Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кенгаш — кучли, ҳоким — ҳисобдор бўлади

Кенгаш — кучли, ҳоким — ҳисобдор бўлади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда ислоҳотлар шиддати ошиб, давлат ва жамият бошқаруви ўзгармоқда. Лекин аҳоли бу жараёнларда қай даражада иштирок этмоқда? Унинг овози эшитиляптими? Унинг вакили — маҳаллий депутат жараёнларга таъсир кўрсата оляптими?

Маҳаллий Кенгашларнинг роли аввал ҳам муҳим эди. Лекин биз унинг чинакам фаол кучга айланишини истардик. “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони шундай заруратдан келиб чиқиб қабул қилинди.

Унга кўра, маҳаллий Кенгашлар — ҳуқуқий ва сиёсий таъсир кучи бор, ташаббус кўрсата оладиган, назорат қиладиган, масалани ҳал эта оладиган тузилмага айланади.

Ваколатлар кенгаяди, масъулият ҳам...

Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг жамиятдаги ўрни ва таъсирини оширишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди. Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг ажратилиши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Энди эса “Кучли Кенгаш – ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида амалий ишларга ўтилмоқда.

Президент Фармони билан тасдиқланган Концепциянинг йўл харитасида  7 та йўналиш ва 53 та аниқ чора-тадбир белгиланган. Уларнинг баъзиларига тўхталамиз:

  • бюджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий бюджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатларининг бевосита ташаббуси асосида шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;
  • Ёшлар парламенти тажрибасидан келиб чиқиб, жамоатчилик асосида маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар гуруҳлари ташкил этилади;
  • электрон мурожаатлар орқали ташаббус кўтариш – эндиликда камида минг нафар ташаббускор фуқаролар туман (шаҳар) Кенгашига, камида 5 минг нафар ташаббускор фуқаролар вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгаши муҳокамасига масала киритиши мумкин бўлади.

Буларнинг барчаси халқ билан Кенгаш ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқани таъминлайди.

Яна бир муҳим жиҳати: маҳаллий Кенгашларнинг ташаббускор ва таъсирчан қарор қабул қилувчи органга айланишидир. Масалан, йўлда ҳаракат тезлигини; ишсизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга минимал иш ўринлари миқдорини белгилаш; давлат мулкидан фойдаланишда ижара тўловининг энг кам ставкаларини ўрнатиш – шу каби масалаларга энди маҳаллий Кенгашлар масъул бўлади.

Кенгашдаги институционал ўзгаришлар

Концепция маҳаллий Кенгашлар таркибини бойитишга ҳам йўл очади. Ёшлар гуруҳлари, жамоатчилик асосидаги маслаҳат гуруҳлари ташкил этилади. Булар Кенгаш қарорларини қабул қилишда кенг фикр алмашинувини таъминлайди. Шунингдек, Кенгаш котибиятлари мустақил молиявий ҳисоб-китоб тизимига ўтади.

“Кенгаш соати” институти орқали депутатлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳокимларнинг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотлари эшитилади.

E-Kengash электрон платформаси

Ислоҳотлар жараёнида рақамли имкониятлар ҳам инобатга олинмоқда. “E-Kengash” электрон платформаси орқали ҳужжатлар хавфсизлиги, қарорларнинг тезкор ишлаб чиқилиши ва шаффофлиги таъминланади. Бунда блокчейн, биометрик идентификация, сунъий интеллект каби замонавий технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Шу тарзда маҳаллий Кенгашлар фаолияти тубдан янгиланмоқда. Бу жараёнда энг асосий мезон – халқ манфаати, унинг овози ва иштироки бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг