Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Кўринмас қаҳрамон ёхуд Роуз Валланд 60 000 хазинани қандай қутқариб қолди?

 Кўринмас қаҳрамон ёхуд Роуз Валланд 60 000 хазинани қандай қутқариб қолди?

фото: интернет, очиқ манба

1940 йилнинг октябр ойида фашистлар Париждаги Жан-де-Пом музейини эгаллаб олишди ва уни талон-тарож қилинган санъат асарлари учун асосий омборхонага айлантиришди. Расмлар, ҳайкаллар ва бутун шахсий коллекциялар Германияга жўнатилишидан олдин ҳар куни шу музейда қабул қилинар, сараланар ва рақамлаштирилар эди. Музей оммавий ўғирлик жойига айланди.

Музейда ишловчи аёл уларга кўринмасдек туюлди. У доим жим юрар, камтарона кийинар ва ўзини четда тутарди. Босқинчилар аёлни шунчаки чипта сотувчи деб ўйлашарди — эслаб қолишга ҳам арзимайди, тезда унутиладиган бир ходим.

Бу тахмин уларнинг энг катта хатоларидан бири бўлиб чиқди. У аёл 42 ёшли Роуз Антония Мария Валланд бўлиб, Лувр санъат мактаби ва Сорбоннани тамомлагандан сўнг кўнгилли куратор бўлиб ишлаётганди. Францияда нацистлар ҳокимиятга келганида, музей раҳбарияти унга имконсиз ва хавфли вазифа берди: жойида қолиш, ҳамма нарсага эътибор бериш ва барча нарсани эслаб қолиш. Кўпчилик қочиб кетган бўларди, аммо Роуз қолишга қарор қилди. У кундан-кунга вайрон бўлган ҳаётнинг бир қисмига тўла қутилар келишини кузатди. Вермеер, Моне, Сезанна, Ренуар асарлари — авлодлар давомида оилавий уйлар деворларида осилган картиналар “хавфсиз сақлаш” баҳонасида мусодара қилинди. У нафақат санъат асарлари, балки хотиралар, шахсиятлар ва тарих ҳам ўғирланаётганини тушунди.

Гитлернинг ўринбосари Ҳерман Ҳёринг ўзи учун дурдона асарларни шахсан танлаш учун музейга йигирма бир марта келган. Роуз ҳар доим унинг ёнида бўлар, жим, итоаткор ва кўзга ташланмас эди. У Роузни ҳатто пайқамаган ҳам.

Аммо уларнинг ҳеч бири Роузнинг немис тилини жуда яхши билишига шубҳа қилмаган.

Агентлар юклар, йўналишлар ва сақлаш жойлари ҳақида гаплашаётганда у бепарво тинглар, поезд рақамлари ва қути белгиларини ёдлаб олар эди. Кечаси у ҳамма нарсани махфий дафтарларга ёзиб қўярди, чунки фош бўлиш қатл қилишни англатишини яхши биларди. Шунга қарамай, у давом этди — ўғирланган маданий бойликлар юкланган поезднинг мамлакатдан чиқиб кетмаслиги учун Франция қаршилик ҳаракатига муҳим маълумотларни етказиб турди.

1943 йилнинг июл ойида у хотирасида абадий қоладиган воқеага гувоҳ бўлди. Нацистлар “дегенератлар” (лотинча: degeneratus — жисмоний ёки ақлий нуқсон билан туғилган одам) деб ҳисоблаган рассомларнинг беш юзта расмларини музей ҳовлисига олиб келишди. Пикассо... Улар чиқинди каби уюлди ва ўт қўйилди. Роуз кучли аланга уларни осонгина ютиб юбораётганини ичкаридан ожизона кузатди. У қила оладиган биргина нарса — йўқолган нарсаларни ёзиш ва қўлидан келганини сақлаб қолишга ваъда бериш эди, холос.

1944 йилнинг августида иттифоқчи кучлар Парижга яқинлашар экан, нацистлар ваҳимага тушиб қолишди. 1 август куни Роуз 148 та қутига жойланган Моне, Сезанна ва Ренуар асарлари Австрияга йўл олган поездга юкланганини билиб қолди. У поезд рақамларини ёзиб олиб, қаршилик ҳаракатига етказди. Француз қўшинлари поездни чегарадан ўтмасдан олдин тўхтатиб, абадий йўқликка юз тутган нодир асарларни сақлаб қолишди.

25 август куни Париж озод қилинганида, Роуз ишғол пайтида музейда қолгани учун гумон қилинган ҳамкор сифатида қисқа вақтга ҳибсга олинди. Бошқалар унинг ҳаракатларини тасдиқлаганидан кейингина у қўйиб юборилди.

Унинг айтганлари ҳаммани ҳайратда қолдирди.

Роуз кўз ўнгидан ўтган йигирма мингдан ортиқ санъат асарларини синчковлик билан кузатиб борди.

Юк жўнатиш рўйхатлари. Етказиш манзиллари. Сақлаш жойлари. Унинг дафтарлари Германиядаги қайта тиклаш ишлари учун қўлланма бўлди.

1945 йилнинг майида у Биринчи француз армиясига лейтенант сифатида чақирилди. Парижга қайтиш ўрнига, Роуз ёдгорлик қўриқчилари билан бирга Германияга борди ва у ерда саккиз йил ишлади, ўғирланган санъат асарларини қидирди. Унинг маълумотлари йигирма мингдан ортиқ асарлар яширилган Нойшванштейн қалъасига олиб борди. Талон-тарож қилинган хазиналарга тўла шахталар, бункерлар ва қасрларни топди, кўпинча бир вақтлар жимгина кузатган агентларга дуч келди ва уларга қарши турди.

1946 йилнинг феврал ойида Роуз Нюрнберг жараёнларида пайдо бўлди ва ўша Ҳерман Ҳёринг (Гитлернинг ўринбосари) билан юзма-юз учрашди. Уни кўринмас деб ўйлаган одам энди қаршисида жавоб бериши керак эди.

Миссиясининг охирига келиб, олтмиш мингга яқин санъат асари топилди. Қирқ беш мингтаси қонуний эгаларига қайтарилди. Булар шунчаки қайтарилган буюмлар эмас, балки тикланган ҳаёт парчалари эди.

Роуз Франциядаги энг таниқли аёллардан бирига айланди, лекин омма эътиборидан қочиб, жимгина ишга қайтди ва 1980 йилгача, яъни вафотига қадар севимли касбида хотиржам ишлади. Унинг архивларидан ҳали ҳам Иккинчи жаҳон уруши пайтида ўғирланган санъат асарларини топиш ва қайта тиклаш учун фойдаланилади.

Роуз Валланд ҳеч қачон қурол кўтармади, темир йўлларни саботаж қилмади ва қочқинларни яширмади. Унинг қаршилиги янада чекланган ва эҳтимол қатъийроқ эди: ҳақиқатни шу қадар пухта ҳужжатлаштирдики, охир-оқибат адолат тантана қилди.

Тўрт йил давомида нацистлар Роуз билан эркин мулоқот қилишди, ўз кучларига ишонишди, унинг борлигини сезишмади. Улар уни кам баҳоладилар ва унга керак бўлган ҳамма нарсани беришди.

У қўлида қалам билан ёзув столида ўтириб, олтмиш минг хазина ҳаётини сақлаб қолди. Ҳақиқий куч ҳар доим ҳам ўзини намоён қилавермайди. Баъзан у тинглайди. Баъзан эслайди. Ва баъзида ҳақиқатни эътиборсиз қолдириб бўлмагунча сабр билан кутади.

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг