Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш. Афзаллиги нимада?

Ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш. Афзаллиги нимада?

Фото: «Xabar.uz»

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 майдаги ПҚ-3741-сонли қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби ўрнатилди.

Хўш, янги тартибнинг афзаллиги нимада?

Биринчидан, кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тизими соддалаштирилди. Эндиликда, Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги «Ижара шартномаларини ҳисобга олиш» интерактив хизмати орқали куннинг исталган вақтида ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш мумкин. Яъни, ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатлар ҳамда узундан-узоқ навбатда туришлар бўлмайди.

Иккинчи қулайлиги, жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтган жойидаги ҳамда ижарага берилаётган кўчмас мулк жойлашган манзил бўйича давлат солиқ инспекцияларига ташриф буюрган ҳолда ижарага берувчи ва олувчи ўртасида белгиланган шаклда тузилган ижара шартномасини тақдим этиш орқали амалга ошириш мумкин.

Ижара шартномаси ҳисобга қўйилгандан сўнг, ижарага берувчига шартнома ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида «Билдиришнома» ва жорий йил учун ҳисобланган даромад солиғини тўлаш бўйича тўлов хабарномаси тақдим этилади. Натижада, кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида 20 минг нафардан ортиқ юридик ва жисмоний шахс ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйди.

Кўпчиликни қизиқтирган саволлардан яна бири янги тартиб жорий қилингунга қадар тузилган ижара шартномаларининг тақдири нима бўлади?

Муддати тугамаган (мисол учун, 2018 йил 31 мартдан 2019 йилнинг 31 мартигача тузилган) ижара шартномалари амал қилиш муддатига қадар ўз кучини йўқотмайди ва ушбу шартномаларни қайта давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш талаб этилмайди.

Шунингдек, ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга ҳисобланган солиқнинг бир йиллиги олдиндан тўлаб қўйилган бўлса, (масалан, 2018 йил 31 мартдан 2019 йилнинг 31 мартига қадар солиқ тўланган) ижара шартномаси бўйича олинган даромадларга 2018 йилда 7,5 фоизда, 2019 йил 1 январдан 12 фоиздан солиқ ҳисобланади.

Ижара шартномасини ҳисобга қўйиш учун солиқ органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида ижара миқдорининг энг кам меъёри 1 кв.метр турар-жойлар учун 10 000 сўм ва нотурар жойлар учун 20 000 сўм миқдорида белгиланган. Мисол учун: 50 кв.м уй-жой учун 1 ойга 500 минг cўм (50*10 000 сўм). Шунда 500 минг сўмлик ижара учун ойига (500000*12%= 60 000 ) 60 минг cўм даромад солиғи ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1591-моддасига асосан, фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш, текин фойдаланишга бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик энг кам иш ҳақининг (202 730 сўм) беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда (1 миллиондан 2 миллионгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг