Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Колумб кашфиётининг сири

Колумб кашфиётининг сири

1404 йил, Самарқанд. Амир Темур давлати ва унинг пойтахтида тўрт ой давомида бўлган Руи Гонзалес де Клавихо кўрган-кечирганларидан ҳайратда эди. У Испания қиролига совға-саломлар, мактуб ва қўлёзма китобларни олганича, 21 ноябрь куни шаҳардан жўнаб кетди. Клавихо ўзини шарққа йўллаган валинеъмати – Кастилия ва Леон (Испания) қироли Ҳенрих III де Трастмар (1390 – 1407) томон шошар, унга бошидан кечирганлари ва кундаликларини, совға-саломлар, мактуб ва китобларни тезроқ туҳфа этгиси келарди...

...1492 йил, Барселона. Қирол Фердинанд, қиролича Изабелла, шаҳзода Дон Хуан аждодлари Ҳенрих III каби шарққа ўз элчиси Христофор Колумбни йўллашди. Колумбни ҳам, Қирол Фердинандни ҳам ажабтовур ўлка – Ҳиндистонга бориш ва у ерни эгаллаш хаёли банд этиб турарди. Чунки Самарқандга борган Клавихо Темур саройида бўлиб, соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган юриш тафсилотини эшитган ва кундалигига шундай қайдларни битган эди:

«Деҳлида Темурбек билан ҳинд подшоси ўртасида жанг бўлди. Ҳинд тарафдан кўплаб қўшин ва элликка яқин жанговар фил иштирок этди. Темурбек кўп туяларни олдириб келиб, «устига хашак ортиб, филларга қарши қўйилсин», деб буюрди. Жанг бошланганда туялар устидаги хашаклар ёқиб юборилди. Ёнаётган хашакли туяларни кўрган филлар тумстарақай қочди. Айтишларича, филлар кўзлари кичкина бўлгани учун оловдан қаттиқ қўрқади. Шундай қилиб, Ҳиндистон подшоҳи мағлубиятга учради».

Клавихо Ҳиндистон табиатини ҳам тасвирлаб ўтган. У Самарқанддан келтирган қўлёзма китоблар орасида Берунийнинг «Ҳиндистон» асари ҳам бор эди.

Колумб бир неча тилларда гаплаша оларди. Қирол Фердинад эса аждоди Ҳенрих III га Клавихо келтирган китоблар, улардаги ҳинд диёрига доир тасвирлардан ҳайратда эди. Айнан шу китоб боис, Фердинанднинг Ҳиндистонни эгаллаш ва Колумбдаги у ерни кашф қилиш орзуси бирлашди...

XVI асрда яшаган турк сайёҳи Пири Раис Колмубни Ҳиндистонга йўллаган асар ҳақида шундай ёзганди: «Коломбонинг қўлига бир китоб тушган эди. Ундан ўқиб билдики, Ғарбий денгизнинг чеккасида, олис ғарбда қирғоқлар ва ороллар бор экан. У ерлардан маъданлар ва жавоҳирлар топилган. Коломбо ўшал китобни астойдил ўрганган. Маҳаллий аҳолининг турли-туман ялтироқ шиша безакларга ихлосини Коломбо ўшал китобдан билиб олган эди».

Айнан Беруний асарида ҳам Ҳиндистон табиати, ундаги маъданлар, аҳолининг қимматбаҳо безакларга ихлоси ва, энг асосийси, «бизнинг текширишимизча, ернинг шимолий (икки) чорагидан бири қуруқлик бўлганлигидан, унинг ҳамқурт (диаметрал қарама-қаршисидаги) чорак қисми ҳам қуруқлик бўлишини тахмин қиламиз», дейилган.

Ниҳоят, 1492 йилнинг 11 октябрида кемалар минг машаққат билан етиб келди. Олдинда капитан Мартин Линсоннинг «пинти» кемаси бўлиб, унда матрос Родриго де Триана умидвор ҳолда уфққа кўз тикиб борарди. Шунда бирдан ой нури шуъласида қуруқликни кўриб қолди ва «ер, ер, ер!» дея бақирди. Кемалардан тўп садолари янгради. Шу тахлит 12 октябрь жума куни Колумб ва ҳамроҳлари қуруқликка қадам қўйиб, у ерга Фердинанднинг байроғини қадашди: «Бугундан эътиборан бу ерлар Испания ҳукмдори тасарруфида». Шу тарзда Колумб бу ерларни «Вест-Индия», Ғарбий Ҳиндистон деб атади.

Бироқ Колумб ҳиндулар деб атаган халқ Клавихо ва Беруний асарларидагидек бой кийим-кечакка ўранган, нозик дидли, тараққий этган шарқ аҳолисига ўхшамасди. «Ажойиб, йирик ва кичик шаҳарларни учратиш умидида ичкарироққа киравердим», деб ёзганди ўз кундалигига Колмуб.

Кашфиётчи 1493, 1498 ва 1502 йилларда ҳам янги дунёга ташриф буюрди ва ҳар гал уни Ҳиндистон, деб билди. Ҳаттоки, 1493 йилнинг сентябрида «Ҳиндистон»дан олти нафар ҳиндуни Испанияга олиб келиб, Қирол Фердинанд ҳузурига рўбарў қилди. Ҳиндулар чўқинтирилиб, насронийликка хос исм олишди. Дон Хуан исмини қабул қилган ҳинду саройда қолдирилиб, бошқалари ортига қайтарилди. Қирол Фердинанд «дон Хуан»ни кузатар экан, уни Клавихо тасвирлаган ҳиндистонликка ўхшата олмасди.

Гарчи Колмуб сўзининг устидан чиқиб, қуруқликни эгаллаган бўлса-да, Испания ҳукмдорлари эътиборидан четда қолди. Буюк сайёҳатчи тушкунлик ва қашшоқликка тушиб қолди ва 1506 йил 20 майда вафот этди. Колмуб умрининг сўнгигача ўзи борган жойларни Ҳиндистон деб билган ва шу хаёл билан оламдан ўтган эди.

Умид Бекмуҳаммад,

тадқиқотчи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг