Тарихий факт: Мессининг қўлидаги чақалоқ — Ламин Ямал
Яқинда Ламин Ямалнинг отаси ижтимоий тармоқларда сурат жойлади: ҳали олти ойлик ҳам бўлмаган Ламинни Лионел Месси чўмилтирмоқда.
Жуда ажабланарли тасодиф - бу фотолар сохта эмасми? Йўқ, сохта эмас. Бу ҳақиқатан ҳам 2007 йилда содир бўлган.
2007 йил декабрь ойида Жоан Монтфорт ушбу фотони суратга олган.
Бу «Барселона» ва Diario Sport ўртасидаги хайрия лойиҳаси учун олинган сурат эди: у 2008 йилги тақвимда чоп этилган, тушган маблағ эса Каталониядаги хайрия ташкилотлари ва ЮНИСЕФга ўтказилган.
Ямал туғилганида Месси аллақачон Испания чемпиони ва Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган эди.
Ямал 2007 йил 13 июлда туғилган, декабрь ойида у беш ойлик эди. Месси ўша пайтда «Барса»нинг асосий жамоасида тўртинчи мавсумини ўтказаётган эди. Бу вақтга келиб у икки марта Ла Лига ва бир марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганди.
Ламин етти ёшида «Барселона» академиясига ўқишга кирди. Бу вақтга келиб Месси аллақачон Испаниянинг олти карра чемпиони бўлган, Чемпионлар лигасида уч бор ғолиб чиққан, бир мавсумда 73 та гол урган ва тўртта «Олтин тўп»ни қўлга киритган эди.
Ямал 12 ёшга тўлганида, Marca нашри у ҳақида мақола ёзиб, уни Мессининг нусхаси деб таърифлайди ва академиянинг энг яхши футболчиси эканини қайд этади.
Эндигина 15 ёшга тўлган Ямални Хави асосий жамоа билан машғулотларга чақиради. Орадан бир йил ўтиб Ямал «Барселона»нинг асосий таркиб футболчисига айланади, ҳозир эса у Испания терма жамоасининг етакчиси.
Тақдирни қарангки, бу кеча Месси ҳам, Ямал ҳам терма жамоалари сафида муҳим голларни уришди ва финалга йўл олишди. Бири Америка кубогида, иккинчиси Европа чемпионатида. Агарда финалда ҳам ғалаба қозонишса, Ямал ва Месси кейинги йили «Финалиссима» (икки қитъа чемпионлари баҳси) да ўзаро дуч келишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter