Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё президентлари нега Москвадаги парадда қатнашди? Сиёсатшунос ҳолатга ойдинлик киритди

Марказий Осиё президентлари нега Москвадаги парадда қатнашди? Сиёсатшунос ҳолатга ойдинлик киритди

Фото: «Sputnik»

9 май куни Москвада, Қизил майдонда президент Владимир Путин мезбонлигида ташкил этилган ҳарбий парадда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Беларусь президентлари ҳамда Арманистон бош вазири қатнашди. Бу ҳол сиёсий таҳлилчилар томонидан кутилмаган ҳолат деб баҳоланди. Чунки Путин Украина уруши сабаб халқаро ҳамжамият томонидан деярли яккалаб қўйилган. Қолаверса, ўтган йилги парадда бирорта хорижий давлат раҳбари қатнашмаган эди.

Марказий Осиё бўйича эксперт, сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубнов МДҲ етакчиларининг ҳарбий параддаги иштирокини шарҳлар экан, буни айрим экспертлар «Путиннинг геосиёсий ғалабаси» дея янглиш талқин этаётганини урғулади. 

Қайд этилишича, Халқаро жиноий суд Россия президентини ҳибсга олиш ҳақида ордер бергач, унинг обрўси поймол бўлди. Ҳатто Жанубий Африка Республикаси раҳбарияти Путинни БРИКС саммитига келмаслик, акс ҳолда, уни ҳибсга олишга мажбур бўлишларидан огоҳлантирди. Буларнинг бари Россия раҳбарининг халқаро майдонда яккаланиб қолганига кучли далилдир. Аркадий Дубновга кўра, Путин ушбу фикр нотўғри эканини кўрсатиш учун ҳам МДҲ давлатлари етакчиларини ҳарбий парадда зўр бериб йиғишга уринди.

Таҳлилчи фикрича, бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган давлатлар етакчилари сиёсий-иқтисодий алоқалар, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик важидан Путиннинг шахсий таклифини рад қилмаган. Буни прагматик қадам деб баҳолаш мумкин. Аммо бу, Беларусни истисно этганда, МДҲ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг Украина уруши борасидаги позицияси ўзгариши, улар Москва босқинини қўллаб-қувватлаш йўлига ўтишини англатмайди, деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

«Ўзбекистонда ўтказилган сўнгги президентлик сайловидан кейиноқ (Конституцияга ўзгартириш киритишга доир референдум назарда тутилмоқда – таҳр.) Шавкат Мирзиёев Германияга ташриф буюрди. Ташриф тиғиз сиёсий ва бизнес учрашувларини қамради. Бу – Мирзиёев ўз йўлидан кетаётгани ва у учун Европа ҳамда АҚШ билан ҳамкорлик Россия билан ҳамкорликдан кам аҳамият касб этмаслигининг ёрқин намойиши бўлди. Бу жуда муҳим жиҳат», – дейди А.Дубнов.

Таҳлилчи Путиннинг аксар меҳмонлари параднинг асосий рамзи – «георгий тасмаси»ни тақмаганига эътибор қаратган.

«Байрамда етакчиларнинг имо-ишоралари ҳам теран мазмун ташиди. (Сардор) Бердимуҳамедов, (Қосим-Жўмарт) Тўқаев ва (Никол) Пашинян кўкрагига «георгий тасмаси»ни тақмади. (Шавкат) Мирзиёев, (Садир) Жапаров ва (Александр) Лукашенко ўз мамлакатлари байроғини таққан ҳолда кўриниш берди. Фақат (Имомали) Раҳмон ва (Владимир) Путин «георгий тасмаси»ни тақди. Бу ҳам мустақил сиёсат намойишидир», – деб ҳисоблайди эксперт.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам МДҲ етакчилари дастлаб парад таклифини рад этгани, Путиннинг шахсан қўнғироғидан кейингина борганлари ҳақида ёзди.

«Бу давлат раҳбарлари қандай қилиб Москвага таклиф қилингани борасида деталлар энди чиқяпти. Бошида Россия ташқи ишлар вазири, вазирлиги чиққан ва давлат лидерлари «ишимиз кўпроқ эди»  деб игнор берган. Ноилож давлат раҳбарларига Путинни шахсан ўзи телефон қилиб «илтимос қилган». Тасаввур қиляпман: Путинни ўзи телефон қилиб, «Оғайни, келмасангиз бўлмайди... Мана бу украинлар мени дронда уриб ташламоқчи... Сизлар келиб, мени атрофимда ўраб ўтирмасангиз, аҳволим нима бўлади....» деб йиғлаган бўлса керак-да», – дея ўз фаразини илгари сурди К.Раббимов.

Аввал хабар берганимиздек, Украина ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиё президентларининг Москва парадидаги иштироки юзасидан норозилик билдирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг