Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Табиий ресурсларда келажак авлоднинг ҳам ҳақи бор»

«Табиий ресурсларда келажак авлоднинг ҳам ҳақи бор»

Фото: Xabar. uz

Яширишга ҳожат йўқ. Бугунги кунда аҳоли ўртасида безовталик бошланди. Унинг асосий сабаби эса табиий ресурслар, жумладан, табиий газ ва электр энергияси нархларининг ошгани билан боғлиқ

Маълумки, шу кунга қадар ушбу табиий ресурсларни ишлаб чиқариш ва хонадонгача олиб келиш жуда катта миқдордаги харажатларни келтириб чиқарган. Шунга қарамай, давлат томонидан субсидияларнинг ажратилгани – истеъмолчи томонидан фойдаланганлик учун унча кўп бўлмаган миқдорда тўловнинг амалга ошириб келишига сабаб бўлган. 

«Тўғри, биз табиий ресурсларга бой мамлакатмиз. Бироқ, унутмайликки, бу табиий бойликлар чегараланган. Демак, бугунги давр табиий ресурсларни чеклаш ҳамда уларни келажак авлодга ҳам етарли даражада қолдириш ташвишига боғлиқ. Аҳвол шу даражага етиб қолганми, деган савол туғилиши мумкин. Йўқ, албатта! Аммо, аёнки, табиий бойликлар қазиб олинади. Унинг ўша жойда қайта пайдо бўлиши учун эса асрлар кетади. Жуда тез, ўрни келганда, очиқ айтиш керакки, оқилона фойдаланилмаганлиги, исрофгарчиликларга ва асосан, ноқонуний фойдаланишларга йўқ қўйиб келинганлиги туфайли табиий ресурсларнинг катта қисми сарфланиб бўлинган. Қолгани эса биздан эртанги кунга, келажакка мерос бўлиб қолиши керак. Уларга келажак авлоднинг ҳам ҳақи бор. Тежаб-тергаб, оқилона фойдаланишни кечиктирмаган ҳолда бугундан бошлаш муҳим»,-деди «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали бошлиғи Ўткир Файзиев.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида нархларнинг ошишидаги сабаб ва омиллар, шунингдек, табиий ҳамда суюлтирилган газ тарифларида кузатилган ўзгаришлар хусусида тўхталиб ўтилди.

«Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали директори биринчи ўринбосари Сирожиддин Авезовнинг сўзига кўра, вилоятда 290 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчилари бўлиб, 800 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд. Билдирилишича, истеъмолчилар ўртасида табиий ресурслардан фойдаланишда исрофгарчиликлар ва ноқонуний фойдаланишлар ҳам юзага келган.

Маълумотга кўра, ўтган мавсумда вилоятнинг қатор туманларида табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар фош этилган. Жондор туманидаги ғишт ишлаб чиқариш цехларидан бирида ўтказилган ўрганишда мансабдор шахслар томонидан «Жондор 1» ГТСдан «Ойтуғди» маҳалласи Пешқандоқ қишлоғи йўналишида тортилган диаметри Д 530 мм. бўлган газ қувурига ноқонуний уланилган. Ушбу қувурдан жамиятга қарашли ғишт ишлаб чиқариш цехигача ер остидан, яширинча диаметри 25 мм. бўлган қувур тортиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинган. Бундан ташқари, «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали мутахассисларининг далолатномасига кўра, умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш оқибатида, ишлаб чиқариш цехларидан бири уч йил давомида умумий қиймати 4.935.006,0 м3 табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланилиб, жами 4 млрд. 935 млн. сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етказган. Яна бир жамият ғишт ишлаб чиқариш цехигача ер остидан, яширинча диаметри 25 мм. бўлган қувур тортиб, умумий қиймати 4.827.918,0 м3 табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиши оқибатида 4 млрд. 828 млн. сўмлик жуда кўп миқдорда зарар келтирган.

«Айрим ҳолатларда қарздорлигини тўламай юрган истеъмолчилар ҳам топилади. Бундай пайтда, бу истеъмолчи табиий газ фойдаланувидан автоматик тарзда узиб қўйилади. Ҳар бир ресурсдан оқилона фойдаланиб, тўғри тушуниб, қадрига етиш керак. «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг нечоғли аҳамиятлилиги тушуниб етилса, ҳеч қандай безовталикка ўрин қолмайди»,-деди Сирожиддин Авезов.

Матбуот анжуманида электр ҳамда табиий газ исроф бўлишининг олдини олиш учун нафақат, хонадонга олиб кирадиган қувурларни, балки, хонадон ичини ҳам изоляция қилиш тўғрисида сўз борди.

«Аҳоли кўп ҳолларда совуқ кунларда табиий газ ҳисобига иситиш печини ёқиб қўяди. Тўғри, хоналар исийди. Аммо, девор ва деразалардаги нобоплик, яъни, ёриқ, тешик ёхуд туйнуклар мавжудлиги сабаб иссиқлик кўчага чиқиб кетади. Бу эса тоза ҳавони заҳарламай қўймайди. Хона девор ва деразаларини изоляция қилиш ҳам соғликка фойда, ҳам тўловда ортиқча харажатларнинг олдини олади. Маълумки, кўп қаватли хонадонларда иситиш қозонлари, аристонлар қўйилган. Ишга, ўқишга кетишдан олдин ушбу воситалар ўчириб қўйилса, ҳам табиий газ, ҳам электр энергиясидан 7-8 соат ичида 15 фоизгача иқтисод қилинади. Бу ҳам оилавий бюджетга, ҳам келажак авлодга фойда келтиради»,-деди жамиятнинг молия-иқтисод масалалари бўйича директори Илҳом Аслонов.

Маълумот ўрнида: «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали томонидан мамлакатда илк бор мобил илова ишга туширилди. Ушбу мобил иловага кўра, Бухорода газ «заправкалар»нинг қайси бири қандай ва қандай шароитда фаолият олиб бораётганини 24 соат давомида кўриш имкони яратилган. Ушбу илова орқали қайсидир АГТКСда тирбандлик юзага келганини ҳам онлайн кузатиш ва туғилган муаммони ўз вақтида бартараф этиш имкони бор.

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг