Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституциянинг асосий кучи - унинг амалда ишлашидир

Конституциянинг асосий кучи - унинг амалда ишлашидир

Конституция лойиҳасининг 15-моддасига киритилаётган, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши нормаси, ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий  кўринишларидан бири десак, хато қилмаган бўламиз.  

Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри ишлаши масаласи конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим ва долзарб вазифаси ҳисобланади. Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги, унинг тўғридан-тўғри амал қилиши қоидасининг конституция даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши, Конституциянинг юридик кучини янада кучайтиришига сабаб бўлади. Ушбу қоиданинг Конституция билан мустаҳкамланиши, унинг халқнинг хоҳиш-истагисиз ўзгартириб бўлмаслигига замин яратади.

Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлиги нималар билан изоҳланади?

Конституциянинг олий юридик куч эга эканлиги деганимизда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тизимида энг юқори ўринда туриши ҳамда бошқа ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжатлардан устунлиги тушунилади. Демак, бир сўз билан айтганда мамлакатнинг ҳуқуқий пойдеворини кўрсатиб берадиган, юрт тараққиётини кафолайдиган давлатнинг Асосий қонунининг ҳуқуқий белгисидир. 

Конституциянинг олий юридик кучга эга эканлигининг муҳим бир хусусияти, конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартибининг ўзига хослигидир. Конституциянинг 127-моддасига кўра, Конституцияга ўзгартиришлар тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун ёки референдум йўли билан киритилиши белгилаб қўйилган.

Қолаверса, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилиши белгилаб қўйилган.  Мазкур нормага ўхшаш қоидалар Бразилия, Украина, Молдова, Россия Федерацияси конституцияларида қайд қилинган.

 Конституция нормаларининг тўғридан - тўғри ишлаши муҳимми?

Конституцияда мавжуд бўлган нормалар жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан-тўғри тартибга солсагина, инсон манфаатларига хизмат қилсагина, унинг юридик кучи, таъсири сезилади ва эътироф этилади. Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири ҳам халқнинг конституцияга бўлган ишончини кучайтириш ҳамда конституциявий йўл билан уларнинг ҳаётий масалаю, муаммоларини ҳал этишдир.

Давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда, барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқароларнинг янги конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилиши, Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шартлиги,  давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарурлигига алоҳида эътибор қаратган эдилар.  

Дарҳақиқат, ҳозирги муҳокамада бўлган конституция лойиҳасининг асосий эътиборида инсонни улуғлаш ва унинг манфаатларига хизмат қилиш турибди десак, айни ҳақиқат бўлади. Яъни, конституция нормаларининг тўғридан тўғри ишлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол тариқасида, конституция лойиҳасининг 27-модасида, суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди. Демак, ҳеч ким суднинг қарорисиз уй -жойидан маҳрум қилинмас экан. Шу вақтгача кўплаб фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлаётган муаммо, эндиликда конституциявий жиҳатдан ўз ечимини топади, десак хато қилмаган бўламиз.

 Хорижий давлатлар конституциялари мисолида

Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германия Конституциясининг 1-моддасида, Россия Конституциясининг 15-моддаси, Болгария Конституциясининг 5-моддаси, Қозоғистон Конституциясининг 4-моддаси, Қирғизистон конституциясининг 6-моддаларида конституция нормаларининг бевосита тўғридан-тўғри ишлаш тартиби белгилаб қўйилган. Германия Конституциясининг 1-моддасида айтиладики, қуйида санаб ўтиладиган асосий ҳуқуқлар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти учун бевосита амал қиладиган ҳуқуқ сифатида мажбурийдир, деб белгилаб қўйилган. Қуйида деганда, фуқароларнинг асосий шахсий, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини назарда тутади.

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилинишини учта хусусиятга қараб баҳолашимиз мумкин. Биринчидан, шахснинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши; иккинчидан, барча субъектларнинг конституцияда белгиланган талаб ва мажбуриятларга риоя қилиши; учинчидан, ваколатли давлат органларининг конституциявий нормаларини қўллаши ва ижросини таъминлаши лозим.

Конституциявий нормалар тадбиқ этилишининг ҳуқуқий кафолати

Конституциявий нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминловчи асосий органдан бири бу, Конституциявий суд десак хато қилмаган бўламиз. 2021 йил қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 82-моддасида, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби алоҳида белгилаб қўйилди. Шу нуқтаи назардан ҳам, Конституциявий суд фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бу, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш ҳисобланади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилда Конституциявий судда 1 063 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўрганиб чиқилган. Шундан, Ўзбекистон Республикасининг 67 та қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 67 та фармони, 227 та қарори, 11 та фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг 574 та қарори, Бош прокурорнинг 28 та буйруғи, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 89 та қарори Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиб, таҳлил қилинган ва якунда тегишли қарорлар қабул қилинган.

Ёки шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, аввалги йиллари Конституциявий судга бир йилда ўртача 800-1000 мурожаат келган бўлса, янги қонун қабул қилингандан кейин мурожаатлар сони 1,5 мингга етган.

Дарҳақиқат, конституциядаги нормалар, уларни қўллаш тартибини белгиловчи ва ривожлантирувчи алоҳида қонунчилик ҳужжатларининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўғридан-тўғри амал қилиши лозим. Бу орқали фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун асосий ҳуқуқий ҳимояни кафолатлаб беради.

Якунда айтиш лозимки, ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда Конституциямиздан куч-қувват олиб ҳаракат қилиши, унга таяниши лозимлигини англаши лозим. Негаки, конституция барча қонун ҳужжатларининг энг юқорисида турувчи Асосий қонун эканлигини фуқаролар ўз ҳаётларида хис қилишлари лозим.

Шерзод Зулфиқоров,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг