Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон ўзлиги қиссаси: Бахтиёр Абдуғафурнинг “Азал муҳри” романи ҳақида

Инсон ўзлиги қиссаси: Бахтиёр Абдуғафурнинг “Азал муҳри” романи ҳақида

Бугун сизлар билан ноодатий китоблардан бирини варақлаймиз. Бу яқинда “Академнашр” чоп этган, ёзувчи олим Бахтиёр Абдуғафурнинг “Азал муҳри” илк ўзбек интеллектуал триллеридир.

Китоб бугунги гаджетлар, ижтимоий тармоқлар, интернет замонида тобора ўзлигини йўқотиб бораётган инсоннинг ўзи кашф этган Сунъий Онг билан муносабати ҳақида сўзлайди.

Сюжет чизиғи ўзбек биолог олими, профессор Анвар Абдулҳамид ҳамда минг йил олдин Бағдодда яшаб, юқумли касалликларга даво топган табиб ватандошимиз Абу Бакр Бухорий бошидан кечирган воқеалар ҳақида параллел ҳолда ҳикоя қилади. Асарда бизга ноодатий яна бир асосий қаҳрамон - Сунъий Онг ҳам бор.

Асар воқеалари шундай шиддат билан юз берадики, ўқувчи асар ичида яшайди ва барча қаҳрамонларни ҳис қилади.

Муаллиф Бахтиёр Абдуғафур аввало биолог олим, сўнгра адиб сифатида Сунъий Онгнинг, умуман, интернетнинг замонавий, моддий жиҳатдан тўлиқ таъминланган, аммо, афсуски, руҳияти, эътиқоди борган сари оқсаётган Одам болаларига ўта жиддий таъсирини бадиий ва фалсафий жиҳатдан теран таҳлил қилган.

Инсоният турли қутқулар, ўзи ўйлаб топган бўлмағур ғоялар, фикрлар таъсирида фақат озиқ-овқат, пул, маълумот истеъмол қилувчи, ўз роҳатини ўйлайдиган биологик мавжудотга айланиб, Яратган инъом этган қалб, руҳ, иймон-эътиқод неъматидан узоқлашиб кетгани жонли мисоллар билан келтириб берилади. Бу ҳолат ўта ёмон оқибатларга олиб келишига ишоралар беради.

Зотан, ўтган ХХ асрдаги урушлар, оммавий қирғин қуроллари, турли ёлғон мафкуралар, яқиндагина тугаган “коронавирус” пандемияси ҳам Одам болалари “кўзини очмаганидан” адибнинг афсуслари саҳифаларда сезилади.

Айни вақтда китобхон бугунги замонавий микробиология, вирусология, нанотехнология, “ай-ти”, илмий кашфиётлар қанчалик даражада ривожлангани, ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳақида муфассал маълумот ва тушунчага эга бўлади.

Шу ўринда адиб биз доим фахрланадиган аждодларимизнинг чин издоши, ахлоқли инсон, етук олим Анвар Абдулҳамид орқали ўз орзусидаги ўзбек зиёлиси образини адабиётимизга тақдим этган.

Китобнинг тили алоҳида эътирофга лойиқ. Унда кўп атамаларнинг соф ўзбекча шакли келтирилган. Агар улар сўзлашувда қўлланилса, жонажон тилимиздаги рус ва инглиз тилларининг таъсири бир оз бўлса-да ортга чекинган бўлар эди. Масалан: Сунъий Онг - Сунъий интеллект, тожўлат – коронавирус, тўр – интернет, тўрбет – сайт, тикучар – вертолёт, чироқёққич – включатель, тезпишар таомлар – фастфуд, видеомулоқот – видеовызов, улама даҳлиз – трап, учоқ – самолёт, эмдори - вакцина, ораочди – разборка, елимидиш – баклажка, омол - идеал.

Хулоса ўрнида нима дейиш мумкин?

Замонавий технологиялар керак. Уларсиз ҳаётни тасаввур қила олмаймиз. Лекин улардан фойдаланаётган Одам боласи чин эътиқодли, руҳияти тўйинган бўлиши лозим.

“Бунинг учун инсон унга берган руҳини ҳам бутун ҳаёти давомида озиқлантириши, тўлиқ эркин бўлиш баҳонасида ахлоқсизликларга қўл урмаслиги, нима учун бу дунёга келганини унутмаслиги, унга тақдим этилган умрни Одам боласи деган улуғ номга муносиб яшаб ўтишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, унинг ҳаёти шу дунёнинг ўзидан иборат эмас. Агар бунинг тескариси бўлса, одамзот, шубҳасиз, ҳалокат юз тутиши муқаррар”, - демоқчи ёзувчи.

Шу ўриндан асардан айрим и қ т и б о с л а р келтиришни лозим топдим:

- Тиббиётда касалликлар ёшаряпти дейишади, фанда эса профессорлар;

- Ёвузликка қарши курашиш учун ҳам бизда билим бўлиши керак;

- Инсоният тарихи ўз фитратига исён тарихидир;

- Тараққиёт – инсоннинг чексиз эркинлиги. Айни вақтда мутараққий жамиятда инсон ожизлигича қолаверади. Ана шунда одам боласи Унинг иродаси олдида заррача қиймати ва салмоғи йўқлигини англайди;

- Биз қачон бу тўқсон етти фоиз маълумотни била оламиз, қачонки бу ирсий маълумот – юзага чиқишга мажбур бўладиган шароит келса! Бу қандай шароит? Бу ... инсониятга ҳали маълум бўлмаган касалликлар чиқса, айтайлик, ҳаво таркиби... ўзгарса, кутилмаган радиоактив нурлар пайдо бўлса;

- Одамлар бир-бирининг риоясини қилмоғи, ҳаддини билмоғи керак;

- Мантиқий хулоса: Инсоннинг феъл-сажиясида қирғин ва ваҳшийликка мойил. Бу мойиллик аста-секин заруратга айланиб бормоқда;

- Бизнес ҳам сиёсат аслида. Сиёсатнинг тили ва луғати – ёлғон, буни ҳеч қачон ёдингдан чиқарма;

- Инсоният асрлар давомида яшаган умридан бир хулосага келдим: Қудрат Яхшининг қўлида хайрдир, Ёмоннинг измида ҳалокатдир.

Китоб бошқа тилларга таржима қилишга арзийди ва бестселлерга айланиши ҳам мумкин. Роман мотивлари асосида “Терминатор” ёки “Интерстеллер” даражасидаги бадиий фильм ишланар, эҳтимол.

Аваз Алижонов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг