Испания яқин келажакда Тошкентда ўз элчихонаcини очади
Ўзбекистон Испанияни Европадаги ишончли ва истиқболли ҳамкор деб билади ва расмий Мадриднинг яқин келажакда Тошкентда элчихона очиш режаларини олқишлайди.
Бу ҳақда Полшанинг Лодз шаҳрида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Владимир Норов ҳамда Испания Қироллиги Ташқи ишлар, Европа Иттифоқи ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануел Албарес Буено ўртасида 1 декабр, пайшанба куни бўлиб ўтган учрашувда қайд этилди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Испания ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Ўзбекистон-Испания кўп қиррали ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишган.Томонлар, шунингдек, жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Испания сиёсий маслаҳатлашувларининг еттинчи раундининг самарали натижаларини қайд этиб, ушбу шаклдаги мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ташқи иқтисодий алоқалар кўрсаткичларини ошириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш, қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, мамлакатимиз бозори имкониятларини ўрганиш мақсадида Испаниянинг етакчи компанияларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан аниқ таклифлар кўриб чиқилди.
Вазирлар туризм, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter