Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Камбағалликнинг янги чегараси белгиланди

Камбағалликнинг янги чегараси белгиланди

Давлат статистика қўмитаси аҳолининг минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичларини ўрганиш орқали камбағалликнинг янги чегарасини белгилади.

2021 йилда республиканинг барча ҳудудларида 10,6 минг уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган кузатув натижалари асосида минимал истеъмол харажатлари қиймати ҳисобланди.

Бунда, халқаро услубиётдан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблашда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.

Сўровнома асосида мазкур уй хўжаликларида жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлари бир ойда киши бошига 498 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Маълумки, 2020 йилда 5,4 минг уй хўжалиги ўртасида ўтказилган сўровнома якуни бўйича дастлабки ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари 2021 йил нархларида 440 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойида эълон қилинган.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
  • мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг