«Meta» болаларга зарар бўйича суд даъволаридан ҳимоя йўлларини изламоқда
«Meta Platforms» компанияси АҚШ Конгрессида ижтимоий тармоқлар орқали вояга етмаганларга етказилган эҳтимолий зарар бўйича даъволардан ҳуқуқий иммунитет бериш ташаббусини илгари сураётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги манбалар ва қонунчилик лойиҳасига таяниб хабар қилди.
Гап АҚШ Сенатида кўриб чиқилаётган «Болаларнинг онлайн хавфсизлиги» қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Таклиф қабул қилинса, болалар хавфсизлиги билан боғлиқ минглаб суд ишларига таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳозирда «Meta» ва «YouTube» ёш фойдаланувчилар ҳамда уларнинг оилалари томонидан қўзғатилган кўплаб даъволарга дуч келмоқда.
«Meta» вакили Стефани Отвейнинг таъкидлашича, таклиф мавжуд суд ишларини бекор қилиш ёки компанияларга тўлиқ иммунитет беришни назарда тутмайди. Унинг сўзларига кўра, мақсад болаларнинг онлайн хавфсизлиги бўйича ягона миллий стандартларни шакллантиришдан иборат.
«Reuters» кўрган таклифга мувофиқ, онлайн платформалар 18 ёшгача бўлган шахсларнинг хавфсизлиги ва махфийлиги билан боғлиқ айрим даъволар бўйича штат қонунлари асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Бу ташаббус ҳуқуқшунослар ва жамоат ташкилотлари орасида баҳсларга сабаб бўлди. Американинг Суд адлияси ассоциацияси вакили Жулия Дункан бундай норма қабул қилинса, болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб суд ишлари ўз кучини йўқотиши мумкинлигини билдирди.
Манбаларга кўра, «Meta» мазкур нормани қонунга киритиш эвазига «Kids Online Safety Act» лойиҳасига бўлган қаршилигидан воз кечишга тайёрлигини билдирган. Бироқ қонун муаллифларидан бири бўлган сенатор Марша Блэкберн бундай таклифни кўрмаганини ва уни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.
Қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқ компанияларини болалар учун зарарли бўлиши мумкин бўлган функциялар бўйича эҳтиёт чораларини кучайтиришга мажбурлайди. Улар қаторига чекланмаган лента, доимий хабарномалар ва ташқи кўринишни ўзгартирувчи фильтрлар киради.
Жорий йил бошида Калифорниядаги суд ишларидан бирида даъвогар томон «Meta» ва «YouTube» ушбу функцияларнинг ўсмирларда қарамлик келтириб чиқариш эҳтимолини билган ҳолда улардан фойдаланганини таъкидлаган. Компаниялар мазкур қарор устидан шикоят бериш ниятида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter