Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жанубий Кореяда минглаб вакилларига коронавирусни юқтирган диний секта етакчиси ҳибсга олинди

Жанубий Кореяда минглаб вакилларига коронавирусни юқтирган диний секта етакчиси ҳибсга олинди

Фото: «Pri.org»

Жанубий Кореяда коронавируснинг кенг тарқалишига сабаб бўлгани учун Синчонжи христиан сектаси етакчиси Ли Ман Хи ҳибсга олинди. Бу ҳақда «BBC News» хабар берди.

Тергов натижаларига кўра, мазҳабда беш мингдан ортиқ киши хасталикка чалинган. Улар мамлакатда COVID-19 билан касалланганларнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади. Ҳукумат Ли Ман Хини коронавирусни юқтирганлар тўғрисидаги маълумотларни яширишда ҳамда касалланганлар билан алоқада бўлганларни назорат қилувчи ходимлардан махфий равишда оммавий йиғилишлар ўтказишда айбламоқда. Секта аъзолари февраль ойида вирусни юқтирганлиги, кейин эса карантин даврида мамлакат бўйлаб ноқонуний ҳаракатланганлиги тахмин қилинмоқда.

Судьянинг фикрича, Ли Ман Хи ишида далилларни йўқотиш аломатлари мавжуд. Бундан ташқари, у 4,7 миллион долларни ноқонуний сарфлаб юборганликда гумон қилинмоқда. Ўзини ҳимоя қилиш мақсадида сектанинг 88 ёшли етакчиси қавмининг шахсий ҳаёти сирлари ҳақида қайғурганини, лекин ҳеч қачон терговга халақит бермаганини рўкач қилмоқда.

Ли Ман Хи 1984 йилда диний сектага асос солган. Синчонжи корейс тилидан таржима қилинганда «янги осмон ва ер» деган маънони англатади. Ҳозирги кунда Жанубий Кореяда сектанинг 230 мингта аъзоси ҳисобга олинган, улардан 20 минг нафари хорижда — асосан Хитой, Япония ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида истиқомат қилишади.

Маълумотларга кўра, Жанубий Кореяда 14 336 кишида COVID-19 аниқланган. Мамлакат вирусга қарши энг муваффақиятли курашаётган давлатлардан бири ҳисобланади. Дунё бўйича умумий касалланганлар сони 18 миллион кишидан ошиб кетган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг