Жиззах вилоятида электр етишмовчилигини бартараф этиш шартлари маълум қилинди

Жиззах вилоятида 2022 йилда электр етишмовчилиги 123 миллион киловатт соатга етди, 2023 йилда бу рақам 156 миллион киловатт соат бўлиши кутилмоқда.
Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев саноатни ривожлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбалари масалаларида ўтказилаётган йиғилиш давомида айтиб ўтди.
– Ушбу вазиятни ўнглаш ва жорий йилда кузатилган муаммолар такрорланмаслиги учун хозирдан чора-тадбирларни амалга оширишимиз шарт. Вилоятда камида 2 минг Мегаватт қайта тикланувчи энергия манбалар учун салоҳият бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари томонидан таъкидланишича, Жиззахда 2023 йилда 270 Мегаватт қуёш энергияси қувватлари ишга туширилади ва шунинг ҳисобига 236 миллион киловатт соат ишлаб чиқарилиб, танқислик ортиғи билан қопланади. Бунинг ҳисобига, жами 71 миллион куб метр газ тежалади.
Жумладан:
1. Ғаллаоролда Бирлашган Араб Амирликларининг «Масдар» компаниясининг 200 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобидан, 220 Мегаваттли йирик қуёш станцияси ишга туширилади ва бу йил 60 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Келгуси йилда бу станция тўлиқ қувватга чиқиб, 500 миллион киловатт соат электр олинади ва вилоят эҳтиёжининг 20 фоизини қоплайди.
2. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида 5 Мегаваттли қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига, 2023 йилда 5 миллион киловатт соат таъминланади. Бунинг учун, банклар иштирокида алоҳида Компания ташкил қилинаяпти. Жиззахда бу компания 5 миллион доллар ҳисобига, 250 та бинода қуёш панеллари ўрнатиб, «яшил энергия» билан таъминлайди.
3. Саноат зонаси ва тадбиркорлар биноларида 15 Мегаваттли қувватлар жойлаштирилади. Бунинг учун, тадбиркорларга банклар томонидан 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилади.
4. Аҳоли хонадонларига 8 Мегаваттли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш учун, жозибадор шароитлар яратилади. Бунда, аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатиб, эҳтиёжидан ортган ҳар бир киловати давлат томонидан 1 минг сўмдан сотиб олинади (ҳозирги тариф 295 сўм).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter