Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва бунинг иқтисодиётга ижобий таъсири

Ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва бунинг иқтисодиётга ижобий таъсири

Иллюстратив фото

Бугунги кунда рақамли технологиялар тараққиётнинг асосий локомотивларидан бирига айланмоқда. Жаҳондаги барча давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам рақамли иқтисодиётни шакллантириш, уни ҳар бир ҳудудда ривожлантириш ва бу орқали иқтисодий ўсишни таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаган. Ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш нафақат замонавий бошқарувни таъминлайди, балки ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.

Кейинги йилларда ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали соҳани янги босқичга олиб чиқиш борасида Ўзбекистон президентининг бир қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди. Натижада ҳудудлар ва соҳаларни рақамлаштириш бўйича қатор лойиҳалар жорий этилмоқда. Бу орқали давлат органлари, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратилмоқда, иш унумдорлиги оширилмоқда.

Электрон давлат хизматлари кўрсатилиши йўналиши бўйича

Хоразм вилоятида 2025 йилнинг I ярим йиллигида кўрсатилган давлат хизматлари сони 438 867 тани ташкил этган. Шундан 281 051 таси (64 фоизи) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон аризалар, 157 816 таси эса анъанавий давлат хизматлари маркази орқали кўрсатилган. Йил якунига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 800 тага етказиш режалаштирилган.

Ушбу кўрсатилган хизматлар орасида мурожаатлар сони бўйича энг талабгир хизматлар — «Ипотека кредитига давлат субсидиясини олишга ариза бериш» (68 635 ёки 15,6 фоиз), «Кредит тарихи тўғрисида маълумотнома бериш» (33 273 ёки 7,6 фоиз), «Чет тилини билиш даражасини аниқлаш» (20 470 ёки 4,7 фоиз)дир.

Микроҳудудларнинг рақамлашганлик ҳолати ва 1-синфга онлайн қабул қилиш улуши бўйича

Бугунги кунда Хоразм вилоятида жами 542 та умумтаълим мактаби мавжуд бўлиб, шулардан 3 та туман (Гурлан, Янгиариқ ва Янгибозор туманлари) ва 2 та шаҳар (Урганч ва Хива шаҳарлари)даги 169 та мактаб 161 та микроҳудудга бириктирилган.

Вилоятда жами 531 та микроҳудуд мавжуд бўлиб, рақамлаштирилган микроҳудудлар сони 160 та, умумий микроҳудудлар сонига нисбатан 30 фоизни ташкил қилади.

Умумтаълим мактабларининг 1-синфига ўқувчиларни қабул қилиш бўйича йўлга қўйилган онлайн хизмат соҳада шаффофликни таъминлаб, коррупциянинг олдини олишга ҳамда ота-оналарга қўшимча қулайлик яратишга хизмат қилмоқда.

Ижро интизоми идоралараро электрон ҳужжат айланиш тизими бўйича

2025 йил 1 июль ҳолатига кўра, Хоразм вилоятида идоралараро электрон ҳужжат айланиш тизимига уланган ташкилотлар 2 281 тани ташкил этди.

Вилоятдаги edo.ijro.uz тизимига уланган ташкилотларнинг 78 фоизни давлат ташкилотлари ҳамда 22 фоизини нодавлат ташкилотлар ва хўжалик ҳисобидаги корхоналар ташкил қилади.

Ҳужжатларни қайта ишлаш, кўриб чиқиш ва ижросини таъминлаш учун ҳужжатнинг турига қараб ўртача 3-5 дақиқа вақт олади.

Қоғоздаги ҳужжат айланишининг камайиши — Электрон форматда ҳужжатлар билан ишлашга ўтиш натижасида қоғозда юритиладиган ҳужжатлар сони 96 фоизгача камайди.

Бу эса ўз навбатида, қоғоз сарфи, архивлаш ва етказиб бериш билан боғлиқ харажатларни сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилмоқда.

Жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилиши бўйича

Бугунги кунда Урганч ва Хива шаҳарларида жамоат транспорти (автобус) йўлга қўйилган бўлиб, жами 296 та автобус ҳаракатланади. Шундан Урганч шаҳрида 284 та автобусдан 153 таси (54 фоиз), Хива шаҳрида 12 та автобусдан 12 таси (100 фоиз) АТТО электрон тўлов тизимига уланган.

Жорий йилнинг шу даврига қадар жами тўловлар сони 4 302 300 бўлса, АТТО орқали Урганч шаҳрида 3 989 405 маротаба (92,7 фоиз), Хива шаҳрида эса 312 895 маротабани (7,3 фоиз) ташкил этди. АТТО тизимини вилоятдаги қолган туманларда жорий қилиш орқали жамоат транспортидан фойдаланувчи аҳолига янада қулай шарт шароитлар яратилади.

«Ақлли шаҳар» тизимларини жорий этиш бўйича

Бугунги кунда Урганч шаҳар ҳокимлигида «Ақлли шаҳар» ахборот тизими жорий этилмоқда. Бу орқали шаҳарни бошқаришда ва истиқболда стратегик ривожланиш режаларини белгилашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан жорий йилнинг декабрь ойида Хоразм вилояти тажрибаси асосида «Урганч шаҳрида ақлли ва рақамли жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими» ва «Сунъий интеллектда бошқарилувчи ҳокимлик» лойиҳалари бўйича республика ўқув-семинари ташкил қилиш белгиланган.

Дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналиши бўйича

Yagona Integrator «UZINFOCOM» MChJ Хоразм филиали дастурчилари томонидан республикамизда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг HET Billing дастурий комплекси ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Натижада истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергиясини мониторинг ва ҳисоб-китоб қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Ҳозирги кунда Yagona Integrator «UZINFOCOM» MChJ Хоразм филиалида 100 нафардан ортиқ малакали ёш дастурчи мутахассислар юқори даромадли иш билан таъминланган. Дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилган мазкур ижобий ишлар ҳудуд даражасида дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада жадаллаштиришга зарурат мавжуд эканлигини яна бир бор исботлайди.

Юқорида кўриб чиқилганидек, иқтисодиёт тармоқларида замонавий рақамли технологияларни жорий этиш фақатгина ижобий самарага эришишга ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратишга, уларнинг даромадларини оширишга хизмат қилади. Шу сабабли, ҳудудларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш масаласи ўзининг долзарблигини йўқотмайди.

Зафар Каримов,
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги
Хоразм вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг