Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил яна бир мудҳиш жиноятда айбланди

Исроил яна бир мудҳиш жиноятда айбланди

625 минг фаластинлик бола таҳсил имконидан маҳрум қолмоқда.

Фото: Reuters

Ғазо секторида уруш олиб бораётган Исроил армияси фаластинлик профессор-ўқитувчилар ва олимларни қасддан ўлдирмоқда. Бу ҳақда қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган Euro-Med Human Rights Monitor инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, Исроил армияси уюштирган ҳужум ва бомбардимонлар оқибатида 2023 йил 7 октябрдан 20 январга қадар Ғазода 17 нафар профессор, 59 нафар фан доктори ва 18 нафар фан магистри ҳалок бўлган. Ўлдирилганлар Ғазо секторидаги университетларда фаннинг турли йўналишлари бўйича сабоқ бериб келган тажрибали олим ва педагоглар эди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 6 декабрь куни Исроил армияси томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо Ислом университети профессори, Буюк Британияда таҳсил олган олим Рифаат Ал-Арийр бевақт ҳаётдан кўз юмганди.

Euro-Med Monitor уруш шароитида жиноятларни ҳужжатлаштириш қийин экани, бинобарин, ҳалок бўлган олимлар ва профессорлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Тўрт ой ичида Ғазодаги ўндан зиёд университет портлатилди. Фото: Euro-Med Monitor

4 ойдан буён давом этаётган уруш давомида Исроил Ғазодаги ўндан зиёд олий ўқув муассасаларини ҳам вайрон қилган. Масалан, Ал-Исро университети дастлаб яҳудий ҳарбийлари казармаси сифатида фойдаланилган, сўнг портлатиб юборилган. Олий таълим даргоҳи портлатилиши акс этган лавҳани BBC эълон қилди.

The Wall Street Journal нашри эса Ғазо Ислом университетининг вайрон этилиши акс этган видеолавҳани чоп этди.

Euro-Med Monitor ҳисоб-китобига кўра, уруш давомида камида 4327 нафар талаба ҳалок бўлган, 7819 нафари жароҳатланган.

Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Ғазо ўрта таълим тизими ҳам бутунлай издан чиқди.

«Ал-Жазира»таҳлилларига қараганда, ҳудуддаги 281 та давлат мактаби ва 65 та БМТ қарамоғидаги мактаб вайрон қилинган. Уруш туфайли Ғазо секторидаги барча мактаблар фаолияти тўхтатилган.

БМТ қарамоғидаги мактаблар ҳам бомбардимондан омон қолмади. Фото: AFP/Getty Images

Сўнгги бир неча ой мобайнида 625 минг ўқувчи таҳсил имконидан маҳрум қолмоқда. Бомбардимонлардан омон қолган мактаб бинолари эса муваққат бошпана вазифасини ўтамоқда. Зеро, қарийб икки миллион киши уй-жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Euro-Med Monitor хулосасига кўра, уруш тўхтаганидан кейин ҳам Ғазо секторида олий ва ўрта таълим тизимини қайта тиклаш жуда қийин бўлади; Исроил маъмуриятининг мақсади ҳам шу.

Фаластин томони аввалроқ Ғазо секторидаги энг қадимий меъморий обидалар йўқ қилинаётгани ҳақида бонг урган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг