дея оласиз?

– Ҳиндистон ва Ўзбекистон кўп миллатли давлатлар. Ҳиндистонда 20 дан ортиқ миллий тиллар борлиги кўпчиликни ҳайрон қолдирса керак. Ўзбекистон ва Ҳиндистонда ўз тилларига эга бўлган кўплаб этник элатлар бор бўлса-да, давлатларимизнинг конституциялари барча фуқароларига тенг ҳуқуқлар беради. Мамлакатингиз фуқароларининг муштарак мақсади Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига қаратилган. Худди шундай Ҳиндистонда ҳам турли этник гуруҳлар, диний жамоалар, ҳар хил тил вакиллари, жинслар ва ҳоказолар асосида ҳеч қандай тафовутлар бўлмаслиги белгилаб қўйилган. Сизнинг ва бизнинг мамлакатимиз эркинликни кафолатлайдиган демократик мамлакатлар сирасига киради. Ҳамма учун тенглик ва ҳурмат  ̶  бу ягона омил бўлиб, Ўзбекистон учун ҳам, Ҳиндистон учун ҳам кучли нуқтадир. Мамлакатларимиз ўртасидаги фарқларга келсак, демоқчиманки, Ўзбекистон буюк цивилизация, Ҳиндистон ҳам буюк цивилизация. Бизнинг ўзига хос тарихимиз бор. Биз тарихан ҳам боғланганмиз. Шундай қилиб, фарқлар, ўхшашликлар кўп, лекин охир-оқибат, биз яхши дўст мамлакатлармиз.

– Сизнинг Москва, Ереван, Вашингтон, Милан ва Париждаги меҳнат фаолиятингиздан хабардормиз. Тошкент сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан юқоридаги шаҳарлардан фарқ қилади. Тошкентда элчи сифатида иш бошлаганингизда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

– Дипломатик фаолиятим жуда қизиқарли. Мен Тошкентдаман ва элчи сифатида хориж давлатидаги биринчи лавозимим. Албатта, бу менга катта масъулият юклайди, зеро Ўзбекистонда ўз ватанимнинг юзини кўрсатаман. Кўринишидан бу унчалик қийин кўринмаслиги мумкин, аммо мен ўзаро яхши алоқаларимизни яна бир босқичга кўтаришни истайман. Ўзбекистон ва Ҳиндистон стратегик шериклардир. Мамлакатимиз раҳбарлари бизга Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳар соҳада яқин шерик бўлишлари учун барча ишларни амалга ошириш бўйича жуда аниқ топшириқ берганлигини қайд этмоқчиман. Икки давлат расмийлари ва икки давлат халқлари мамлакатларимизни бир-бирига яқинлаштириш учун ҳар томонлама ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, бу менинг кундалик вазифам, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳиндистон учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам фойдали лойиҳалар устида ишлашимизни истайман. Муштарак мақсадларимиз йўлида меҳнат қилишдан чарчамайман.

– Биздаги маълумотларга кўра, сиз тарихчисиз. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, барча сиёсий ва тарихий жараёнларни кузатиб борасиз. Ўзбекистоннинг Мирзиёев даври билан биринчи ҳукумат даври ўртасида қандай фарқлар бор?

– Тарих фанидан таълим олганман ва уни жуда яқиндан ўрганганман, дейишим мумкин. Сиз бугунги кунимиз ҳақида савол бердингиз. Ростини айтсам, мен биринчи президент даврида Ўзбекистон ҳақида кенг тассаввурларга эга эмас эдим. Лекин шуни биламанки, Ҳиндистон ва Ўзбекистон доим яхши дўст бўлган. Президент Ислом Каримов бир неча маротаба Ҳиндистонга ташриф буюрган. 2011 йилда Ислом Каримовнинг ташрифи чоғида Ҳиндистон ва Ўзбекистон стратегик шерикларга айланганидан хабарингиз бор. Демак, бу жуда муҳим ютуқ эди. Президент Жаноби Олийлари Шавкат Мирзиёев даврида, биз мамнуният билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан дўстлик сиёсати янада яхшиланди ва анъана давом эттирилди. Шавкат Мирзиёев 2018 ва 2019 йилларда Ҳиндистонга иккита ташрифни амалга оширди. Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликнинг ўсиши, сиёсий, иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар таълим ва бошқа соҳалардаги муваффақиятли алоқаларни алоҳида қайд этишимиз мумкин. Ўйлайманки, бунга Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонни яқин ташқи сиёсат учун хорижий сармояларга очиши ва ислоҳ қилиш бўйича қарашлари кўпроқ ёрдам бермоқда. Мирзиёев Ўзбекистонда демократик, сайловлар, суд-ҳуқуқ, оммавий ахборот воситалари ислоҳотлари ўтказиш орқали том маънода мамлакатни замонавий давлатга айлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон бугун мақсадлар сари ғоят қатъият билан олға бормоқда. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги яқин дўстлик туфайли ушбу ислоҳотлар даврида бу муносабатларнинг ривожланиши учун барча имкониятлар яратилган. Шунинг учун мен бундан хурсандман.

– Ўзбекистон очиқлик ва ошкоралик йўлидаги «Янги Ўзбекистон»га айланишни истайди. Сизнингча, «Янги Ўзбекистон» қандай бўлиши керак?

– Бу Ўзбекистоннинг келажаги билан боғлиқ бўлган жуда муҳим савол. Президент Мирзиёев олдига қўйган мақсадларини гапираётганида янги Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари билан бўлишади. Менимча, биринчи навбатда, Ўзбекистон ёшлари ўзларини буюк ўзбек тамаддунининг ворислари эканликларини ғурур билан ҳис қилишлари керак. Иккинчидан, ёшлар саводхон, олий маълумотга эга бўлиши ва бугунги кундаги муаммоларини аниқ тушуниши керак. Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини саноатлаштириш билан боғлиқ ҳар қандай муаммо етук кадрлар билан ечилади. Биласизми, ҳар бир соҳада Ўзбекистон жамияти жуда яхлит ва кучли бўлиб, чақириқларга жавоб беришга, ҳар қандай ташқи хавфларга қарши туришга тайёр давлат бўлиши керак. Ёш авлод эса эртага Ўзбекистоннинг етакчилари бўлишади. Шундай экан, бизга жуда яхши билимга эга АКТ кадрлар, робототехника, сунъий интеллект бўйича замонавий кўникмаларга эга маърифатли ёшлар керак. Билим ва тафаккурнинг чегараси йўқ. Билим ва тафаккурга чулғанган Ўзбекистон, ўйлашимча, ҳамма кўришни хоҳлаган янги Ўзбекистондир.

– Ҳиндистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ўрни қандай? Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи бўла оладими?

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон тарихан чуқур боғланган. Ёдингизда бўлса, Ҳиндистон бош вазири Шри Нарендра Моди 2015 йил июль ойида Марказий Осиёнинг барча бешта давлатига кетма-кет ташриф буюрган ва ўз тарихимизда янги алоқалар саҳифасини очган эди. Ҳиндистоннинг Марказий Осиё билан ташқи сиёсати айнан Ўзбекистон илгари сурган «5+1» ташқи ишлар вазирлари даражасида ўзаро кўринади. 2019 йил январь ойида Самарқандда «5+1» йиғилиши бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг Деҳлида кейинги учрашувлар ўтказилди. Келажакда учрашув манзиллари ўзгариб боради. Ўзбекистон Ҳиндистон билан фаол алоқалар таклиф қилиш учун минтақада етакчи ролни ўз зиммасига олди. Марказий Осиё яқин алоқаларга эга бўлиши керак. Бу 2022 йилнинг январь ойида онлайн тарзда ўтказилган Ҳиндистон тарихидаги биринчи Марказий Осиё саммитида кўзга ташланди. Албатта, Деҳли Марказий Осиёнинг 5 давлати президентларини қабул қилишга тайёр эди, аммо пандемия ҳолати туфайли бу амалга ошмади. Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари ўз нутқида Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида жуда яқин алоқалар ўрнатилишига чақирди. Зеро, Ҳиндистон ва Марказий Осиё бир-биридан ўрганиши мумкин бўлган жуда кўп жиҳатлар бор. Шуни айтишим керакки, бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Буни етарлича жабҳаларда кўришимиз мумкин. Ўзбекистон тинч ва барқарор. Бундан ташқари, барча қўшнилари билан жуда қаттиқ алоқада. Дўстлик ва ҳамкорлик минтақадаги барча халқларга нақадар манфаат келтиради. Ўзбекистон сизга маълум бўлган терроризм таҳдиди, наркотрафик каби масалаларга қарши чиқди. Мамлакатингиз янги маърифатли ёшлар ва таълим сиёсатини олиб бормоқда. 2020 йилда илк бор БМТ ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга аъзо бўлди. Бу бутун дунё давлатингиз раҳбарининг юксак фазилатларини қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Дунё Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Масалан, Ўзбекистонда бир қанча йирик халқаро анжуманлар ўтказилаётганига гувоҳ бўлдик. 2021 йил июль ойида Марказий ва Жанубий Осиё алоқалари бўйича конференция бўлиб ўтди. Яқинда тарихда илк бор Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Унда 55 дан ортиқ давлатдан 2000 нафар га яқин делегат қатнашди. Бу эса бутун дунёнинг мамлакатингизга қизиқишини кўрсатади. Шундай экан, Ўзбекистон бугун яхши позиция ҳосил қилган, деб ўйлайман.

– Ҳиндистон азалдан илм-маърифат маркази бўлиб келган. Бугунги кунда ҳиндлар математика, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳасида ҳамон етакчи ўринларда. Мамлакатингиз ушбу соҳаларда, хусусан, АКТ бўйича қандай муваффақиятларга эришди?

– Биринчидан, инсоният тараққиёти фалсафага асосланади. Математика ҳақида гапирганда, унинг тафаккурда янги босқич эканлигини айтишимиз мумкин. Бир пайтлар биз 0 ни Ҳиндистонда ихтиро қилганмиз. Бу ҳам фалсафий тушунча, лекин ал-Хоразмий уни янада оммалаштиришда катта ўрин тутди. У бу тушунчани дастлаб Ўзбекистон ҳудудида, кейинчалик араб дунёсига ва бу орқали эса Европага олиб чиқди. Шахмат ҳам Ҳиндистонда ихтиро қилинган. Сиз шахмат ўйнар экансиз, математик фикрлаш анъанаси борлигини англайсиз. Ҳиндистон мустақилликка эришгач, биз ёшларимизни илм-фан ва технология, математика ва бошқаларни энг яхши йўналишларга йўналтиришга ҳаракат қилдик. Гарчи Ҳиндистон узоқ йиллар мустамлакачилик сиёсатидан сўнг ривожланишда муаммоларига дуч келган бўлса-да, бу умумий мақсадларимизга қаршилик қила олмасди. Шунингдек, олий таълимга эътибор қаратдик. Ҳинд ёшлари Ҳиндистон технология институтлари каби жуда машҳур муассасаларга бора бошлади. Иқтисодиётимизни қуришимиз учун Ҳиндистон бошқарув институтлари мавжуд эди. Ёшлар Ҳиндистондаги олий ўқув юртларида таълим олар экан, биз фан ва технология, математика ва ахборот технологияларига эътибор қаратдик. Ҳиндистон иқтисодиётини ривожлантириш фонида АҚШ, Буюк Британия ёки бошқа давлатлар АКТ кадрларини ишга қабул қилаётганини жуда яхши тушунарди. Шундай қилиб, биз шу соҳада диққатимизни жамладик. 90-йилларда глобаллашув ва рақамлаштириш яқинлашаётган бир даврда ахборот технологиялари бутун дунёмизни қамраб олиб, компютер технологияларини яхши биладиган одамларга талаб ортиб кетди. Кўп миқдорда кадр излаётган давлатлар олдида Ҳиндистондан бошқа қайси давлат бор эди? Бизда жуда кўп тайёр муҳандислар етиштирилган эмасмиди? Менимча, бу Ҳиндистоннинг муваффақиятига айланди. Чунки биз жуда кўп илмий ва технологик кадрлар базасига эга эдик. Ўз ўрнида бу соҳа ҳам бизга катта муваффақиятлар олиб келди. Ҳозир Ҳиндистон дастурлаш, кодлаш соҳасида анча илгарилаб кетди. Буларнинг барчаси Ғарбнинг илғор давлатларидан Ҳиндистонга рақамли равишда оқиб келаётган ишлардан бошланган. Биз технология, АКТ, алоқа марказларига асос солганмиз. Уяли телефонлар пайдо бўлиши билан, ахборот технологиялари имкониятларини янада кўпайтириш Ҳиндистоннинг «айти» соҳасида яхши асосини жадаллаштиришга хизмат қилди. Биз мазкур соҳаларда дўстона ҳамкорлик билан ишлашга ҳаракат қиламиз. Бу бизга янги шериклар ва ҳамкорлар олиб келишига сабаб бўлади. Ҳамма давлатлар таълимига математика ва ахборот технологиялари бўйича фанларнинг қўшилиши ушбу минтақада фойда кўришларига сабаб бўлиши мумкин. Ўйлайманки, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилиш учун жуда яхши имкониятларга эга.

– Жаноб элчи, АКТ Ҳиндистоннинг бугунги қиёфасими? Нима учун?

– Айтганимдек, бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари жараёнларни янада яхшилаш учун ҳар бир соҳада ишлай оладиган кўплаб кадрларни талаб этади. Биз ҳамма нарсани қоғозлар орқали қилдик. Бугун банк соҳасидан тортиб энг оддий ишларгача технология ва ахборот технологияларига муҳтожлик сезилмоқда. Электр станцияларингизни қандай бошқарасиз, коммунал хизматларни қандай қурасиз, оммавий ахборот воситаларини қай тариқа кузатасиз? Буларнинг барчаси ахборот технологияси билан боғлиқ. Сиз бирор нарсани рақамлаштирсангиз, ишларингиз аввалгидан тезроқ амалга ошади. Бу оддий электрон почтадан жуда илғор ҳисоблашгача давом этади. Ҳиндистон иқтисодиётини жуда тез рақамлаштирди. Катта иқтисодиёт янада самаралироқ бўлди. Ўзбекистон билан бу соҳада ҳамкорлик қилганимиз иккала томонга ҳам кўпроқ фойда бермоқда. Ҳиндистонда рақамли тўлов тизими мавжуд бўлиб, сизга нақд пул керак эмас. Ҳозир рақамли майдонда бир триллиондан ортиқ транзакциялар амалга оширилмоқда. Агар рақамлаштириш соҳасида ўзгаришлар кенгайса, иқтисодиёт силжиши осонлашади. Шунинг учун олдимизда нафақат Ҳиндистонда, балки Ўзбекистонда ҳам жуда катта ишлар турибди. Менимча, Ўзбекистон бу соҳада муваффақиятга эришишга қодир. Ҳиндистон бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида АКТ соҳасида қандай ҳамкорлик лойиҳалари кўриб чиқилмоқда?

– Ахборот технологиялари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истаган асосий йўналишларимиздан биридир. Ўзбекистон ҳукумати ахборот технологиялари, АКТ стартапларини ривожлантириш сиёсатини олиб бормоқда. Ўзбекистонда 2019 йилда очилган биринчи «айти» парк ҳам бунинг бошланиши эди. Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистоннинг дастурий технологиялари бўлимидан мутахассис олиб келганидан хабарингиз бор. Бу мутахассис Ўзбекистонга келган. У Ўзбекистонда истиқомат қилмоқда ва ҳукумат тасарруфидаги лойиҳалар билан ишлайди. Унинг техник раҳбарлигида Ўзбекистонда биринчи бўлиб «айти» парк очилган. Ҳозирда Жиззах ва Бухорода «айти» лойиҳалар устида ишламоқда. Шундай экан ахборот технологиялари соҳасида жуда катта ишлар рўйхати борлигини тушунишимиз керак. Ҳақиқатан ҳам, биласизки, ҳинд компаниялари рақамлаштириш ишларига жуда қизиқади. Улар бу ерга келишни ва бизнес имкониятларига эга бўлишни хоҳлашади. Ўзбекистонда яхши стартаплар бор. Ҳиндистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти платформаси остида стартап танловлари ва кўргазмалар ўтказиб, уларда иқтидорли ёшларни кашф этишга кўмаклашади. АКТ соҳасида юқори таъсирли лойиҳалар бўйича ўзаро англашув меморандуми бор. Бу соҳа биз келажакда ишламоқчи бўлган лойиҳалардан бири. Ҳозирча меморандумни имзоладик. Ўзбекистонда биз ишламоқчи бўлган бошқа кўплаб лойиҳалар мавжуд. Яқинда бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумида Ҳиндистоннинг «айти» компаниялари ҳам имкониятлар излаб келишди. Менимча, биз «айти» стартаплари соҳасида ҳамкорлик қилишимиз керак. Ҳиндистонлик ахборот технологиялари бўйича истеъдодли кадрлар Ўзбекистонда ишлаши мумкин, худди шундай маҳаллий истеъдодли кадрларнинг ғояларини рағбатлантиришимиз лозим. Бу соҳада жуда яхши имкониятлар бўлишига умид қиламан.

– Жаноб элчи, кўплаб универитетлар, хусусан, Амити университети тўғридан-тўғри Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилади? Айтингчи, таълим ва тиббиёт бўйича ҳам янги ташаббуслар борми?

– Ўзбекистонда олий таълим соҳасидаги имкониятлар жуда катта. Бу ёшларнинг мутлақ кўпчилиги чет тилларини ўрганиши керак, деб очиқ айтиш мумкин. Бу ташқи дунё билан боғланиш учун жуда муҳимдир. Иккинчидан, ёшлар таълим олиши учун яхши шароитга эга бўлиши жоиз. Ўзбекистонда бир қанча университетлар бор, шу билан бир қаторда ҳозирда кўплаб хорижий университетлар Ўзбекистонда ўз филиалларини очишмоқда. Чунки Ўзбекистон ёшлари билим олишга чанқоқ. Янги технологиялар соҳасида иш билан таъминлаш имкониятлари билан боғлайдиган янги курсларнинг рағбатлантирилиши ҳам ажойиб. Амити университети Ўзбекистондаги Ҳиндистоннинг олийгоҳларидан бири. Яна иккита ҳинд университети — Андижондаги Шарда университети ва Жиззахдаги Самбрам университети ҳам фаолият кўрсатмоқда. Кўплаб ҳинд ОТМлари Ўзбекистонда фаолият юритишни исташади, чунки Ўзбекистонда барча имкониятлар бор. Хориж университетлари Ўзбекистонда кампуслар ташкил қилишлари керак. Тиббиёт соҳасида Ҳиндистон жуда ривожланган. Ҳиндистон тиббиёт мутахассисларини ва шифокорларини тайёрлаш бўйича яхши таълим тизимига эга. Ҳиндистон аҳолисининг кўплиги туфайли ҳинд шифокорлари жуда яхши клиник тажрибага эга бўлган. Бир кунда шифокор жуда кўп беморларни даволайди. Бу, албатта, яхши тажриба. Биламанки, кўплаб ўзбекистонликлар мураккаб операцияларга муҳтож бўлганларида Ҳиндистонга боришади. Элчихонамиз уларга имкон қадар тезроқ виза беришни исташади. Ҳиндистон Тошкентдан уч соатлик йўл. Тиббий даволанишнинг ҳар қандай мураккаб тури Ҳиндистонда мавжуд ва ҳамёнбоп. Ҳинд касалхоналари ва тиббий ёрдам кўрсатиш компаниялари ўзбек ҳамкорлари билан ишламоқда. Яқинда Самарқандда очилган шифохонани мисол қилиб келтиришим мумкин. Самарқандда Ҳиндистон ва Ўзбекистон компанияси ҳамкорлигида Зармед шифохонаси очилди. Шунинг учун, ўйлайманки, тиббиёт соҳасида жуда яхши имконият бор. Шунингдек, ҳинд ва ўзбекистонлик шифокорлар биргаликда ишлашлари, машғулотлар ўтказишлари мумкин. Биз Ўзбекистонга янги турдаги ҳамширалик амалиёти, янги технология ва янги жиҳозларни олиб киришимиз мумкин. Тиббиёт жуда муҳим соҳа бўлиб, Ҳиндистон ва Ўзбекистон бугунги кунда ишлаши керак бўлган долзарб йўналишдир.

Айтинг-чи, Ҳиндистонда Бобурийларга нисбатан муносабат қандай?

– Бобур Ўзбекистон каби Ҳиндистон тарихининг ҳам жуда муҳим шахсидир. Биламизки, у Андижонда туғилган, кейинги воқеалар уни Ҳиндистонга бошлаб келган. У Ҳиндистонда 350 йилдан ортиқ ҳокимиятда бўлган буюк Бобурийлар сулоласини барпо этди. Шундай экан Бобур ва Бобурийлар Ҳиндистон тарихининг жуда муҳим қисмидир. Бу ҳақиқатни инкор этиб бўлмайди. Ҳиндистонда янги сиёсий ва маданий тарих айнан шу давр билан боғлангандир. Бобур сабабли ҳам Марказий Осиё ва Ҳиндистон маданияти, архитектураси, мусиқаси, шеърияти, таомлари ва бошқа соҳаларида кўплаб ўхшашликларни учратишингиз мумкин. Ҳиндистон тарихининг жуда муҳим даври эди, деб бемалол айта оламиз. Албатта, тарих ҳар доим дунёнинг ҳар бир бурчагида баҳсли бўлиб келган. Баъзи нарсаларга салбий муносабатдаги одамлар бўлгани каби ижобий муносабатдагилар ҳам бор. Биз тарихдан сабоқ олиб ҳаракат қиламиз. Айтмоқчиманки, вазифамиз тарихни холис ўрганиш ва ундан тўғри сабоқ олишдир. Бобурийлар тарихи бўйича жуда кўп тадқиқотлар олиб борилди. Биз Ўзбекистон билан биргаликда кўплаб лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Тарихни чуқурроқ ўрганишимиз, илмий ва холисона ёзишимиз учун кўпроқ ҳамкорлик қилмоқчимиз. Шуни айтмоқчиманки, тарихда салбий ва ижобий фактлар бор. Пировардида, ҳар қандай жиҳатдан ҳам Бобур Ҳиндистон тарихининг ўта муҳим қисми бўлиб қолаверади.

Бу давр урушларга тўла. Ана шу жанглардан бири Бобурни Ҳиндистонга олиб келди. Шундай экан, биз буни тарихнинг бир қисми сифатида қабул қилишимиз керак. Фактни инкор этишнинг иложи йўқ. Тарих шундай яратилган.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар доимо яхши бўлиб келган. Шавкат Мирзиёев даврида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар қандай ўзгарди? Қайси соҳаларда ютуқларни эътироф этиш мумкин?

– Президент Мирзиёевга икки давлат алоқаларига катта эътибор қаратгани учун миннадорлик билдирмоқчиман. Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишимиз кераклигини айтиб келадилар. Дарҳақиқат, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шериклик 2011 йилдан буён мавжуд. Шунга қарамасдан 2018 йилда президент Мирзиёев Ҳиндистонга сафари чоғида муносабатларимизнинг янги саҳифаси очилди. Ўша пайтда мен ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан бири сифатида Деҳлида Президент жаноби олийларининг ташрифларида иштирок этдим. Эсимда, турли соҳаларда 17 та шартнома имзоланган эди. Бу бир ташрифда мисли кўрилмаган кўрсаткич эди. Биз ҳам Ўзбекистон билан яхши ҳамкорлик қилиш истагида эдик. Бу жуда аниқ натижаларга олиб келди. Масалан, Ҳиндистон Бош вазири илк бор ташрифи чоғида Ўзбекистонни ривожлантириш лойиҳалари учун Ўзбекистонга 1 миллиард доллар кредит линияси ажратилишини эълон қилди. Бугунги кунда тўртта лойиҳа устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу ташриф АТ соҳасидаги ҳамкорлигимизга тамал тоши қўйган эди. Яна бир муҳим шериклигимиз — мудофаа соҳасидадир. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қўшма ҳарбий машғулотлар ҳам ўтказдик. Соҳадаги қўшма лойиҳаларимиз сифатида Ҳиндистон хусусий университетларининг ўзбек таълим бозорига қизиқишини айтишимиз мумкин. Бизда туристик соҳада ҳамкорлик бўйича ҳам яхши режаларимиз бор эди, аммо пандемия даври келди. Пандемияда Ўзбекистон қимматли ёрдамларини аямади. Масалан, Ҳиндистон фуқароларининг Ўзбекистондан Ҳиндистонга эвакуация қилинишини таъминлади. Ҳиндистонда пандемиянинг иккинчи тўлқини пайтида Ўзбекистон бизга кислород концентраторлари, дори-дармонлар ва ҳоказолар бўйича ёрдам юборган эди. Ҳиндистон-Ўзбекистон жуда яқин, сиёсий форматларда ишлай бошлади. Шунингдек, Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлишида катта ёрдам берди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга оширишни мақсад қилганмиз. Бу кўрсаткичнинг ярмига етдик. Демак, биз яқиндан ишлаш учун тўғри йўлдамиз.

– Агар алоқаларимизни 10 баллик тизимда баҳоласак, нечи қўйган бўлардингиз?

– Жуда қизиқ савол. 10 дан 9 балл берайлик, дейман. Ҳа, нега 10 дан 9? Чунки Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳар бир йўли ҳамкорлик учун очиқ, деб ўйлайман. Биз стратегик шериклармиз. Бунинг ўзи ҳал қилинадиган муаммонинг ярми. Ҳиндистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳар бир соҳада ҳамкорликда ишламоқда. Кўпроқ туризм соҳасида бу кўзга ташланмоқда. Нега 10 дан 10 эмас? Чунки ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларни ташкил этишни мақсад қилиб қўйган бўлсак, 500 миллион долларга яқин кўрсаткичга эришдик. Бу унинг ярми, шунинг учун биз бу соҳада кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз керак. Яхши савдо йўли бўлмаса, савдо юришмайди. Ҳиндистон савдо мақсадларида Эрондаги Чабаҳор бандаргоҳини ривожлантириш бўйича жуда яхши таклифларга эга. Келажакда Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистон билан савдо йўлини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, бу бизнинг экспорт ва импортимиз ҳажмини оширишда асосий омиллардан бири бўлади.

– Дипломатик фаолиятингиздан ташқари яна қандай соҳаларга қизиқасиз? Севимли китобларингиз, фильмларингиз ва севимли машғулотларингиз ҳақида гапириб бера оласизми?

– Биласизми, мен мутолаани яхши кўраман. Саёҳат қилиш севимли ишларимдан бири. Албатта, фильмлар томоша қилиш ҳам жону дилим. Бўш вақтимда гармоника чалиб тураман. Гармоникада ҳинд қўшиқларини ижро этиш менга жуда ёқади. Энг севимли китобим ҳинд достони «Маҳабҳорат». Бу достон дунёдаги энг қадимий достонлардандир. У минг йиллар олдин ёзилган бўлиб, ишонч билан айтаманки, ҳар бир ҳинд боласи «Маҳабҳорат» ҳақида билади. Достон бу ҳаётда ўзингизни қандай тутиш кераклиги, ҳақиқат нима эканлиги ҳақидаги жуда фалсафий саволларга жавоб беради. Сиз ёмон йўл билан қилган ҳар қандай ишингизнинг натижалари қандай бўлади, мақсадлар воситаларни ва шунга ўхшаш нарсаларни оқлайдими, каби фалсафий саволларга жавоб топишингиз мумкин. Санкскрит тилида ёзилган диний оят шеърлар – «Гита»да ҳам «Маҳабҳорат»нинг бир қисмидир. «Гита» бўйича асосий таълимот шундан иборатки, сиз ҳар доим одил ҳаракат қилишингиз керак. Ўзингизнинг ишингиздан яхши натижаларни кутмаслигингиз лозим, чунки тўғри иш қандай натижага олиб келишидан қатъи назар, у энг яхшиси бўлиб қолаверади. Севимли фильмларим жуда кўп. Ҳиндистон кино саноати дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Биз ҳар йили 1000 дан ортиқ фильмлар суратга оламиз. Шундай экан, менда танлов ҳам жуда кўп. Раж Капурнинг катта мухлисиман. Мисол учун, унинг «Дайди» фильми Ўзбекистонда ҳам севимли ҳисобланади. Ўша даврдаги фильм ва қўшиқларни яхши кўраман. Биласизми, мен кўпроқ вақтимни саёҳат қилиш учун сарфлаган бўлардим. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида, Самарқанд, Бухоро, Хива, Нукус ва бошқа кўплаб жойларни кезишга ҳаракат қилдим. Менга бу жуда ёқади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарих билан жуда боғлиқ, шунинг учун саёҳат қилишни яхши кўраман.

– Қўшимча фикрларингиз бўлса, марҳамат!

– Мен яна бир бор Xabar.uz сайтининг барча ўқувчилари ва томошабинларига ўз эзгу тилакларимни йўллайман. Айтмоқчиманки, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ёшлар ишлаётганини кўриб, жуда хурсандман. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳам жуда яхши медиа ҳамкорлигимиз бор ва мен ўзбек оммавий ахборот воситалари жуда яхши, жуда динамик, жуда жонли ва у жуда кўп қизиқарли воқеаларни жамлаётганини кўраман. Гарчи ўзбек тилини тушунмасам ҳам, лекин элчихонадагилар ёрдамида таржима қилиб оламан. Барча оммавий ахборот воситалари ходимларига эзгу тилакларимни билдираман.

Санжар ШОМУРОДОВ суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг