«Квартплата» тўламаганлар ҳам электр таъминотидан узиляптими? – мутахассис изоҳи
Ижтимоий тармоқларда «Энди квартплата (уй-жой коммунал хизматлари учун тўловлар)ни тўламаганлар электр энергиясидан узилади» мазмунида тарқалаётган ахборот ҳуқуқий асосга эга эмас, деб ҳисоблаймиз.
Президентнинг 2023 йил 15 августдаги ПҚ-278-сон «Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш юзасидан «Йўл харитаси»нинг 2-бандида 2023 йил 1 октябрга қадар Навоий шаҳрида эксперимент тариқасида кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадаллар ва тўловлардан қарздорлиги мавжуд мулкдорларни электр тармоқларидан ўчириш тартибини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига юклатилган эди.
Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (lex.uz)дан 2024 йил 3 майга қадар эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ичида юқоридаги топшириқ ижроси бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.
Агар ушбу топшириққа мувофиқ ҳужжат қабул қилинган тақдирда ҳам, бу фақат Навоий шаҳрида эксперимент тариқасида жорий этилиши керак.
Яъни тарқалган ахборотдаги «...бу тартиб Навоийда аллақачон жорий қилинган» дейилиши ҳам ҳуқуқий асосга эга эмас.
Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сон Фармонида чиқинди хизматлари бўйича қарздорлиги бўлган истеъмолчиларни ҳам электр энергиядан узиш эмас, балки қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилган, чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмагунига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиётини қуйидаги босқичларга мувофиқ жорий этиш белгиланган:
- 1-босқичда — Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 2024 йил 1 июндан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 6 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;
- 2-босқичда — республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 3 ой давомида шаклланган қарздорлик учун;
- 3-босқичда — республиканинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан бошлаб чиқинди хизматлари бўйича 1 ойлик қарздорлик учун.
Қолаверса, ушбу тартибларни бутун республикага жорий этиш «Электр энергетикаси тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунларига тегишли ўзгартириш киритишни талаб этади.
Ушбу масаласа юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигидан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Муҳаммадамин Каримжонов,
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter