Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Лола Санаева: Биология – ҳаётни англаш, инсон ва табиат ўртасидаги кўприк

Лола Санаева: Биология – ҳаётни англаш, инсон ва табиат ўртасидаги кўприк

фото: Xabar.uz

Кимдир фарзандига «бу фан керак эмас», деб қизиқишини эътиборсиз қолдиради, баъзи ёшлар эса табиатга муҳаббати билан университетга кириб келади. Лола Санаева билан суҳбатимизда айнан шу қарама-қаршиликлар, табиий фанларнинг аҳамияти ва авлодлар орасидаги фарқлар ҳақида мулоҳаза юритдик. Жиззах давлат педагогика университетининг Табиий фанлар факультети, «Биология» кафедрасида таълим бериб келаётган доцент Лола Санаева 32 йиллик педагогик стажга эга. Суҳбатдошимнинг иқрорича, биолог учун биология бу фақат фан эмас, балки ҳаёт билан диалог. У икки монография, ўндан зиёд услубий қўлланмалар муаллифи сифатида нафақат билим, балки табиатга меҳр ва эҳтиромни ҳам ёшларга етказишга ҳаракат қилади. Суҳбатимиз давомида устоз ўқувчиларнинг табиий фанларга қизиқиши, янги технологиялар таъсири, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ёки тўсқинлик қилиши, шунингдек, туризм ва табиатни англаш маданияти борасидаги кузатишлари, мулоҳазаларини ўртоқлашди.
– Сўнгги йилларда ўқувчиларнинг табиий фанларга (биология, зоология) қизиқиш даражасида қандай ўзгаришларни сезаяпсиз?
– Ёшларда табиий фанларга нисбатан қизиқиш аввалгига қараганда ортган. Чунки бугун технологиялар ривожланган замонда ёшларга талаб ортмоқда – табиий факультет битирувчилари СЭС, лабораториялар, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, қўриқхоналарларда ишлашлари мумкин. Гарчи бу йил абитуриентлар сони камроқ бўлса ҳам ёмон кўрсаткич эмас. Талабалар ўзи танлаган ўқишни битириб бирор ишга жойлашиши, ўз касбини севиши, масъулият билан ёндашиши муҳим.
– Аввалги талабалар билан ҳозирги ёшлар ўртасида қизиқиш, савол бериш, мустақил ўрганишда қандай фарқлар ва имкониятлар бор?
– Фарқ жуда катта. Ўзим ўқиган давр билан солиштирсам – ресурслар кўп, ўқитиш воситалари: китоб ва дарсликлар, уларнинг электрон вариантлари, компютер, смарт доскалар, аудиториялардаги қулайликлар... Аудитория соатлари хам камроқ, талабаларнинг мустақил ишлашлари учун кўпроқ соат ажратилган, яъни 50 фоиз аудитория ва 50 фоиз мустақил таълимга вақт ажратилади. Баҳолашда 60 фоиз баллни талаба ўзининг мустақил таълимидан олади. Лекин ҳамма даврлардагидек уларнинг фанга қизиқишлари ва билим эгаллашлари ўқитиш воситаларига эмас, балки дарс берадиган ўқитувчиларга боғлиқ. Агар ўқитувчи малакали дарс ўтса ва талабадан талаб қилса, улар ўша фанни яхшироқ ўқийдилар ва ўзлаштирадилар. Таълим муассасаларида афсуски, ҳозирда ҳам таниш-билишчилик билан ишга кирган, илмий ишларини бошқаларга ёздириб ҳимоя қилганлар бор. Ҳатто талабалигида исмини тўғри ёза олмайдиган собиқ талабаларимиз орасида декан, кафедра мудири лавозимида ишлаб юрганларни биламиз. Улардан сифатли дарс бериш ёки талабани фанга қизиқтириш масъулиятини кутиб бўлмайди. Бундай ҳолатлар, менимча бошқа соҳаларда ҳам бор. Ва бу ҳолатлар истайсизми, истамайсизми таълимнинг сифатига таъсир қилади.
– Интернет ва сунъий интеллект каби янги технологиялар ўқувчиларни табиатдан узоқлаштиряптими?
– Интернет ва сунъий интеллект каби янги технологиялар ўқувчиларни нафақат табиатдан балки бошқа зарур ҳаётий муносабатлар, маъсулиятлардан ҳам узоқлаштирмоқда. Ёшлар билан гаплаша оладиган, уларнинг қизиқишларига қизиқадиган ота-она бўлиш бугунги кунда қийин бўлиб қолди. Ота-она боланинг қорнини тўйдиришдан, устини бутлашдан ортиб, дарсларини назорат қилишга, куни қандай ўтгани ҳақида суҳбатлашишга қуввати ва вақти бўлмаяпти ёки ота-онинг салоҳияти етмаяпти. Янада ачинарлиси, фарзандини ўзининг қолипига солиш, эски анъаналарга ундаш, инкор қилавериш баъзида болаларнинг ота-оналардан безишига сабаб бўлмоқда. Бундан 30 йиллар чамаси «Японияда болалар бўш вақтларини ота-оналари билан эмас, балки компютерда ўтказишни маъқул кўришибди», деган хабарни ўқиганимда тўғриси ҳайрон бўлганман. Бугун ўша кунлар ўзимизга келди. Баъзан болаларимга қараб туриб: «мен телефонингиздан қизиқарли эмасманми», деб ташвиш қилган онларим ҳам бўлади. Она сифатида улар кўраётган кинолар, компютер ўйинлари билан қизиқишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимизни телефон ва компютер технологияларидан тўғри фойдаланишга, ундан керакли материаллар ва ўйинларни ўйнашга йўналтириб, назорат қилиб туришимиз керак. Дунё миқёсида компютер ўйинлари бўйича катта олимпиадалар бўлаяпти, балки шу олимпиадаларга ҳам тайёрлаш керакдир...
– Ота-оналар болани табиатга, жонзотларга қизиқтириш учун нималар қилишлари мумкин?
– Ота-оналарнинг ўзи учун табиат ва жонзотлар қизиқарли бўлиши керак. Талабалигимизда Қозон Федерал университетига амалиёт ўташга борганмиз. Ўқитувчимизга яқин бўлган қариндошининг уйида икки ҳафта яшаганмиз. Ўшанда 5-синф ўқувчисининг «Уруш ва тинчлик» романинг ўқиётганини, 7 ёшли қизалоқнинг юртидаги қўзиқоринларни номма-ном танишини, зарарли турларини алоҳида билишини кўрганман, ҳайратланганман. Ҳатто университетга қабулга келган абитуриентларнинг кафедраларга бўлиниб ҳужжат топширганликларини кўрганман. Бизда эса талабалар 3-босқич бўлганларида қизиқишларига қараб кафедраларга бўлиниб ўқийдилар. Демак, улардаги абитуриентлар биология факультетига келгунга қадар ҳамма йўналишлар ва биология соҳалари ҳақида тайёр билимга эга бўлиб келишар экан. Шуниг учун ҳозирда у университет дунё рейтингидаги топ 1000 таликка киритилган.
Ўзимнинг тажрибамга келсак, болаларимни доим дала амалиётлари, туристик маршрутлар, қўриқхоналарга бирга олиб юрганман. Ўсимликлар, ҳайвонот дунёси ҳақида гаплашганмиз ёки шу каби суҳбатларни эшитиб катта бўлишди. Биронта ҳашорат кўриб қолишса: «Бу қандай ҳашарот, фойдалими, зарарлими?» деб сўрашарди. Уйимизда аквариумда балиқлар, қафасларда тўтиларимиз бўларди. Ҳатто қаноти синган бургутни уйда боқиб, тузатиб учирма қилганмиз. Китоблар, энциклопедиялар, эртак китобларга маблағимни аямаганман. Ҳозиргача шу анъана давом этмоқда.
– Фарзандларининг фанларга қизиқишини ота-оналар қандай қўллаб-қувватламоқда?
– Ота-оналар фарзандларини қўллаб-қуватлашлари учун юқорида айтганимдек, ўзларининг ўша фанга қизиқиши, озроқ хабардорлиги, бўш вақти ва иштиёқи ҳам бўлиши керак. Доим ишдан қайтаётганимда емакхоналарнинг эркаклар билан тўла эканлигини кўраман, афсуски, улар орасида ичкиликка муккасидан кетганлари ҳам бор. Айнан оила йиғилиб, бирга овқатланадиган, боласининг дарслари билан шуғулланадиган вақтда улар кўчада «чарчоқбости» қилиш билан банд бўладилар. Мутахассисларнинг фикрича, 3 ёшгача бола миясининг 90 фоизи ривожланиб бўлади. 4-5 ёшларда нейронлар кўпая бошайди ва ўша даврларда бола билан қанчалик кўп шуғулланилса у шунча идрокли ва кўп нарсаларни ўзлаштира оладиган бўлади. Мактабларда тўгаракларнинг номига ишлаши, баъзи ҳудудларда болаларнинг бўш вақтларини фойдали ташкил этишлари учун махсус тўгаракларнинг, бепул ҳунар марказларининг йўқлиги бир томон бўлса, иккинчи сабаб болага оиланинг иқтисодий томондан келиб чиқиб ишчи кучи сифатида қаралиши ҳам қизиқишларнинг касб даражасида шаклланишига тўсқиник қилиши мумкин. Қишлоққа кўчиб борган йилларимда биология фанидан ёзги мактаб ташкил қилганман. Мактабдан доска ва парталарни сўраб олганман. Ҳовлимдаги олма дарахтига маҳкамлаб, унинг соясида қишлоқ болаларини ўқитганман. Шунда ота-оналар: «уй ишларини қиладиган одам йўқ», дея болаларни олиб кетиб қолишган эди. Эндиликда ўша болалар узоқ юртларга ишга кетдилар. Қолганлари эса уйида, кўчада у бу тирикчиликни қилиб юришибди. Одамларимиз онгида ўқиганда ким бўлади, деган савол туради. Ота-онанинг ўзи ҳеч қачон чиқмаган қулайлик (комфорт) ҳудудидан фарзандларини ҳам чиқаргиси келмайди.
– Табиий фанлар – табиатни тушуниш, ундаги жараёнларни англаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига ҳурмат қилиш ҳиссини уйғотади. Шу ҳиссиёт шаклланмаса, одам табиатга фақат фон сифатида қарайди. Аммо табиатни билиб, ҳурмат қилган одам унга эҳтиётлик билан муносабатда бўлади, меҳмон сифатида боради, экотуризм маданиятини ривожлантиради. Табиий фанларга қизиқмаган авлод туризмга қандай муносабатда бўлади, деб ўйлайсиз? Умуман, туризм соҳасидаги муаммоларнинг бир учи мана шу табиий фанлар масаласига боғлиқ эмасми?
– Табиий фанлар бу ҳаёт ҳақидаги фанлардир. Бу сиз яшаётган муҳит ва ўзингиз ҳақингиздаги фанлардир. Афсуски, таълим муассасаларида бу фанларни ўқитиш фақат назарий билимлар билангина чекланиб қолмоқда. Шунингдек, танамиздаги ҳамма аъзоларнинг тузилиши, ишлаш қонуниятларини назарий ўргатилганлиги билан, унга нимадир бўлганида биринчи ёрдам кўрсатишни, ўша аъзони соғлом сақлашни билмаймиз. Мисол учун астрономия фани ўтилгани билан юлдузлар номини тўлиқ билмаймиз ёки жойлашувини тушунмаймиз.
Экотуризмга келадиган бўлсак, бу табиатга саёҳат ташкил қилиш, амалий ўрганиш, асрашга асосланган туризмнинг махсус туридир. Ҳатто экотуризмдан тушган маблағнинг маълум қисми шу жойнинг табиатини қайта тиклаш ва ҳимояланишга сарфланиши лозим. Ижтимоий тармоқларда ҳайвонларга озор бераётган, табиатга чиқинди ташлаётган ёки бўлмаса қайсидир мамлакатга муҳожир бўлиб борган ўзбек икки йигитнинг кўлда сузиб юрган оққушлари тутиб олиб ўлдириб егани ортида таълимдаги оғриқли нуқталар ётади. Уларнинг шу ёшгача наботот олами ҳақида ҳеч қандай билимга эга эмасликларини билдиради.
Табиий фанларни яхши ўзлаштирган инсон бирорта олийгоҳларда ўқимай туриб ҳам экотуризм билан шуғулланса бўлади. Умуман, ҳозирги вақтда иш топиш, бирон соҳани мукаммал эгаллаш учун катта олийгоҳларда 4-5 йил ўқиб келиш шарт эмас. Айниқса, замонавий билимларни ёки бирор ҳунарни эгаллаш учун қисқа курсларда ўқиб, ҳатто ижтимой тармоқлардан ўрганиб, бирор касб эгасига шогирдликка тушиб ўз бизнесини очиши мумкин, каттагина мактабини яратса бўлади.
Экотуризмни ташкил қилиш учун аввало, ҳудуд табиатини яхши билиш керак. Туроператорлар ва гидлар тайёрлаш курсларида ўқиб сертификат олиш мумкин, кейинчалик туристик фирма шакллантирса бўлади. Масалан, мен туризм йўналишида ўқимаганман, балки биолог бўлганим учун бу янги соҳани мустақил ўрганиб, турли грантларда, кейинчалик туризм йўналишлардаги давлат ташкилотларида, вилоят туризм бошқармаларида ишладим. Ўша вақтлар Жиззахда туризм қилиш мумкинлигига ҳатто соҳа вакиллари ҳам ишонмаган. Уларни ишонтириш учун Навоий вилоятида Айдаркўл бўйларидаги ўтов лагерларни расмга олиб келиб кўрсатганман. Мана ҳозир Айдаркўлни, Зомин ва Бахмални кўринг қанчалик туризм ривожланиб бормоқда. Умуман, бу соҳага кириб келишим илм билан боғлиқ алоҳида бир тарих ва ҳаётимнинг каттагина бир қисми...
Демоқчиманки, экотуризм бу илм, тарих илми, этнография илми, табиий фанлар илми, иқтисод илми, география илми... Агар бу билимларсиз экотуризм ташкил этилса, бизга фойдасидан кўра зиёни кўпроқ бўлди. Халқ сўзи билан айтганда «Ушовидан тушови қимматга тушади».
– Табиат ҳақидаги фанларга қизиқишни ошириш учун мактаб ёки университетларда қандай ўзгаришлар қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Аввало, кадрлар масаласига эътиборни қаратиш лозим. Ўқитувчиларга рағбат керак. Тўғри ўқитувчилар орасида 10 миллион маош олаётганлари ҳам бор. Лекин у маошни олиш учун ўқитувчи жуда кўп қоғоз тўғирлаши керак. Синфдаги ўқувчиларни унитиб аттестациядан ўтиши, тоифалар ортидан югуриши керак. Яқинда бир собиқ битирувчим билан гаплашиб қолдим, мактабда ишлаётган экан. «Тоифа олишда ўқитувчи фақат ўз устида ишлаши керак, ўқувчи ҳақида ўйлашга эса вақтимиз етмайди», – деди.
Ўқитувчининг салоҳиятини аслида синфдаги ўқувчиларининг билимини назорат қилиб билса бўлади, яъни мониторинг тизимини ҳалол, шаффоф ўтказиб туриши лози. Мактаблар рейтингини битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириши даражаси билан эмас, балки барча синфларда болаларни малака талабларига қай даражада жавоб бериши билан аниқлаш керак деб ўйлайман.
Мактабга ўқувчи қўрқиб, қийналиб эмас, қувонч билан бориши керак. Боланинг билимини баҳолаш масъулиятли иш аслида. Чунки ўқувчи юқори синфга ўтган сари фан программаларининг мураккаблашиб бориши болани мактабдан бездиради. Баҳолари ёмонлашган сари унинг қайсарлиги ва ўқишга нисбатан қизиқиши сусайиб бораверади.
Табиий фанлар аслида жуда қизиқарли. Ушбу фанларнинг мактабларда тарих ёки адабиёт каби лабораторияларсиз, амалиётларсиз ўтилиши қизиқарлилик даражасини тушириб юбормоқда. Ҳар бир мавзуни микроскоп, лупа, лаборатория жиҳозлари билан ўтиш лозим. Ҳозир баъзи мактабларда лаборатория жиҳозлари йўқ ёки бор бўлса ҳам чанг босиб ётибди. Масалан, мактабни ўзимиз ҳам микроскоп ёки телескопни бир марта ушлаб кўрмасдан битирганмиз.
Табиий фанлар факультети доирасида кафедраларни кўпайтириш лозим. Чунки кафедралар олимлар атрофида шакллантирилади ва ривожлантирилади. Қайси фан йўналишда биргина етук мутахассис бўлса, унинг атрофида шогирдлар йиғилиб, мактаб яратилади. Кафедралар ишлаб чиқариш корхоналари билан узвий ишлашлари, фан ва ишлаб чиқариш ўртасида доимий алоқа бўлиши лозим. Олий таълимдаги профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини кенгайтириш, МДҲ мамлакатлардаги олийгоҳлар билан алоқаларини яхшилаш, қўшма лойиҳалар яратиш, уларни бажаришга эътиборни кучайтириш лозим.
Баъзида университет профессори, олими қайсидир маҳаллага бориб, тадбир қилгани учун баллар йиғаётганининг ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Ёки бўлмаса олий таълимда мақолалар ёзиб берувчи, чоп эттириб берувчи бозори чаққон катта индустрия шаклланганини ҳам инкор қилолмаймиз. Бу эса савиясиз илмий кадрлар сонининг салмоқли ортишига сабаб бўлади...
– Агар имконият бўлса, шу соҳага қизиқишни ошириш учун қандай лойиҳаларни амалга оширар эдингиз?
– Мактаб ва университетлар қошида тўгараклар, клублар ишини такомиллаштиришни, табиатга саёҳатларни кўпайтиришни, амалий ва лаборатория дарсларини тўлиқ жиҳозланган лабораторияларда ўқитишни ташкил қилар эдим.
                                                                                                           Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг