Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кимнинг оти зўр, кимнинг оши зўр – Шаҳрисабзда туризм бўйича халқаро тадбир ўтказилди

Кимнинг оти зўр, кимнинг оши зўр – Шаҳрисабзда туризм бўйича халқаро тадбир ўтказилди

Шу кунларда Қашқадарёда «Шаҳрисабз – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризми пойтахти» халқаро тадбири бўлиб ўтмоқда. Аслини олганда, юртимизда бунақа фестиваллар ўтказилиши янгилик бўлмай қолган. Энди турли тадбирлар билан бирга соҳа ҳам ривожланиб борар экан, бу айниқса икки ҳисса ёқимли бўлади.



Туризм эса бахтимизга анча ривожланяпти. Масалан, ўтган 2023 йилда Ўзбекистонга 7 миллиондан ошиқ сайёҳ ташриф буюрибди, соҳадан тушаётган пул эса баъзи табиий қазилма бойликлари келтираётган даромаддан кўпроқни ташкил қилган.

Рости, ўн йиллар олдин шунақа натижага эришиш мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Пахта экиб зарар кўриб юргунча, меҳмон кутиб пул ишласак бўлмасмиди? Майли, ҳечдан кўра кеч дейдилар, фестивал масаласига қайтсак.

Ҳар қандай тадбирнинг ўзига ҳос жиҳатлари бўлади. Шаҳрисабзда бундай мисоллардан бир эмас, бир нечта кўрдик.

Гастрономик туризм
Аввало гастрономия йўналишини олайлик. Тадбир давомида «Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти»га аъзо давлатлардан келган моҳир ошпазларнинг таомларини татиб кўрдик. Улар орасида Покистон таомлари биз учун анча ноодатий бўлганини таъкидлаш лозим, ўта аччиқ. Нақ заҳар дейсиз. Аммо озгина тановул қилгандан кейин ўзига тортишни бошлайди, еган сари егингиз келади.



Ён қўшниларимиз пиширган таомларга эса кўникмамиз бор – бешбармоқ, қатлама, қуртова ва албаттаки палов. Шу ўринда азиз юртдошларимизга ёқмайдиган бир гапни айтиб кетсам – шахсан менга ўзимизнинг ошдан кўра тожик қардошлар тайёрлагани кўпроқ ёқди. Яхши биламиз, бизда ҳар бир вилоятнинг ўз оши бор, азбаройи тошбўрон қилиб юбормасликлари учун тожик палови қайси ошимиздан устун келганини айтмайман.

Аммо қўшниларимиз тайёрлаган таомга ҳақиқатан мазза қилдим. Албатта дид ва маза борасида баҳс қилинмайди, маслаҳатим – Тожикистон томонларга ўтиб қолсангиз, албатта паловидан ҳам татиб кўринг. Ўшанда балки фикримга қўшиларсиз, балки йўқ.

Этноспорт
Ҳафталик давомида мени қойил қолдирган яна бир танлов эса этноспорт соҳасида бўлди. Полвонлар кураш тушди, тош кўтаришди, от устида беллашишди. Бир отларимиз бор экан, кўрсангиз ҳавасингиз келади...

Энг ёққани эса барибир камондан ўқ узиш бўлди. Аниқроғи, Эрон, Қозоғистон ва Қирғизистондан келган профессионал спортчилар меҳмонларга камондан ўқ узишда дарс беришгани роса қизиқарли чиқди.

Мен ҳам узоқ аждодларимиздан қолган генетик кўникмани эслашга ва имкон қадар аниқроқ отишга ҳаракат қилиб кўрдим. Ёмон чиқмади шекилли, жуда ҳам нишонни аниқ кўзламаган бўлсамда, менга йўл-йўриқ кўрсатиб турган камончидан мақтов эшитдим.

Кейин билсам, ўша йўриқчи бошқалардан ҳам мақтовини аямаган экан. Ҳа, майли...


Умуман олганда, ҳафталик яхши ўтди, менга ёқди. Либослар кўргазмаси дейсизми, куй-қўшиқлар, ҳаммаси ажойиб. Истардимки, Ўзбекистонда ташкил қилинаётган ҳар қандай тадбир якунда туризм соҳасида бўлгани сингари самара ва натижа келтира олсин.

Зафар ҚОСИМОВ, Шаҳрисабз

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг