Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИВ Мубашшир Аҳмаднинг қўлга олиниши юзасидан расмий маълумот берди

ИИВ Мубашшир Аҳмаднинг қўлга олиниши юзасидан расмий маълумот берди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган диний уламо Алишер Турсуновнинг Ўзбекистонга депортация қилингани ва қамоққа олинганини тасдиқлади.

ИИВга кўра, қидирувда бўлган 51 ёшли Алишер Турсунов 8 май куни Туркияда ушланиб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган.

“А.Турсуновнинг таъсислигидаги ахборот платформалари орқали ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотларда, тегишли экспертиза хулосаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид ахборот мавжуд бўлганлиги сабабли, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244 прим 1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 3-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.

Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол бўлган диний уламо – Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Мубашшир Аҳмад бир неча йилдан буён Туркияда истиқомат қилаётган эди. У 2023 йил охирида Туркия полицияси томонидан ўзи яшаб турган уйидан жамоат хавфсизлигига таҳдид гумони билан олиб кетилган, 55 кун депортация марказида ушлаб турилиб, айбловлар исботини топмагани сабаб 2024 йил февралида қўйиб юборилган эди.

Унга нисбатан Ўзбекистонда жиноят иши очилгани ҳақида жорий йил февралида маълум бўлганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг