Истанбул: тарих, маданият ва пазандалик...
Туркияда таътил ўтказиш саёҳатдан ташқари ранг-баранг ва бой тажрибаларга эга бўлиш ҳамдир. Мамлакат якка турдаги саёҳат ва тур пакетлар учун Ўрта ер денгизидаги энг хилма-хил тажрибаларни, шунингдек, мамлакатнинг бетакрор манзилларидан унутилмас саргузаштларни тақдим этади. Истанбулнинг жонли ҳаётидан тортиб, Эгей ва Ўрта ер денгизининг қуёш нурларига бурканган қирғоқларигача ҳар бир турк манзили сайёҳларга «дунёга машҳур турк меҳмондўстлиги»ни таклиф этади.
Анталия: тенгсиз таклифлари билан бамисли «Жаннат»
Турк Ривиераси нафақат Туркиянинг ажойиб гўзаллиги билан ташриф буюрувчиларни ўзига жалб қиладиган энг яхши ёзги манзили, балки энг бетакрор денгизи ва Мовий байроқли пляжлари билан кўпчиликнинг севимли таътил мазилига ҳам айланиб улгурган. Турк Ривиераси «пойтахти» ҳисобланмиш Анталия эса энг ҳаяжонли манзаралари, мазали денгиз таомлари, саргузаштларга бой қадамжолари, куну тун ишловчи музейлари ва треккинг маршрутларидан сув спортигача бўлган қизиқарли фаолиятлари билан барча сайёҳларни ўзига жалб этади. Бу хилма-хилликни ҳисобга олсак, Анталия ҳар йили миллионлаб сайёҳларни қабул қилиши ажабланарли эмас.
Шаҳардаги оилавий меҳмонхоналарда, мовий байроқли пляжларда дам олиш мумкин, болалар эса ўйин майдончалари, бассейнлар ва болалар клубларида вақтни мароқли ўтказишади. Бундан ташқари, Olympos каби қадимий шаҳарларда археологик экспедицияга бориш, Ликия йўли бўйлаб юриш, Кашдаги ҳалокатга учраган кемаларнинг қолдиқларини ва сеҳрли фауна орасидаги сув ости дунёсини ўрганиш, Белекдаги гольф курортларидан баҳраманд бўлиш ҳамда Аспендос антик театрида маданий шоу томоша қилиш – бу кишиларга унутилмас лаҳзаларни тақдим қилади.
Кўпрулу дарёсида ҳаяжонли рафтинг тажрибаси эса шаҳарнинг мисли кўрилмаган, ҳақиқий тажрибаларидан биридир.
Муғланинг абадий бошпаналари ва Бодрумнинг рамзий жозибаси
Туркиянинг энг узун қирғоқ чизиғига эга бўлган Муғлада Фетҳие, Мармарис, Датча, Гўжек ва Ўлидениз каби Туркиянинг энг машҳур дам олиш масканлари жойлашган. Зилол сувлари бўлган гўзал қирғоқда жойлашган ушбу шаҳарчаларда турли хил саёҳатлар учун барча тажрибалар мавжуд: кўк ва яшил ландшафтлар, антик шаҳарлар, мафтункор артефактлар, тоза ҳаво, фируза сувлари ва қўл тегмаган кўрфазлар.
Диққатга сазовор курорт шаҳар Бодрум эса дам олиш маскани бўлиш билан бирга сайёҳларнинг ҳаяжонни бошдан кечиришлари учун идеал манзил ҳамдир. Бодрум шу қадар ажойиб жойки, ҳатто бу ерда дунёнинг етти мўъжизасидан бири бўлган қадимги Галикарнас мақбараси жойлашган. Бодрум сувларининг бетакрор мовий ранги Эгей денгизининг бошқа ҳеч бир жойида учрамайди, ҳар бир қуёш ботиши унутилмасдир. Бироқ, бу ерда кутилаётган ажойиботлар бу билан чекланмайди. Ҳашаматли пляж клублари, замонавий мариналар, Мишел юлдузли гурме ресторанлари ёки дам олиш масканларининг қулай муҳити, шулар жумласидан.
Истанбул: Тарих, маданият ва пазандалик мукаммаллиги мозаикаси
Европа Осиё билан учрашадиган, тарих ва замонавийлик уйғунлашган Туркиянинг метрополиси Истанбул дунёнинг сайёҳлик шаҳарлари орасида ўзига хос ўринни акс эттиради.
Шаҳар Ая Софя, Галата минораси, Еребатан сардони ва бу каби тарихий жойлар, меъморий мўъжизалари билан ушбу манзилларнинг ўзига хослигини эслатиб туради. Истанбул билан чуқуроқ танишилар экан, инсон ўзини дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бирида сайр қилаётгандек ҳис қилади. Қолаверса, шаҳарнинг гавжум бозорлари, замонавий савдо мажмуалари, тобора кенгайиб бораётган санъат ва маданият саҳнаси, жонли маҳаллалар ўзига хос завқ бағишлайди.
Мишел юлдузли ресторанлардаги нафис ошпаз столларидан тортиб, энг оддий, лекин энг мазали кўча таомларигача Истанбулни дунёдаги энг яхши гастрономик шаҳарларидан бири сифатида тақдим этаверади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter