Миллий гвардияда «Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма» аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тизимида «Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма» кўрик танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган эзгу ғоя остида ўтказилаётган кўрик-танловда янги Қуролли Кучлар тизимида Саф низоми кўринишлари гвардиячилар томонидан амалда бажариб кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг жорий йил 14 февралда эълон қилган фармонига мувофиқ Қуролли Кучлар тизимида янги Саф низоми ишлаб чиқилди. Ушбу Саф низоми асосида Қуролли Кучлар куч тузилмалари ичида илк маротаба Миллий гвардия тизимида «Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма» кўрик-танлови 3 босқичда, яъни ҳарбий қисмлар, минтақавий ва республика босқичи кўринишида бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирнинг республика босқичи Жамоат хавсизлиги университети базасида ўтказилиб, унда иштирок этган 11 жамоанинг саф қоидаларини ўзлаштирганлиги баҳоланди. Мусобақа жараёнларида якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш, саф қўшиғини тантанали айтиб ўтиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали махсус саф усуллари каби шартлар амалда бажарилди.
Кўрик-танлов ғолиблари иштирокидаги тантанали маросим «ЖАР» спорт мажмуасида бўлиб ўтди.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар ҳарбий оркестр иштирокидаги мусиқали тароналар ҳавола этилди.
«Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма» кўрик танловининг республика босқичига етиб келган ва муносиб иштирок этган жамоалар томонидан саф низомига киритилган янги саф усулларини моҳирона бажарилиши ва Фахрий қоровул батальони жамоасининг намунали саф чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Мазкур кўрик-танловда тизимдаги гвардиячи қизлар ҳам фаол иштирок этишди.
Якунда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, 3-ўрин — Миллий гвардия Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари жамоаларига насиб этган бўлса, 2-ўринни — Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди, фахрли 1-ўринни — «Шер» жамоаси эгаллади.
Ғолиблар диплом ва пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter