Картошка етиштириш давлат томонидан қўллаб-қувватланади

«Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- 2028 йилдан ҳар йили унувчанлик даражаси 85 фоиздан паст бўлмаган камида 10 млн дона картошканинг мини-туганакларини етказиб бериш;
- 2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16–17 тоннадан 25–30 тоннага ошириш.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 декабргача кейинги йилда етиштириладиган картошканинг “in-vitro” ўсимликлари, микро ва мини-туганакларининг ҳажмлари бўйича илмий муассасалар ва тадбиркорларга буюртма беради.
2026 йил 1 январдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга суғурта полиси асосида кредитлар ажратилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан картошка етиштирувчилар томонидан қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 50 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter