Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машинанинг орқа ўриндиғи: фожеага айланган сукут

Машинанинг орқа ўриндиғи: фожеага айланган сукут

Фото: сунъий интеллект

Ёз чилласи бошланиб, иссиқлик рекордлари янгиланаётган кунларда кўпчилик соя-салқин жой қидиради. Аммо орамизда шундай “қопқонлар” борки, у ерда сониялар инсон ҳаётини ҳал қилади. Бу қуёш остида қолдирилган автомобиль.

Яқинда Қашқадарёда машинада унутилган тўрт ёшли қизалоқ фожеаси кўпчиликни қайғуга солди. Фарзандини эрталаб соғлом боғчага кузатган ота-онанинг аҳволини сўз билан таърифлаш имконсиз. Бу шунчаки бахтсиз ҳодиса эмас, балки ҳар йили дунё бўйича юзлаб гўдакларнинг умрига зомин бўладиган, илмий асосланган тизимли муаммодир. Дунёда ҳар йили юзлаб болалар машина ичида иссиқ уришидан  вафот этади. Биргина АҚШнинг ўзида ҳар йили ўртача 37-38 нафар бола мана шундай бепарволик қурбони бўлади. Бу фожиаларнинг 52-53 фоизида ота-оналар ёки тарбиячилар болани машинада мутлақо унутиб қолдиришган. 24 фоизида болалар ўзлари ўйнаб, очиқ машинага кириб, қайтиб чиқа олмай қолган. Фақат 22 фоиз ҳолатдагина ота ёки она болани машинада “онгли равишда” тезгина дўконга кириб чиқаман деб ташлаб кетишган.

Кўпчилик “Қандай қилиб машинадаги болани унутиш мумкин?” ёки “Беш дақиқага дўконга кириб чиқса нима қилибди, ойнаси очиқ-ку?” деб ўйлайди. Илмий тадқиқотлар эса бу хотиржамликнинг орқасида ўлим ва жиноят турганини исботламоқда.

Автомобиль қуёш тиғида қолганда оддий темир қути эмас, балки ҳақиқий печкага айланади. Сан-Франциско университети метеорологи Ян Налл олиб борган кўп йиллик илмий тадқиқотлар даҳшатли ҳақиқатни ошкор қилади. Яъни машина ичидаги иссиқликнинг энг катта ва хавфли қисми, деярли 80 фоизи дастлабки 20 дақиқа ичида йиғилади.

Ташқарида ҳарорат +35°C бўлганда, ёпиқ автомобиль ичи атиги 10 дақиқада +43°C га, ярим соатда эса +54°C гача кўтарилади. Машина ойнасини 5 см гача очиб қўйиш ички ҳароратнинг кўтарилиш тезлигига деярли ҳатто 1 даража ҳам таъсир қилмайди. Автомобиль кузови ва ойналари худди линза каби қуёш нурини ўзига ютади ва ичкарида ҳаво айланмагани сабабли иссиқлик қопқони юзага келади.

Нима учун бола организми бунга дош беролмайди?

Мутахассислар хулосаларига кўра, ёш болаларни иссиқ машинада қолдириш, уларни тўғридан-тўғри ўлимга маҳкум қилиш демакдир.

Катта ёшли инсонлар иссиққа дуч келганда терлаш ва нафас олиш орқали тана ҳароратини бошқара олади. Болаларда эса бу тизим ҳали тўлиқ ривожланмаган. Шу сабабли бола танаси катталарникига қараганда 3 баравардан 5 бараваргача тезроқ қизийди.

Боланинг ички аъзолари, хусусан, мия ва буйраклари тана ҳарорати +40°C га етганда стрессга тушади ва ишдан чиқа бошлайди. Ҳарорат +41.6°C га етганда эса қайта тиклаб бўлмайдиган жараёнлар бошланиб, ўлим ҳолати кузатилади. Иссиқ машина ичида бола жуда тез ҳушини йўқотади, шу сабабли у на йиғлай олади, на ойнани тақиллатиб ёрдам чақира олади.

“Дўконга бирровга кириб чиқаман” деган фикр эса фожеанинг бошланишидир. Бола ҳаёти сониялар ичида ҳал бўладиган жазирамада “тезда қайтиб чиқаман” деган хортиржамлик айнан фожеага биринчи қадам. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, болани машинада қолдириш бахтсиз ҳодиса эмас, балки онгли равишда қилинган жиноят ҳисобланади.

Машинани ўт олдириб, кондиционерни ёқиб кетиш ҳам ечим эмас. Техник носозлик сабабли двигатель ўчиб қолиши ёки энг даҳшатлиси, бола ухлаганда тасодифан узатмалар қутисига (коробкага) тегиб кетиши, уйғоқ бўлса ўйнаб тегиниши ёки машина ис гази билан тўлиши оқибатида фожиа юз бериши мумкин.

Инсон мияси қандай хато қилади?

Жанубий Флорида Университетининг нейробиология профессори Дэвид Даймонд инсон миясининг хусусиятларини ўрганиб, инқилобий хулосага келди. Бундай фожиалар фақат ёмон ёки бепарво ота-оналар билан содир бўлмайди. Бу тиббиётда “Машинадаги бола синдроми” (Forgotten Baby Syndrome) деб аталади.

Агар инсон кучли чарчоқ, сурункали уйқусизлик ёки стресс ҳолатида бўлса, мия бошқарувни тўлиқ автоматик режимга (одатлар хотирасига) топшириб қўяди. Ҳайдовчи машинани худди роботдек бошқариб ишхонасига етиб келади, мия эса режа бажарилди, деб ҳисоблайди. Агар бу вақтда орқа ўриндиқдаги бола ухлаб қолган ва овоз чиқармаётган бўлса, чарчаган мия уни шунчаки кўрмайди ва ўчириб қўяди. Профессор Даймонд буни “Фожиавий автоматизм” деб атайди. Бу инсон миясининг мана шундай хавфли панд бериш хусусияти борлигини, унга қарши назоратни кучайтириш кераклигини англатади.

Дунё бундай фожиаларга қарши қандай курашади?

Бутун дунё жамияти бу муаммони аллақачон глобал хавф деб тан олган ва унга қарши ҳам ҳуқуқий, ҳам технологик чораларни жорий этган.

2019 йилда Италия дунёда биринчи бўлиб ўта муҳим қонун қабул қилди. Унга кўра, 4 ёшгача бўлган болаларни ташувчи барча автомобилларда махсус болалар ақлли ўриндиқлари бўлиши шарт. Бу ўриндиқлар ҳайдовчи машинадан узоқлашганда ва бола ўриндиқда қолганда ҳайдовчининг телефонига баланд сигнал юборади. Бундай мосламаси йўқ ҳайдовчиларга жуда катта жарима солинади ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниши мумкин.

Американинг кўплаб штатларида (масалан, Калифорния, Флорида, Техас) махсус “Болаларни транспорт воситаларида қаровсиз қолдирмаслик тўғрисида”ги қонунлар мавжуд. Агар ота-она болани машинада қолдириб, дўконга кириб кетса ва буни полиция ёки йўловчилар сезиб қолса, бола соғ-саломат бўлган тақдирда ҳам ота-она дарҳол ҳибсга олинади. Уларга “Болани хавф остида қолдириш” айби қўйилади. Жазо йирик миқдордаги жаримадан тортиб, қамоқ ва энг ёмони, болани ижтимоий ҳимоя органлари томонидан олиб қўйилишига (ота-оналик ҳуқуқини чеклаш) олиб келиши мумкин. Энг муҳими, АҚШда “Яхши Самаритя” (Good Samaritan Laws) қоидаси ишлайди: кўчада кетаётган оддий йўловчи иссиқ машинада қолган болани қутқариш учун машина ойнасини синдиришга тўла ҳуқуқли ва бу ҳаракати учун у ҳеч қандай моддий ёки жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Канада қонунларига биноан 10 ёшга тўлмаган болани унинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф соладиган тарзда қаровсиз ташлаб кетиш (ҳатто қисқа муддатга бўлса ҳам) жиноят ҳисобланади. Бунинг учун 5 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.

Франция ва Германияда қонунчилик шу қадар қаттиқки, агар сиз ичида бола бўлган ёпиқ машинани кўрсангиз ва полиция чақирсангиз, улар етиб келгунча машина ойнасини синдиришга мажбурсиз. Агар кўриб туриб индамай ўтиб кетсангиз, сизни ҳам “хавф остида қолган шахсга ёрдам бермаслик” моддаси билан жавобгарликка тортишлари мумкин...

Қашқадарёдаги гўдакнинг фожиаси биз учун охиргиси бўлиши шарт. Бундай мудҳиш хатолар такрорланмаслиги учун нафақат қонунларни, балки кундалик одатларимизни ҳам тубдан ўзгартиришимиз зарур. Сабаби инсон мияси чарчоқ ёки стресс туфайли болани унутиб қолдириши мумкин.

Шундай экан, машинанинг орқа ўриндиғига болангиз борми, ўша ерга энг керакли буюмингизни — масалан, телефонингиз, ҳамёнингиз ёки иш ҳужжатларингизни ҳам бирга қўйинг. Машинадан тушаётганда миянгиз автоматик равишда ўша буюмларни қидиради ва орқага қайрилиб, уларни олаётганингизда болани кўрасиз. Бу оддий, аммо ҳаётий одат мияни мажбурий уйғотишга хизмат қилади.

Бироқ, фақатгина ота-онанинг ҳушёрлигига суяниб қолиш камлик қилади. Боғча ва мактабларда мажбурий “давомад ва қўнғироқ” тизимини жорий қилиш лозим. Ҳар бир мактабгача таълим муассасаси ва мактабда қатъий қоида бўлиши керак: агар бола эрталаб соат 9:00 гача дарсларга, машғулотларга келмаса ва ота-онаси бу ҳақда олдиндан хабар бермаган бўлса, тарбиячи ёки масъул ходим биринчи 15-30 дақиқа ичида ота-онага қўнғироқ қилиб, боланинг қаердалигини суриштириши шарт. Бу тизим “автоматизм” қурбони бўлган ҳайдовчини қутқариш учун энг самарали тизимли ҳалқадир.

Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини кучайтириш учун фуқароларга машина ойнасини синдириш ҳуқуқи ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим. Қонунчилигимизда иссиқ кунларда машина ичида қаровсиз қолдирилган бола (ёки ожиз аҳволдаги шахс) ҳаётини қутқариш учун автомобиль ойнасини синдирган шахсларни моддий ва ҳуқуқий жавобгарликдан озод қилиш нормасини аниқ белгилаб қўйиш керак. Одамлар “машина эгаси мени судга беради” деб қўрқмаслиги, инсон ҳаёти темирдан устун туриши лозим.

Технологик томондан эса, хавфсизлик тизимини киритиш учун автомобиль ишлаб чиқарувчилар ва юртимизга машина олиб кирувчи дилерлар янги моделларда орқа ўриндиқ назорати тизимини мажбурий базавий функция сифатида ўрнатишлари керак. Бу тизим ҳайдовчи машинани ўчириб, эшикни очганда “Орқа ўриндиқни текширинг!” деган баланд овозли ёки визуал огоҳлантиришни беради.

Зеро, машинанинг орқа ўриндиғини текшириш ҳар биримиз учун қонундан кўра кучлироқ ички буйруққа айланиши шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг