Интернет нархи мунтазам пасайиб боради
«Ўзбектелеком» АК биринчи чоракда оператор ва провайдерлар учун интернет-каналлар тарифини 1 Мбит/с. учун 70 128 сўмгача пасайтирди. Бу ҳақда компания тижорат директори вазифасини вақтинча бажарувчи Алишер Зуфаров бугун, 28 май куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
«Интернет нархлари ундан қандай фойдаланишимизга боғлиқ. Яъни вақт ўтиши билан ундан қанча фойдаланишади, оператор ва провайдерлар уни биздан қанчага сотиб олишади-ю ўз абонентларига қанча арзон ёки қиммат ва тезликда тақдим этишади. Бу нарх оператор ва провайдерлар учун, турган гапки, фойдаланувчилар учун ҳам мунтазам пасайиб боради», — деди Алишер Зуфаров.
Брифингда компания амалга оширилаётган улкан лойиҳалар, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ҳам сифатли алоқа тизимларини яратиш ва оптик-толали алоқа линияларини барпо этиш ишлари ҳақида журналистларга сўзлаб берилди.
Маълумот берилишича, 2019 йилнинг дастлабки тўрт ойида компания томонидан:
- Линия-кабель иншоотларини техник нормаларда тутиб туриш учун эскирган телефон линиялари таъмирланган ва алмаштирилган, турли тоифа ва сиғимдаги 4 минг километрдан зиёд мис кабеллар янгиланган, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида xDSL технологияси бўйича тақдим этилаётган алоқа параметрлари ва хизматлар сифати яхшиланган.
- Жами сиғими 150 минг портдан зиёд КПУ (кенг полосали уланиш) қурилмалари ўрнатилиб, абонентларга FTTx технологияси асосида оптик алоқа линиялари орқали хизматлар тақдим этила бошланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 2 408 та кўп қаватли уй, 1 108 та умумтаълим мактаби замонавий алоқа хизматлари билан таъминланган.
- Аҳоли ва бошқа ижтимоий объектларга GPON технологиясига асосланган замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун 2019 йил бошидан бери 5 000 километрдан ортиқ оптик-толали алоқа линиялари ётқизилган.
- Айни пайтда бутун Ўзбекистон бўйлаб умумий сиғими 54 272 портга тенг VDSL қурилмалари, сиғими 146 944 портга тенг GPON қурилмаларини ўрнатиш ишлари давом этмоқда ва жорий йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилади. Қолаверса, учинчи чорак охиригача умумий сиғими 600 минг портдан зиёд GPON технологиясига асосланган қурилмаларни етказиб бериш режалаштирилган.
Таъкидланишича, компания абонентлар билан ишлашга алоҳида урғу бермоқда. Масалан, мамлакатимизнинг барча минтақаларидан қўнғироқлар марказлаштирилди: мурожаатлар «Ўзбектелеком» АК «Чақириқларга хизмат кўрсатувчи ягона маркази»нинг «1084» ва «1086» қисқа рақамларига йўналтирилмоқда. Яна бир қулайлик эса 2019 йил 15 майдан интернет хизматлари учун тақвимга боғланмаган тўлов тизимининг жорий этилиши бўлди.
Брифингда компания томонидан «Uz-IX» пиринг тармоғини ривожлантириш бўйича ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter