100 йиллик журнал ёпилмайдиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журнали таҳририят жамоасининг бир асрлик тарихга эга бўлган нашрни сақлаб қолиш юзасидан ёрдам кўрсатишни сўраб қилган мурожаатини кўриб чиқиб, муассис – Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига масалани ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш топшириғини берди.
Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ Иқтисодиёт вазирлиги «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журналининг номини «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» МЧЖ жамоаси ташаббусига кўра ташкил этилаётган журналга бериш тўғрисида буйруқ чиқарди. Шунингдек, буйруқда ҳуқуқий ворислик ҳамда тугатилаётган «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» ДУКнинг мол-мулкини янги ташкил этилаётган МЧЖга бепул ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий Осиёдаги энг қадимий ҳисобланган «O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана» журналини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Журналнинг биринчи сони 1919 йилда чиққан «Туркистон халқ хўжалиги» («Народное хозяйство Туркестана») матбуот нашрининг ҳуқуқий вориси эди. Яқин вақтга қадар журнал Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг тасарруфида эди.
«O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» журнали иқтисодий ривожланишнинг тармоқ ва минтақавий кўрсаткичларига доир материалларни чоп этадиган мамлакатимиздаги ягона нашрдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter