Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конгресс Нетаняҳуни тик оёқда олқишлади. Биргина депутат уни ҳарбий жиноятчи деб қоралади

Конгресс Нетаняҳуни тик оёқда олқишлади. Биргина депутат уни  ҳарбий жиноятчи деб қоралади

Тель-Авив маъмурияти танқидий позицияси сабаб Рашида Толибнинг Исроилга киришини ман этган.

24 июль куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ Конгрессида маъруза қилди. Ҳаагадаги Халқаро маҳкама прокурори томонидан Ғазо секторида қирғин содир этишда айбланиб, қамоққа олиниши талаб этилган сиёсатчининг Қўшма Штатлар қонунчилик идорасида нутқ ирод қилиши кўп сонли демократлар томонидан бойкот қилинди.

Нетаняҳу ўз маърузасида Ғазо секторидаги қатлиомларни оқлашга уринган. Қарийб бир соатлик нутқ мобайнида АҚШ қонунчилари Исроил бош вазирини ўнлаб марта қарсак ва олқишлар билан қўллаб-қувватлаган.

«Newsweek» журнали хабарига кўра, залда ўтирган депутатлардан биргина Рашида Толиб Нетаняҳуга ўзига хос тарзда норозилик билдирган. Асли фаластинлик сиёсатчи яҳудий давлати бош вазирига қарата «Ҳарбий жиноятчи», «Қатлиом айбдори» каби жумлалар ёзилган пешлавҳа кўтариб турган. 

«Исроилнинг апартеидчи ҳукумати фаластинликларга қарши геноцид содир этмоқда. Аммо улар фаластинликларни йўқ қила олмайди», – деб ёзган Рашида Толиб ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида. 

Конгресснинг Вакиллар палатаси аъзоси Рашида Толиб президент Жо Байденнинг Фаластин–Исроил зиддиятидаги позициясини танқид қилиб келади. Унга кўра, Исроил ҲАМАСнинг хатти-ҳаракати учун Ғазода яшовчи кўп минг сонли аҳолини жазоламоқда. Байден маъмурияти эса Исроилни бир томонлама дастаклагани ҳолда, бомба ёмғири остида қолаётган оддий фаластинликлар тақдирига қайғурмаётир.

Буюк Британиянинг «The Guardian» газетаси ёзишича, АҚШ конгрессменлари Нетаняҳуни тик оёқда олқишлаётган бир пайтда Вашингтон кўчаларида Исроилнинг Ғазо секторидаги зўравонлик сиёсатига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

Асли яҳудий миллатига мансуб сенатор Берни Сандерс Ғазодаги қирғин бошида турган Нетаняҳуга Конгрессда минбар берилганини кескин танқид қилган. «Америка тарихида илк бор ҳарбий жиноятчи шундай шарафга ноил этилмоқда», – деган Сандерс.

Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, Нетаняҳу Конгрессда нутқ сўзлаётган пайтда Исроил армияси Ғазо секторини бомбардимон қилишда давом этган. Яҳудий давлати ҳарбийлари ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 39145 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг салмоқли қисми бегуноҳ болалардир.

«The Lancet» журнали маълумотларига қараганда эса, сўнгги 9 ой давомида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 186 минг кишидан ортади.

Халқаро ташкилотлар Исроил армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этмоқда.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг