Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Масофавий таълим - инновацион таълим муваффақияти

Масофавий таълим - инновацион таълим муваффақияти

Янги ютуқлар ёки инновациялар инсоннинг ҳар қандай касбий фаолиятига хос бўлиб, шу боис уларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва амалиётга жорий этиш табиий жараён ҳисобланади. Инновациялар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди; улар илмий изланишлар, олимлар ҳамда педагогик жамоаларнинг илғор тажрибалари натижасида вужудга келади. Бу жараён ўз-ўзидан юзага чиқмайди, балки тизимли бошқарув ва режалаштирилган ёндашувни талаб этади.

Олий таълимда яхлит педагогик жараённи амалга ошириш бўйича инновацион стратегия контекстида олий таълим муассасаси ўқитувчиларининг ролини сезиларли даражада ошириш лозим бўлади, чунки улар инновацион жараёнларни тўғридан-тўғри амалга оширувчи асосий фигуралар ҳисобланадилар.

Таълим технологиялари турли ва хилма-хил бўлишига қарамай — масалан, дидактик, компьютерлашган, муаммоли, модулли ва бошқалар — асосий педагогик жараёнларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, барибир, ўқитувчиларнинг салоҳияти ва фаолиятига боғлиқдир.

Замонавий технологияларни ўқув жараёнига жорий этиш натижасида ўқитувчи анъанавий маъруза қилувчи эмас, балки маслаҳатчи, йўл кўрсатувчи ролини тобора кенгроқ ўзлаштира бошламоқда. Бу эса улардан махсус психологик ва педагогик тайёргарликни талаб этади, чунки педагогнинг касбий фаолиятида нафақат таълим ва психология соҳаларидаги махсус билимлар, балки таълим технологиялари ва уларни самарали қўллаш кўникмалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Айнан шу билим ва кўникмалар асосида ўқитувчининг педагогик инновацияларни қабул қилиш, баҳолаш ва амалиётга жорий этишга бўлган тайёрлиги шаклланади.

Инновация восита ва жараён сифатида қандайдир янгини жорий этишни назарда тутади. Педагогик жараён нуқтаи назаридан, хусусан, профессионал таълимда инновация таълим мақсадлари, мазмуни, ўқитиш усул ва шакллари, ҳамда ўқитувчи ва талабалар ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятини ташкил этишга янгилик киритишни англатади.

Илгари жамият тараққиёти асосан технологиялар соҳасида намоён бўлган бўлса, бугунги кунда ундаги асосий ютуқлар ахборот соҳасида тўпланмоқда. XXI аср — ахборот асри деб ҳисобланади, ҳозирги тараққиёт босқичи эса телекоммуникациявий давр сифатида тавсифланади.

Ишлаб чиқариш комбинациялари мунтазам янгиланиб турган айни замонда  профессионал билимлар жуда тез эскиради, уларни доимий равишда янгилаб ва такомиллаштириб бориш зарур. Хўш, ишлаш билан бирга бутун умр давомида таълим олиш мумкинми?

Айнан шу эҳтиёж, яъни билимни доимий равишда янгилаб бориш зарурати, шунингдек ахборот ва компьютер технологияларининг вужудга келиши масофавий таълим тизимининг яратилишига сабаб бўлди. Сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистонда масофавий таълим технологиялари жадал ривожлана бошлади.

Масофавий таълимнинг илдизлари XVIII аср охирида Европада пайдо бўлган. Бу даврда оммавий ва мунтазам почта алоқаси йўлга қўйилиши натижасида корреспондентлик алоқалари орқали таълим шакли вужудга келган. Ўқувчилар дарс материалларини почта орқали олишган, ўқитувчилар билан ёзишма тарзида мулоқот қилишган ва имтиҳонларни ишончли шахсга топшириш ёки илмий иш сифатида тақдим этиш орқали топширишган.

XX аср бошларида телеграф, телефон, кейинчалик эса радио ва телевидениенинг пайдо бўлиши масофавий таълим усулларига жиддий ўзгаришлар киритди. Ўқув аудиторияси юзлаб марта кенгайди. Кўпчилик мустақилликнинг дастлабки йилларида телевиденияда намойиш этилган таълимий кўрсатувларни ҳали ҳам эслайди.

Бироқ радио ва телевидениенинг асосий камчилиги шунда эдики, ўқувчида ўқитувчи билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, савол бериш ва жавоб олиш имконияти мавжуд эмас эди.

XXI асрда шахсий компьютерлар ва интернетнинг оммалашуви билан ҳар қандай ўқувчи, қаерда бўлишидан қатъи назар, ўқитувчи билан мулоқот қилиш, савол бериш ва фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.

«Тезкор интернет» технологияларининг кенг тарқалиши таълимда қуйидаги имкониятларни жорий этишга замин яратди:

  • аудио ва видео трансляциялар;
  • аудио ва видео конференциялар;
  • интернет-конференциялар ва онлайн эфирлар;
  • шунингдек, таълим жараёнларини имитация қилувчи онлайн симуляторлар ва менежмент ўйинлари.

Бундай ўйинлар ва симуляторлар кичик корхоналардан тортиб, йирик компанияларгача бошқариш бўйича асосий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.

Хўш, масофавий таълим нима?

Масофавий таълим — бу ўқув материалларини ўрганувчига етказиш, таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида интерактив ҳамкорликни таъминлаш, шунингдек, билимларни ўзлаштириш даражасини назорат қилишга хизмат қилувчи ахборот ва коммуникация технологиялари (АКТ) мажмуасидир. Бундай назорат турлари сифатида тестлар, мантиқий схемалар, тест-тренинглар, синовлар ва имтиҳонлар каби шакллар қўлланилади.

Масофавий таълимнинг асосий таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:

  • Интерактив мулоқот — ўқувчи ва таълим воситаси (платформа, дастур, ўқитувчи) ўртасида тўғридан-тўғри алоқа;
  • Ўқув ахборотини компьютер орқали визуализация қилиш — яъни маълумотни график, видео, анимация ёки интерактив шаклда тақдим этиш;
  • Катта ҳажмдаги маълумотларни архивлаш, сақлаш, узатиш ва қайта ишлаш имконияти;
  • Ахборот-қидирув фаолияти ва методик таъминлаш жараёнларини автоматлаштириш;
  • Ўқув материалини ўзлаштириш даражасини баҳолаш ва мониторинг қилиш воситалари.
  • Масофавий таълимнинг асосий воситалари — турли хил ахборот технологияларидир. Улар қаторига компьютерлар, компьютер тармоқлари, мультимедиа тизимлари ва бошқа шунга ўхшаш технологиялар киради.

Таълим жараёнида ахборот ресурсларига тезкор ва масофавий кириш имконияти таъминланади. Бу эса тингловчига интерактив равишда турли масофада жойлашган маълумотлар базалари, ахборот-маълумот тизимлари ва кутубхоналардан фойдаланиш, шунингдек, муайян фанни чуқур ўрганиш жараёнида зарур маълумотларга эга бўлиш имконини беради.

Масофавий таълим тизимида бутун ўқув жараёни фанлар тўплами кўринишида ташкил этилган. Ҳар бир фан бир нечта модулдан иборат бўлиб, модуллар маълум бир фан соҳасига мос келадиган, мантиқий жиҳатдан тугалланган ахборот блокларидир. Бу усул мустақил ўқув курсларидан фойдаланган ҳолда индивидуал ёки гуруҳ эҳтиёжларига мос ўқув режаларини шакллантириш имконини беради.

Ҳар бир модул бир нечта маърузадан ташкил топган. Маъруза материаллар тингловчиларга рақамли форматда, яъни слайд-лекциялар кўринишида тақдим этилади. Ушбу слайдлар педагогик дизайн асосида тайёрланган бўлиб, ўқувчининг диққатини фаоллаштиради ва материални яхши ўзлаштиришга ёрдам беради.

Ўқув жараёнида барча керакли ва фойдали ахборот бирлаштирилган, тизимлаштирилган ва содда ҳамда тушунарли тилда баён қилинган. Ҳар бир лекциядан сўнг тингловчи тест топшириши керак. Агар ўқув дастурида кўзда тутилган бўлса, мантиқий схема ёки тест-тренинг ҳам топширилади.

Ҳар бир модулни тўлиқ ўзлаштиргандан сўнг, унга оид модул тестини топшириш талаб этилади. Бу тестдан ўтмасдан кейинги модулга ўтиш мумкин эмас. Барча модуллар ўзлаштирилгандан сўнг эса ушбу фан бўйича якуний назорат — синов ёки имтиҳон тестлари очилади.

Масофавий таълим (МТ) бозорини қуйидаги сектормаларга ажратиш мумкин:

  1. Корпоратив сектор

Корхоналар ўз тузилмаларида масофавий таълим марказларини ташкил этиш орқали ходимларнинг тайёргарлигини стандартлаштириш, арзонлаштириш ва сифатини оширишга эришмоқдалар. Ходимлар керакли тренинглар, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ўз ташкилоти доирасида, ҳатто иш жойини тарк этмасдан ўтадилар. Бу корпоратив таълимга кетадиган харажатларни сезиларли даражада камайтиради. Уларни ҳар қандай соҳада — хавфсизлик техникасидан сотув стратегияларигача, креативлик тренингларидан тортиб янги ускуналарнинг техник жиҳатларигача — ўқитиш мумкин.

  1. Таълим сектори

Олий ва ўрта таълим тизимида масофавий таълим профессионал, қўшимча ва аспирантура таълими ҳамда малака ошириш имкониятларини кенгайтириб беради.

  1. Бошқарув сектори

Давлат ва маҳаллий ҳокимият органларида ишловчи кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнларини ташкил этишда қўл келади.

Масофавий таълимнинг талабалар учун асосий афзалликлари

Даступлик (қўлланиш имконияти) — Интернетга уланган компьютер мавжуд бўлган исталган жойда (уйда, ишда, сафарда) таълим олиш мумкин. Таълим марказининг жойлашувига боғлиқ эмас.

Ижтимоий тенглик — Масофавий таълим барчага тенг таълим олиш имкониятини яратади: яшаш жойи, молиявий аҳволи, ёш ёки соғлиғидан қатъи назар.

Сифатли таълим — Юқори малакали ўқитувчилардан таълим олиш, доимий маслаҳатлар, билим ўзлаштирилишининг мониторинги, талабалар ўртасида доимий мулоқот имконияти яратилади. Бу гуруҳ бўлиб ишлаш кўникмаларини (масалан, курс иши) шакллантиришга имкон беради.

Индивидуаллаштирилган ёндашув — Ҳар бир талабага шахсий ўқув дастури, ўқув режа, дарс жадвали ва фанларнинг ўрганиш тартиби, суръати мослаштирилади. Бу ишбилармонлар, ёш оналар ва ногиронлар учун жуда қулай.

Объектив баҳолаш — Билимлар баҳолаш тизими ўқитувчининг субъектив фикрига боғлиқ эмас, холис ва автоматлаштирилган. “Инсон омили” таъсири камаяди.

Инновацион ёндашув — Энг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали талабалар уларни ўрганади ва амалиётда қўллаш имконига эга бўлади.

Иқтисодий самарадорлик — Таълим муассасаларини сақлаш, ижара тўловлари, транспорт ва вақт харажатлари камаяди. Барча керакли ўқув материаллари электрон шаклда тақдим этилади. Конспект кўчиришга ҳожат қолмайди. Видео-лекцияларни исталганча кўриш мумкин.

Узлуксизлик — Бир босқични ўзлаштирган талаба осонлик билан кейинги босқич дастурига ўтиши мумкин.

Мобиллик — Ўқитувчилар ахборотни ҳар куни янгилаб боришлари мумкин. Бу талабаларга долзарб, замонавий маълумотларни ўрганиш имконини беради ва уларни бозор талабларига мос мутахассисга айлантиради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, масофавий таълим талабаларга анъанавий бўлмаган ахборот манбаларидан фойдаланиш, мустақил иш самарадорлигини ошириш, ижодий имкониятлар ва турли касбий кўникмаларни ривожлантириш имкониятини яратади. Ўқитувчилар эса янги педагогик ютуқларни, концептуал ва математик моделлаштиришни жорий этиш орқали таълимни замонавий услубда ташкил этишлари мумкин.

Зулфия Жуманиязова
Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг