Машҳур Женева автосалони энди ҳеч қачон ўтказилмайди
Европадаги йилнинг энг муҳим автомобилсозлик тадбири — машҳур Женева автосалони энди ҳеч қачон ўтказилмайди. Бу ҳақда Германиянинг N-TV нашри хабар берди.
Коронавирус пандемияси туфайли 2020-2022-йилларда автосалон ўтказилмаган, 2023 йилда эса Швейцарияда эмас, Қатарда ўтказилди. Тўрт йиллик танаффусдан сўнг бу йил Женевада ўтказилган автосалон эса ташкилотчиларнинг умидларини оқламади.
Ташкилотчиларнинг сўзларига қараганда, автомобилсозлик саноатида ноаниқлик ҳукмрон, Европадаги йирик ярмаркалар жозибадорлигини йўқотган. Шу боис улар Швейцариядаги майдонни ёпиб, автосалонни Қатарда ўтказишади.
«Бир томондан, соҳадаги мураккабликлар шароитида ишлаб чиқарувчилар Женева автосалонига қизиқмай қўйишди, иккинчи томондан, Париж ва Мюнхендаги кўргазмалар билан рақобатга бардош бериш қийин — маҳаллий автомобилсозлар ўз мамлакатларини танлашмоқда. Қолаверса, сармоя жалб этишдаги муаммолар Европада яна бир кўргазма ташкил этиш йўлида қизил чироқни кўрсатмоқда», — деди кўргазмани ташкил қилувчи компания президенти Александр де Сенаркленс.
Женева автосалони биринчи марта 1905 йилда ўтказилган ва қарийб бир аср давомида жаҳондаги энг муҳим автокўргазмалардан бири бўлиб келган. Европанинг эса биринчи рақамли автосалони эди.
Бироқ сўнгги йилларда автомобилсозларда ҳам, ташриф буюрувчиларда ҳам швейцар автосалонига қизиқиш сўниб борди. 2024 йилги кўргазма, айниқса, жуда файзсиз ўтди. Mercedes-Benz, BMW, Audi, Volkswagen, Toyota ва Hyundai сингари жаҳоннинг йирик автоконцернлари Женевага ташриф буюришмади. Томошага келувчилар фақат иккинчи ва учинчи тоифага мансуб Renault, Dacia, BYD, Lucid, MG ва IM ишлаб чиқарган янги машиналарни кўришди, холос.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter