Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жо Байден АҚШ учун энг хатарли мамлакат номини очиқлади. Давлат котиби бу борада бошқача фикрда...

Жо Байден АҚШ учун энг хатарли мамлакат номини очиқлади. Давлат котиби бу борада бошқача фикрда...

Фото:«Reuters»

АҚШ президентлигига номзод, собиқ вице-президент Жо Байден Россияни дунёда Қўшма Штатлар учун энг кўп таҳдид солаётган мамлакат деб атади. Сиёсатчи CBS News телеканалининг «60 Minutes» дастурида бу борадаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Демократик партия вакили бўлган арбобнинг қайд этишича, айнан Москва АҚШ хавфсизлигини издан чиқаришга зўр бермоқда. 

Жо Байден тобора ўсиб келаётган яна бир йирик сиёсий куч – Хитойни «муҳим рақиб» деб баҳолаган. Қайд этилишича, Хитой Қўшма Штатлар учун рақибликдан ҳам хавфлироқ мақомга кўтарилиши расмий Вашингтоннинг келгусидаги саъй-ҳаракати ва ёндашувига боғлиқдир.   

Байден президентлик сайловидаги рақиби Дональд Трампни масъулиятсизлик ва диктаторлар билан ош-қатиқ бўлишда айблаган. Мухолиф номзодга кўра, НАТО аъзоси бўлган дўст мамлакатларнинг ҳам аллақачон Трамп маъмуриятидан ҳафсаласи пир бўлган.

Жо Байден жорий йил сентябрда Россияни АҚШнинг душмани эмас, рақиби деб атаган эди. Айни чоқда, демократ арбоб Кремль АҚШдаги сайлов жараёнларига аралашгани учун жавоб беришини ҳам писанда қилган эди.

Қўшма Штатлар Россияни сайлов жараёнларига аралашувда айблаб келмоқда. Миллий хавфсизлик вазирлигига кўра, Россия киберҳужумлар орқали АҚШ ҳукумати ва саноатига зарба беришга уринмоқда.

Россиянинг Байден томонидан асосий таҳдид туғдирувчи куч деб баҳолангани кутилгандек, расмий Москва томонидан нохуш қабул қилинди.

«Бундай эмас, биз бундай ёндашувни қабул қила олмаймиз. Россияга нисбатан яккаш нафрат парваришланаётгани ва мамлакатимиз қандайдир рақиб ўлароқ гавдалантиралаётганидан афсусдамиз», – деди Россия президенти матбуот котиби  Дмитрий Песков.

Вашингтон сиёсий доираларида мамлакат учун асосий таҳдид солувчи мамлакат борасида бошқа нуқтаи назар ҳам мавжуд.  Хусусан, Давлат котиби Майк Помпео «Fox News» телеканали орқали чиқишида Хитойни ўрта ва яқин истиқболда мамлакат учун асосий ташқи хатар деб атаган эди. Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарига кўра, тобора қуролланишга зўр бераётган Хитой коммунистик партияси энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг