«Коррупцияга қарши курашда қачонгача асфалтга расм чизилади?» — Ёшлар иттифоқи жавоб қайтарди
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ёшлар иттифоқи мутасаддилари иштирокида «Ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарни шакллантириш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маълум қилинишича, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган ёшларнинг дунёқарашида коррупцияга нисбатан муросасизликни шакллантириш мақсадида «Коррупция тараққиёт – душмани» мавзусида 230 дан ортиқ мулоқот ўтказилган. Унда депутатлар ва маҳаллий ёшлар иштирок этган.
Иттифоқ Марказий кенгаши Ахборот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодиров «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг тарғиботини ёшлар ўртасида кенг ёйиш мақсадида «Сиз қонунни биласизми?» Республика кўрик танлови ўтказиб келинаётганини таъкидлади.
«ОТМ талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт» шиори остида «Энг яхши плакат», «Энг яхши сурат», «Энг яхши баён» номинациялари бўйича Республика танловини ўтказиш йўлга қўйилди», — деди Ёшлар иттифоқи Ёшлар жиноятчилигини олдини олиш ва ҳуқуқий тарғибот бўлими бошлиғи Акмал Алимов.
Журналистлар мулоқот давомида қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Деворга расм чизиш, плакатга расм чизиш, баён ёзиш каби тадбирлар билан чекланяпсизлар. Ёшлар Иттифоқи ташкил этилаётганда унга ёшлар масалалари бўйича жуда катта ваколатлар берилган эди. Нима деб ўйлайсиз, коррупция тобора чуқур илдиз отаётган бир пайтда тадбирларингизнинг сифати, самарадорлиги эскириб қолмадими? Қачонгача деворга расм чизиш, асфалтга расм чизишлар билан чекланасизлар?»
«Ёшлар иттифоқи асосан жамоат ташкилоти ҳисобланади, — деди Иттифоқ вакили Акмал Алимов. — Бизнинг асосий ишимиз — тарғибот, тушунтириш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат. Асфалтга, деворга ёки плакатга расм чизиш танловлари асосан мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Фақат расм чизиш эмас, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, конференциялар ҳам ташкил этамиз. Бу йилдан онлайн семинарлар ўтказиш йўлга қўйилди, бунда ҳар бир соҳанинг мутахассислари иштирокида видеоселектор тарзида ёшларга маърузалар ўқиб берилади».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter