МФЙ+ МИБ = самара!
Тошлоқ туманида 70 та, Қувасой шаҳрида 23 та, Ўзбекистон туманида 18 та оила ўзаро яраштирилди, — деб хабар бермоқда «Xabar.uz»га Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Фарғона вилояти бошқармаси.
МИБ Тошлоқ туман бўлими томонидан 2018 йилнинг 12 ойида фуқаролик ишлари бўйича судларнинг алимент ундириш ҳақидаги 1500 дан ортиқ ижро иши ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилган бўлиб, ўтказилган тарғибот ишлари натижасида 70 та оила ўзаро ярашиб олди.
МИБ Тошлоқ тумани бўлими давлат ижрочиси М.Алижонов томонидан ўзига бириктирилган ҳудудда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари иштирокида ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида 10 нафар оила тикланди. Натижада туман ҳокими М.Алижоновга фаоллар иштирокида «Ташаккурнома» топширди.
Оилаларни яраштириш — ўта нозик ва бир қадар мутлақо хусусий масала. Бу жараёнда томонларнинг кўнглига йўл топиб, муросаи мадорага келтириш айтишга осон. Маҳалла фуқаролари йиғини мутасаддиларининг бу борада амалга ошираётган ишларини эътироф этмаслик ноинсофлик бўлади. Ўз набатида, МИБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. Рост-да, МИБ асосий вазифаси — суд ҳужжатларини ижро этиш билан чекланган тақдирда ҳам ҳеч ким эътироз қилолмайди. Шунга қарамай тарғибот ишларида фаол қатнашган ҳолда томонларни муросага келтиришдек хайрли ишга бош қўшиб, бундан самара бўлмоқдами, демак, буни фақат олқишламоқ керак.
Пировардида эслатмоқ жоиз: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474‑моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шарифа Мадраҳимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter