Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамиятда илм тарғиботи

Жамиятда илм тарғиботи

Фото: mergersandinquisitions.com

Мен ҳаётда қатъий ишонч билан яшайдиган маслак шуки, айнан илм-фан инсоният цивилизациясини етаклаб борадиган кучдир. Тарихнинг қайсидир босқичида муайян цивилизация ўз замонасининг энг илғори бўлган бўлса, бунга ҳеч бир истисносиз, фақат ва фақат илм-фан борасида бошқалардан илғор бўлгани эвазига эришган. Аксинча, қайсидир тамаддун ўз нуфузини йўқотиб, оқибатда бошқаларга муте бўлиб, инқирозга юз тутган бўлса, у ҳам ўша жамиятда илдиз отган илмсизлик ва жоҳиллик оқибатида шундай аҳволга тушган. Зеро, Беруний ҳазрат айтганидек, илмга рағбат йўқ жойда жоҳилликка мойиллик пайдо бўлади.

Фикримча, биз ўзбеклар орзу қилган тараққиёт ҳам ёки турли фитна-фасодлардан нажот ҳам фақат илмдан келади. Шунга кўра ярим финал имкониятидан фойдаланиб, жамиятимизда илмни янада кенгроқ ёйиш борасидаги анчадан буён дилимда тугиб келаётган фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Маслакдошларни ва илм-фанни халқ орасида ёйишдек эзгу ишни қўллаб-қувватлашга тайёр меценатларни топиш ниятим ҳам йўқ эмас...

Хўш, илмни янада кенгроқ ёйиш деганда нимани назарда тутаяпман ўзи? Хорижда «Popular Science», русларда «Популярная наука» дейилгувчи бу нарса илмий тушунчалар ҳақида тушунарсиз терминологиядан холи равишда, мураккаб формулаларсиз, халқчил тилда, яъни оммабоп тарзда баён қилишни назарда тутади. Илмни жамиятда кенг ёйиш орқали ундаги зиёли қатлам салмоғининг ортишига эришилади. Натижада биз шунчаки саводли жамият эмас, балки зиёли жамият барпо этамиз. Биз орзу қилган кучли фуқаролик жамияти зиёлилар қатламининг потенциали устига барпо этилса яхшироқ бўлади албатта. Жамиятда илм-фанни оммалаштириш айниқса ундаги ёшлар қатлами учун ўта муҳимдир. Чунки айнан ҳозирги ёшларнинг интеллектуал даражаси бутун бошли жамиятнинг яқин ва узоқ келажагини белгилаб беради. Боз устига қонун устуворлигини англайдиган, ўз мустақил фикрига эга бўлган, онгли равишда, сидқидилдан халққа хизмат қиладиган комил шахсни шакллантиришда ҳам ёшларга илм-маърифатни сингдиришга асосланган тарбия яхшироқ самара беради. Фикримча, бу усул ҳар қандай бошқа усуллардан кўра, айтайлик тадбирбозликка асосланган тарғибот кампанияларидан ва нуқул теологик таълимотга асосланган тарбиядан кўра самаралироқ бўлган бўлур эди.

Илм жамиятда кенг ёйилишидан кимлар манфаатдор бўлади?

Албатта биринчи навбатда жамият ва фуқароларнинг ўзи. Инсонга табиатан хос бўлган борлиқни англаш ва замондан орқада қолмаслик сингари фундаментал эҳтиёж учун ҳозирги замонда саводли бўлишнинг ўзи етарли эмас. Шу сабабли ҳар бир одам учун албатта замонавий илмдан бохабарлик зарур (ҳеч бўлмаса «назарий минимум» даражасида).

Иккинчидан, одамлар орасида илмнинг ёйилишидан бизнес ва саноат ҳам кучли манфаатдор. Чунки бизнеснинг ва ишлаб чиқаришнинг равнақи ёки касод бўлиши юқори малакали кадрларга боғлиқ.

Учинчидан, олимлар, яъни академик элита манфаатдор. Улар учун ўзларига янги шогирдларнинг узлуксиз етишиб келиши ҳамда илмнинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини асослаш муҳимдир.

Лўнда қилиб айтганда, жамият орасида илмни имкон қадар кенг ёйиш ҳеч ким ютқазмайдиган ва натижаси истисносиз равишда фақат ижобий бўладиган ҳаракат бўлур эди. Шу нуқтаи назардан жамиятда илмни ёйишга киритиладиган сармоя бутун келажакка тикилган сармоядир десак тўғри бўлади.

Таассуфки, айни пайтда бизнинг жамиятимизда илмни кенг ёйиш амалиёти деярли эътибордан четда қолган. Шу боис кейинги сатрларда бироз пессимистик мулоҳазалар келтираман.

Кузатишимча, ҳозир бизда айрим энтузиастларни ҳисобга олмаганда жамиятда илм тарғиботи билан деярли ҳеч ким шуғулланмаяпти. Телевидение ва матбуотда онда-сонда бериладиган илмий дастурларнинг кўлами спорт дастурлари ва кўнгилочар-мусиқий дастурлар, айниқса тузи паст қўшиқлардан иборат бемаъни шоу дастурлар кўлами билан таққослаб бўлмас даражада ғариб. Бор илмий дастурларда ҳам ҳеч қандай изчиллик ва узвийлик йўқ...

Хўш, дўппини бир четга қўйиб мулоҳаза қилиб кўрсак. Бизнинг жамиятимизда илмнинг кенг ёйилиши йўлида учраётган асосий муаммолар нимада?

Ўйлашимча, энг биринчи муаммо жамиятда илмни ёйишдан, яъни жамият аъзоларининг максимал илмли бўлишидан энг катта манфаатдор кишилар – академик элитанинг ушбу йўналишга, яъни «Popular Science»га иккинчи даражали юмуш деб қарашидир. Албатта, Фанлар академияси аъзоси бўлган ёки бошқа турли даражадаги олимларнинг биринчи галда эътибор қаратадиган асосий тадқиқот муаммоси бўлади. Улар ўша ишдан чалғишни исташмаса керак. Шунга қарамай, жамиятни замонавий илм-фаннинг илғор тенденциялари билан таништириб борадиган, бошқача айтганда, илм-фан ютуқлари ҳақида халқни «биринчи қўл» принципида бохабар қилиши керак бўлган шахслар айнан олимларнинг ўзи бўлиши даркор. Айнан шу нарса илмий тушунчаларнинг нотўғри талқин қилинишидан ва турли мифлар (миянинг атиги 10 фоизи ишлаши каби) тарқалишидан жамиятни иҳота қилган бўларди.

Таассуфки, бизда ҳанузгача Айзек Азимов, Сергей Капица ёки Жим ал-Халилий сингари ҳам олим, ҳам илмий популяризатор бўлган шахс ярқ этиб кўзга ташланмади. Мен медиамагнат бўлмиш «BBC-Science»нинг илмий муаллифлар жамоасига чексиз ҳавас қиламан. У ерда Брайан Кокс, Маркус дю Сотой, Жим ал-Халилий сингари ўз соҳасида замонавий илм-фаннинг энг етакчи олимларидан иборат бутун бошли популяризатор-муаллифлар плеядаси шаклланган. «BBC-Science» бериб бораётган илмий-оммабоп дастурларнинг сифати ҳам шунга муносиб. Афсуски, бизда бирор-бир махсус илмий телеканал тугул, шахсан олимлар юритадиган муаллифлик дастурлари ҳам, ҳеч бўлмаса бирор ўзбекча илмий «Youtube» канали ҳам йўқ (ёки мен кўрмаганман).

Иккинчидан, ўзи олим бўлмаса-да, лекин илмни яхши тушунадиган, илм-фаннинг илғор қаноти билан ҳамнафас ижод қилувчи; олимлар ва фуқаролар орасида кўприк бўла оладиган маҳоратли илмий журналистларимиз ҳам йўқ. Очиғи, ўзини «санъаткор» деб атайдиган ашулачи ва артистларни ТВ ва матбуотга олиб чиқиб, уларни «санъатга илк қадамлари»дан бошлаб сўроққа тутадиган «журналист»лар санъат тушунчасининг том маънода сийқасини чиқариб бўлишди. Шу туфайли оддий халқ кўчада бирор заҳматкаш олимни кўрса танимаслиги 99 фоиз аниқ, лекин олачипор иштони билан ҳар куни ТВ тўрини бўшатмай келаётган бачкана артистни аниқ танийди. Шу сабабли ҳам оддий халқ тасаввуридаги миллат элитаси олимлар ва зиёлилар эмас, балки артистлар бўлиб қолган.

Боз устига, шу чоққача бизнинг ОАВда ҳақиқий олимни ва унинг илмий ишларининг моҳиятини элга кўрсатиб бера оладиган яққол дастур ёки лойиҳа бўлган эмас... Мавжудлари эса асосан юқорида айтилган «National Geographic», «Horizon», «BBC-Science» ва шунга ўхшаш хорижий илмий ТВ-брендлардан олинган илмий-оммабоп филмларни бирмунча нўноқ таржимада узуқ-юлуқ намойиш қилиш билан банд.

Учинчидан, илмий-оммабоп китоблар ёзувчи муаллифларимиз ҳам деярли йўқ. Эътибор беринг, илмий-фантастика эмас, айнан илмий-оммабоп асарлар керак бизга. Мактаб дарсликлари илм-фанни бироз зерикарли, лекин муайян изчиллик билан ёритади. Ҳар ҳолда мактаб дарсликларида ўсмир ёшдаги бола психологиясидан келиб чиқувчи муайян қолип мавжуд бўлади ва ундан четга чиқилмайди. Бироқ жамиятнинг бошқа қатламлари, масалан, китобхон уй бекалари учун илмий мавзуларни халқона, тушунарли қилиб ёритиб берадиган ўзбекча китоблар кам.

Тўртинчидан, илм-фанни жамиятда кенг тарғиб қилиш ва ёйиш билан шуғулланувчи махсус ташкилотларимиз йўқ. Аслида юқорида қайд қилинган ҳамма муаммоларнинг сабаби ҳам шу бўлиши мумкин. Чунки илмни кенг тарқатиш учун тайёр потенциалга эга олимлар ва зиёлиларнинг бошини бирлаштириш, ишларни режали ва самарали ташкил қилиш учун ҳеч бўлмаса битта уюшма, энг яхшиси эса кучли ҳуқуқий ва молиявий фундаментга эга махсус фонд керак бўлади...

Ўйлашимча, ишни энг аввало илм-фанни ОАВда кенг тарғиб қилишдан бошлаш керак (ҳеч бўлмаса ижтимоий реклама тарзида). Бошланишига бор телеканаллар негизида махсус соатлар ташкил қилинса ҳам бўлади. Лекин «Ilmiy» номли миллий ТВ-бренд ташкил қилиш энг яхши ечим бўлар эди. Бу каналда турли интерактив илмий тажрибалар, олимлар билан интервьюлар, қизиқарли илмий-оммабоп фильмларнинг мунтазам намойиши йўлга қўйилса, менимча, рейтинги нуқул мусиқа қўядиган ёки нуқул кино кўрсатадиган ихтисослашган каналлардан кам бўлмайди.

Қолаверса, замонавий дунёдан ортда қолмаган ҳолда аҳоли орасида катта қизиқиш уйғота оладиган хорижий муаллифларнинг бестселлер илмий-оммабоп асарларини таржима қилиш ва нашр этиш муҳим. Башарти, бу борада ҳали-бери ўзбек муаллифларининг миллий асарлари йўқ ҳисоби экан, ҳозир жаҳон даражасида оммалашган жуда кўп илмий-оммабоп асарларни ўзбек тилига ўгириб нашр қилиш билан бу муаммони ҳал қилса бўлади (бунга ўзим имкон қадар ҳаракат қилиб келмоқдаман). Ҳозирги давр жаҳон миқёсида машҳурликка эришган илмий-оммабоп асарлардан Айзек Азимов, Стивен Ҳокинг, Мичио Каку, Клиффорд Пиковер, Илья Леенсоннинг китоблари ёки бренд нашриётлар чиқарган махсус илмий-оммабоп китоб сериялари («Математика олами», «Буюк илмлар», «30 сония ичида», «Буюк назариялар» сингари) ўзбек тилига таржима қилинса бошланишига кенг илмий тарғибот учун яхшигина замин бўла олади.

Қолаверса, илмни ёйишда юқорида санаб ўтилган анъанавий тарғибот усулларидан – ОАВ потенциалидангина фойдаланиб қолмасдан, одамларнинг эътиборини торта оладиган бошқа йўллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Хусусан, интерактив илмий музейлар, мунтазам даврий илмий фестиваллар, турли хил илмий квестлар уюштириш ҳам яхши самара беради.

Лекин шунча ишларни тўғри ташкил қилиш учун бизга албатта бирор-бир махсус ташкилот зарур бўлади. Менинг тасаввуримдаги идеал ҳолатда бу ташкилот НТТ кўринишида бўлиб, у ўша биз айтган «Ilmiy» телеканалини тасарруф қилиши, олимлар ва аҳоли ўртасида турли учрашувлар уюштириши, илмий-оммабоп китобларнинг нашр этилишига кўмаклашиши керак. Унинг қошида ўз нашриёти ҳам бўлса нур устига нур бўлади. Қолаверса, илмий популяризаторларни қўллаб-қувватлаш ҳам ушбу фонднинг тўғридан-тўғри вазифасига кириши зарур.

Бундай фондлар ривожланган мамлакатларда аллақачон фаолият кўрсатмоқда. Масалан, АҚШда «Илм-фан тараққиётига кўмаклашиш ассоциацияси», Россияда «Династия» фонди мавжуд. Уларнинг фаолиятини ўрганиш, тажрибаларини ўзлаштириш орқали Ўзбекистонда оммавий илм-фан тарғиботини юритувчи бирор миллий ташкилот тузилса зўр иш бўлур эди.

Шунингдек, олимларнинг ва илм-фаннинг обрўсини янада орттирадиган бошқа чораларни кўришимиз керак. Олимларнинг ўзи учун, яъни илмий-оммабоп соҳа учун эмас, айнан академик илм учун аталган мулоҳаза ва таклифларим ҳам бор. Улар ҳақида эса насиб қилса кейинги босқичда гаплашамиз.

Музаффар Қосимов


Ушбу блогпост Блогерлар чемпионатининг иккинчи босқичида иштирок этди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг