Илон Маск 2050 йилда 1 миллион кишини Марсга жўнатмоқчи
Америкалик миллиардер, SpaceX компаниясининг хўжайини Илон Маск келажак учун тузган режалари қатъийлигини яна бир бор тасдиқлади: Ой ўзлаштирилади, 2050 йилда Марсга миллион киши юборилади. Маск бу ҳақда SpaceX базасидаги қисқа маърузасида сўзлаб берди. Таъкидланишича, SpaceX бўлғуси фазовий миссияларга ҳозирлик кўришни бошлаб юборган.
Тақдимот чоғи Маск айтишича, такрор муваффақиятсизликларга учраган Starship кемаси келгуси йили тўлиқ тайёр бўлиши зарур. Бироқ бу кема одамларни ўзга сайёраларга олиб учмайди. Ерликлар Марсга Starship кемасининг учинчи итерацияси (авлоди) билан парвоз қилади. Аммо бунинг учун жуда кўп меҳнат ва изланишлар талаб этилади.
«Коинот тахминан 13,8 млрд ёшда, Ернинг ёши 4,5 млрд атрофида, агар ёзув пайдо бўлганидан ҳисобласак, онгли цифилизацияга 4,5 минг йил ҳам бўлмади. Демакки, Starship инсониятга 4,5 минг йил ичида ўзини диверсификациялаш уриниш ва мултисайёравий турга айланишга уриниш имконини берувчи илк лойиҳа бўлади. Илгари технологик жиҳатдан бунга имконсиз эдик, бироқ SpaceX ва Starship технологиялари билан умидбахш имкониятлар пайдо бўлмоқда», — деди Маск.
У Марсда ўзини ўзи таъминлай олувчи цивилизацияни қуриш мумкинлигига ишонмоқда. Бунинг учун 1 миллион киши ва 20 йил керак бўларкан. Одамларни ва керакли нарсаларни Марсга элтиш учун юзлаб кемалар қурилади.
«Бошланишига сайёралараро, кейин юлдузлараро турга айлана олсак, бизнинг цивилизациямиз миллион йиллар барҳаёт бўлади. Акс ҳолда — бир неча юз йил», — таъкидлади Илон Маск.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter