Канадада дарахтлар «ҳуқуқларга эга тирик мавжудот» деб тан олинди
Канаданинг Квебек провинциясида жойлашган Террасс‑Водре муниципалитети мамлакатда биринчи бўлиб дарахтларни муайян ҳуқуқларга эга тирик мавжудот сифатида расман тан олди.
Шаҳар кенгаши бир овоздан қабул қилган резолюцияга кўра, дарахтлар яшаш, табиий ўсиш, яхлитлигини сақлаш ва тикланиш ҳуқуқига эга.
Муниципалитет раҳбариятининг таъкидлашича, бу қарор шаҳардаги яшил ҳудудларни асраш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган. Энди дарахт кесишга зарурат туғилса, унинг ўрнига янги кўчат экиш мажбурий ҳисобланади. Шунингдек, шаҳарда яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳолига кўчатлар тарқатиш режалаштирилган.
Шаҳар мэри Мишел Бурдонинг сўзларига кўра, дарахтлар ҳавони тозалаш, иссиқликни камайтириш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва биохилмахилликни сақлашда муҳим ўрин тутади.
Террасс‑Водре шунингдек, Дарахтлар ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига қўшилган Канададаги биринчи муниципалитетга айланди.
Мутахассислар фикрича, бу қарор ҳозирча асосан рамзий аҳамиятга эга бўлса-да, иқлим ўзгариши шароитида табиат объектларининг ҳуқуқий мақомини кенгайтириш бўйича халқаро ҳаракатнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter