Италия президенти Хоразмга борди (фото)
Расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла ва унинг қизи Лаура Маттарелла бугун, 11 ноябрь куни Хоразмга борган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Урганч халқаро аэропортида меҳмонларни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов кутиб олган.
Италия Президенти Хивадаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг тарихий-маданий ёдгорликлари билан танишган.
Делегация вакиллари музей- қўриқхона ходимлари, сайёҳлар, ҳудудда фаолият кўрсатаётган ҳунармандлар билан суҳбатлашди.Сержо Маттарелла музей-қўриқхонанинг хотира китобига эсдалик сўзларини ёзиб қолдирди.
Шунинг билан Италия Президентининг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сержо Маттарелла Самарқандга бориб, мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси билан яқиндан танишганди.
Сержо Маттарелла 9 ноябрь куни Ўзбекистонга келганди. Италия президентига қизи қизи Лаура Маттарелла ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олганди.
10 ноябрь куни эрталаб меҳмонлар “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйишди.
Кейинчалик Кўксарой қароргоҳида Италия Президенти Сержо Маттареллани расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Кўксарой қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди.
Музокаралардан сўнг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter