Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кўп квартирали уйлар текширилади

Кўп квартирали уйлар текширилади

Президент томонидан «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-144-сон Фармон имзоланди.

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ислоҳотларнинг аниқ манзиллилигини таъминлаш, кўрсатилган соҳаларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси, шунингдек унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди. Концепция қуйидагиларни назарда тутади:

  • зилзилаларнинг вужудга келиш механизми ва табиатини тадқиқ қилиш механизмини такомиллаштириш;
  • ҳудудларни сейсмик микроҳудудлаштириш бўйича онлайн-хариталарни ва турли даражадаги тектоник ер ёриқларининг ўрта масштабдаги харитасини ишлаб чиқиш;
  • якка тартибдаги уй-жойларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш;
  • бино ва иншоотлар ҳамда сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлик даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
  • автоматлаштирилган комплекс-прогностик станцияларни кўпайтириш ҳисобига республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имкониятини кенгайтириш;
  • миллий сейсмик кузатувлар тармоғининг халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан доимий алоқаларини таъминлаш.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган, хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.

 Фанлар академияси томонидан республиканинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган сейсмик заиф ижтимоий соҳа объектларининг инструментал-техник текширувдан ўтказиш рўйхати шакллантириб борилади.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш бошланади, у эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилишини назарда тутади.

2022 - 2025 йиллар давомида Андижон, Тошкент, Гулистон, Нурафшон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қарши, Термиз, Нукус ва Урганч шаҳарларининг рақамлаштирилган сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2022 йилдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг